Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Тожикистонликлар мол-мулкини расмийлаштиришга шошилмаяпти


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “Фуқаролар ва юридик шахслар мол-мулкини расмийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг амал қилиш муддатини олти ойга узайтиришга қарор қилди.

Мазкур қонун иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва мамлакат ичкарисида сармоядорлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинган эди. Аммо қабул қилинганига бир йилдан ошиқ вақт ўтган қонунга тожикистонлик фуқаролар ишончсиз қараётгани сабабли давлат раҳбари парламентдан қонуннинг амал қилиш муддатини узайтиришни сўради.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси вакили Тожиддин Тўраев қонун шартларини шарҳлар экан: “Ҳар бир тожикистонлик ўз ихтиёрида бўлган уй, дала ҳовли, машина, фабрика, завод, шу билан бирга, қимматбаҳо буюмларни, қонуний ва ноқонуний йўл билан топилганидан қатъи назар, расмийлаштириши, шу мулкнинг соҳиби экани тўғрисида гувоҳнома олиши шарт. Киши мол-мулкини ноқонуний йўл билан қўлга киритган бўлса, қонун доирасида белгиланган муддатда уни расмийлаштирса, у жавобгарликдан озод этилади ва авф қилинади. Агар мол-мулк расмийлаштирилмас экан, шахс келгусида қонун доирасида жавобгарликка тортилади ва мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинади”,- деди.

Т.Тўраевнинг таъкидлашича, қонун кучга кириб фуқаролар мулкини расмийлаштириш муддати тугаганига қарамай, тожикистонликларнинг аксарияти ўз мулкини расмийлаштирмаган. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари қонуннинг амал қилиш муддатини яна 6 ойга узайтирган. Энди аҳоли ўртасида қонун моҳиятини тушунтириш ишлари янада кучайтирилади.

Парламентнинг яна бир вакили Юсуф Аҳмедов сўзларига кўра, агар ноқонуний топилган мулкка нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, у ҳолда бу мулк расмийлаштирилмайди.

Мазкур қонунга нафақат оддий тожикистонликлар, асосан, ҳукумат амалдорлари томонидан бажарилмагани кузатилади. Зеро, мустақил кузатувчи, ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимовнинг айтишича, мамлакатда мол-мулк, асосан, юқори табақа вакиллари қўлида тўпланган.

“Барчага маълумки, аҳолининг катта қисми қашшоқликда кун кўради ва асосий мулк соҳиблари тор доирадаги юқори табақа вакилларидир. Икки қаватли уйлар, қўша-қўша машиналар ва ҳатто корхонаю заводлар соҳиби бўлган бу шахслар давлатимизда демократия мавжудлигига ишонмаслиги ёки қонун моҳиятини тушуниб етмагани боис унинг талабларини бажармаган. Ундан ташқари, мамлакатда мавжуд иқтисодий оғир ҳаётдан чарчаган оддий тожикистонликлар нафратини қўзғамаслик учун ҳам бу пулдорлар ўз мулкини расмийлаштирмаган бўлса, ажаб эмас”,- деди мустақил кузатувчи.
XS
SM
MD
LG