Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Нарх-наво тожикистонликларни чарчатяпти


Тожикистон Давлат статистика қўмитаси тарқатган расмий маълумотларга кўра, мамлакат бозорларида саноат моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сўнгги тўрт ой давомида 30 фоиз қимматлаган.

Ҳукумат расмийларининг таъкидлашича, ўтган қишда энергетик инқирозга юз тутган Тожикистонда саноат корхоналари иши тўхтаб қолгани, қимматлаган маҳсулотларнинг аксарияти четдан киритилаётгани нарх ошишининг асосий сабабидир.

Бироқ оддий тожикистонликлар бу масаланинг бир томони эканини, аслида мамлакат корхоналари хорижий сармоядорлар ихтиёрига ўтгач, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархи ҳам ошиб кетганини таъкидламоқда.

Бир вақтлар етакчи саноат корхоналаридан саналган “Тожиктекстил” корхонаси ҳозир россиялик ва польшалик сармоядорлар ихтиёридадир. Аҳоли пахтали оддий матолар нархи ошишида бош омил сифатида айнан шу жиҳатни кўрмоқда. Натижада савдогарлар чит ва сатин каби матоларни қўшни Ўзбекистондан олиб келмоқда. Аммо бу каби маҳсулотларнинг катта қисми мамлакатга ноқонуний, яъни контрабанда йўли билан олиб кирилаётир.

Тожикистон Давлат божхона қўмитаси вакили Зафар Гадоев саноат моллари ва озиқ-овқат контрабандасига ўзбекистонликлар ҳам аралашаётганини билдирди.

“Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош туманлари фуқароларига уч кеча-кундуз давомида Тожикистонинг чегараолди туманлари бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланишга рухсат бор. Аммо улар қоидани бузиб пойтахт бозорларига кириб келади. Идорамиз Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари билан бу каби қонунбузарларга қарши зарур чоралар кўрмоқда”,- деди Зафар Гадоев.

Яқинда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, мамлакатга ноқонуний равишда маҳсулот олиб киришга уринган ўзбекистонлик 15 фуқаро қўлга олиниб, қамаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG