Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:39

Давлат корхонаси нархни сунъий кўтаришда айбланди


Ўзбекистоннинг Қашқадарë вилоятида жойлашган “Шўртангазкимё” давлат корхонаси раҳбарияти газ нархларини оширганликда айбдор топилиб, корхона аксилмонополия қонунини бузгани учун жаримага тортилди.

Монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси мулозими Хуршид Шамсиддиновнинг айтишича, биржа орқали сотиладиган маҳсулотларнинг нархи эркин бўлиб, унга талаб ошиб кетса, нарх ҳам кўтарилади.

“Нарх ҳамда маҳсулотлар белгиланган миқдорда биржага чиқарилиши назорати қўмитамиз зиммасига юкланган. Декабрь ойида мавжуд ҳолатни ўрганганимизда маълум бўлдики, корхона газни биржа савдосига қўйишни қанчадир муддатга тўхтатган. Шунинг ҳисобига газ нархи ошган ва бунинг орқасидан корхона қўшимча фойда олган. Биз кунлик нарх ва газ биржага чиқарилмаган вақтдаги нархни ҳисоб-китоб қилиб, орадаги фарқ 141 миллион сўмни ташкил этганини ҳисоблаб чиқдик ва шунча жарима белгиладик”,- деди Хуршид Шамсиддинов.

Унинг билдиришича, ҳозирча бундай чора фақат “Ўзбекнефтгаз” таркибидаги “Шўртангазкимё” мажмуига нисбатан белгиланган. Чунки корхона ўзининг устунлик мавқеидан фойдаланган.

“Нархлар ошиши орқасидан корхонага қўшимча даромад келади. Лекин корхона бундай ҳолатларда маҳсулотни биржага қўймай, сунъий танқисликни келтириб чиқариб даромад олиш ҳаракатида ҳам бўлиши мумкин. Биз шундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрамиз”,- деди Хуршид Шамсиддинов.

Монополияга қарши кураш қўмитаси қарори юзасидан корхонанинг Қашқадарë вилояти хўжалик судига берган шикоят аризасига қарамай, қўмита қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

“Айни пайтда корхонада ишлар тўхтаган. Ҳозир ҳеч нарса чиқмаяпти. Тахминан 2 ойларда чиқса чиқади, бўлмаса йўқ”,- деди “Шўртангазкимё”нинг Тошкентдаги вакили.
XS
SM
MD
LG