Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:49

Меҳнат муҳожирларининг Қозоғистонга келиши қийинлашади


Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Қозоғистонда чет элликларни ишга жалб қилиш бўйича янги мезонлар жорий этиладиган бўлди. Расмийлар эндиликда Қозоғистонга келаётган меҳнат муҳожирларининг маълумоти, иш стажи ва улар ихтисосига бўлган талаб эътиборга олинишини айтмоқда.

Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири Бердибек Сапарбоевнинг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли ўртасидаги ишсизлар сони кўплиги баробарида сўнгги пайтларда Қозоғистонда кузатилаётган молиявий инқироз ҳам маҳаллий иш берувчиларнинг четдан келаётган ортиқча ишчи кучига аввалгидек талаби йўқлигини кўрсатмоқда.

Бироқ вазирнинг бу сўзлари маҳаллий иш берувчиларни қувонтирмаган кўринади. Чунки уларнинг аксарияти Қозоғистонда четдан келаётган арзон ишчи кучига талаб катталигини таъкидламоқда.

“Четдан келаётган ишчи кучи Қозоғистонга кириши керак, усиз бўлмайди. Ҳозир чиндан ҳам мамлакатда молиявий инқироз кузатиляпти, бироқ бунга ҳукуматнинг ўзи айбдор. Биз хорижий фуқароларни ишлатишдан манфаатдормиз, чунки улар озгина ҳақ эвазига ишлайди, устига-устак ўз ишини тоза ва ҳалол бажаради. Биз ҳукуматнинг бундай қароридан норозимиз”,- дейди маҳаллий иш берувчилардан бири.

Бироқ расмийлар Қозоғистон ҳудудини меҳнат муҳожирларидан тозалаш амалиётини давом эттиряпти. Масалан, куни-кеча Жамбил вилояти прокуратураси матбуот хизмати мамлакат миграция қонунчилигига зид равишда ишлаб юрган ўзбекистонлик ва қирғизистонлик 15 фуқаро ўз юртига депортация қилинганини маълум қилди.

Аммо кузатувчилар расмийларнинг меҳнат муҳожирларини ишга жалб қилиш бўйича кўражак чоралари мамлакатда юзага келган молиявий инқироз ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги ишсизлик муаммосини ечишга ёрдам бера олмайди, деб ҳисоблайди. Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг мигрантлар иши бўйича мутахассиси Виктория Тюленева ана шундай фикрловчилардан.

“Илгари Қозоғистонга чегара постлари орқали қонуний ўтган кишилар бу борадаги қонунчилик кучайтирилиши оқибатида чегарадан ноқонуний ўтишига эришамиз, холос. Қозоғистонга аввал қанча одам келган бўлса, бундан кейин ҳам шунча келаверади”,- дейди В.Тюленова.

Қўшни давлатда тирикчилик қилиб юрган баъзи ўзбекистонликлар ҳам Қозоғистон расмийларининг мамлакатга меҳнат муҳожирлар келишини қаттиқ назорат қилишга қаратилган қаттиқ чоралари фойда бермаслигини таъкидламоқда. Шунга қарамай, меҳнат муҳожирларини ёллашга талаблар кучайтирилиши, аввало, қўшни давлатлар, жумладан, ўзбекистонликлар учун кўп қийинчиликлар туғдиришини билдирди.

“Ўзбекистонликлар қийналиб қолади. Хафа бўлмасин-ку, ҳаммаси мана шу ерда юрибди. Бу ерга киргизмаса, Россияга боради. Айланма йўллар билан келаверади. Одамлар барибир йўлини топади. Одамлар чумолига ўхшайди, бу ердан ёпиб қўйсанг, бу ердан ўтади”,- дейди ўзбекистонлик суҳбатдошлардан бири.
XS
SM
MD
LG