Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:45

Илмдан кўра ҳашамати кўпроқ мактаблар


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:MtwcIbjBk_gExM:http://buxorovxtb.zn.uz/files/bx.jpg Ўзининг совет ўтмишидан узоқлашаëтган Ўзбекистон пойтахтида евро ëки доллар тўлаб ўқиладиган xусусий мактаблар кўпаймоқда. Бу мактабларда бир йиллик ўқиш нархи Европа ва АҚШдагидан ҳам баланд экани кузатилади.

Тошкент марказидаги таълим рус тилида олиб бориладиган 17 ва 50-мактаблар остонасидан ичкари ҳатлаш оддий ўзбеклар учун мушкул бўлмоқда.

Ëзувчи Ўткир Ҳошимов ëзганидек, боласини етаклаб бу мактабга элтган оддий ўзбекнинг ë зари, ë зўри бўлиши керак.

Юксак савияда таълим олиш имкони Тошкент марказида яшовчи тор ва ëпиқ халқа ичидаги оз сонли бой табақа зурриëдларига оид бўлиб қолмоқдами?

Чор даврида Тошкентдаги томошабоғ эшигига “итлар ва сартлар кирмасин”, деган ëзув илинган эди.

Минг-минглаб оддий ўзбеклар учун конституцияда кафолатланган таълим олиш ҳуқуқи эришилмас орзу каби қолмоқда.

Холида опа деган танишимиз қизини қўлидан етаклаб Тошкент марказидаги мактабга олиб борди. Мактабнинг Холида опа яшаëтган ҳудуд ичида бўлгани қизчага бу мактабда ўқиш ҳуқуқини берарди. Аммо қизчани мактабга олишмади.

“Биласизми, мактабимиз дипломатия университетига кадр етказиб беради. Сиз эгаллаган мавқе бизга тўғри келмайди”,- дейишганини айтади Холида опа.

Ўз ҳақини таниган Холида опа қизини мактабга кирита олди. Аммо минг-минглаб бошқа ўзбеклар табақалашув боис болаларини мактабларга жойлаштира олмади.

Оддий ўзбек оиласидан чиққан болаларнинг сифатли таълим олишига тўсиқ бўлаëтган омиллардан бири ўқиш учун тўланадиган нархнинг катталиги бўлиб қолмоқда.

Тошкент вокзалига яқин Сарикўл кўчасида халқаро мактаб очилган.

Мактаб ходимининг сўзларига кўра, мактабга кириш учун ариза тўлдиришга 500 доллар тўланади. Инглиз тилини ўргатгани учун яна 500 доллар тўланади.

“Ундан сўнг олтинчидан ўнинчи синфга қадар 15 минг 900 доллар, агар катта синф бўлса, 16700 доллар тўланади”,- деди мактаб ходими ва қўшимча тўловлар билан таълим баҳоси 19 минг долларгача боришини қўшимча қилди.

У мактабда, асосан, элчихона ходимларининг болалари ўқишини, бу ерда криминал авторитетларнинг ҳам фарзандлари ўқиши ҳақидаги овозалар эса ёлғон эканини билдирди.

Сарикўл кўчасидаги халқаро мактаб совет даврида қурилган ўрта мактаб биносида жойлашган. Мактаб эгалари янгидан иморат ҳам тикламаган. Мактаб ҳақи ҳам тўғридан тўғри Америкага тўланар экан.

“Мактабимиз ҳозирча Халқ таълими вазирлигининг лицензиясига эга эмас. Аммо мактабимиз халқаро бўлгани боис, АҚШ ва Европада биз берган диплом инобатга олинади. Бизда маҳаллий тил ўргатилмайди. Тошкентда ҳамма русча гапиради, русча тушунади. Бизда ўзбек тили йўқ, рус тили бор”,- деди мактаб ходими.

Педагог олим Абдулла Абдураззоқ Тошкентдаги йилига 19 минг доллар тўланадиган мактабда лоақал факультатив тарзда ҳам ўзбек тили ўқитилмаслиги яхши эмас, деб ҳисоблайди.

“Мана буниси буюк хатолардан биттаси. Биз давлат тилини қабул қилишда қанча жомбозлик кўрсатган эдик”,- деди А.Абдураззоқ.

Унинг фикрича, хусусий пуллик мактаб мавжудлигининг салбий ва ижобий тарафлари бор.

“Албатта, камбағалларга ва пули йўқларга қийин бўлиш томони бор. Энди улар давлат томонидан ҳимояланган бўлиб, уларга давлатнинг умумтаълим мактаблари, боғчалари бўлаверади. Сиртдан қараганда, ҳаммасини тенг қилиш яхшидек кўринади. Лекин бу дунëда беш қўл баробар бўлмаган”,- деди А.Абдураззоқ.

Ўзбекистонлик академик олим Бек Тошмуҳаммедов назарида, бу қадар қиммат мактабларнинг бўлиши маҳаллий шароитга тўғри келмайди.

“Бундай мактаблар умумиятла бизнинг аҳолимиз учун тўғри келмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ким бир йилда рўзғоридан орттириб мактабга 15–20 минг доллар тўлай олади? Ўзбекистонда ўрта таълим бепул ва давлат ҳисобидан амалга оширилади. Бепул бўлса-да, ўзларига хос мақом ясаб олган 17 ва 50-мактабларда эса аслида таълим ҳаминқадар. Улар ўзларини шунақа мақом соҳиби қилиб кўрсатади. Масалан, невараларим 17-мактабда ўқийди. Улар олган билим жуда оз”,- деди академик.

Унинг таъкидлашича, шаҳар марказидаги мактабларда илмдан кўра ҳашамат кўпроқ.
XS
SM
MD
LG