Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:43

Ўзбекистонда қозоқ капитали сиқувга олиняпти...ми?


Тошкентдаги “Ўртоқ” қандолатчилик фабрикаси бузилмоқда. Акцияларининг катта қисми қозоғистонлик тадбиркорларга тегишли бўлган бу корхонанинг шу кунда ярмидан кўпи вайрон қилинган.

“Ўртоқ” ўзбек-қозоқ қўшма корхонасининг 80 фоиздан ошиқроқ акциясига эга бўлган “Кей-Инвест” корхонаси ҳаммуассиси Нурлан Эргашбой Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қозоқ тадбиркорларига нисбатан бир қанча ноқонуний ҳаракатлар содир этганини маълум қилди.

“Директор, бош ҳисобчи хонасидаги ҳамма нарса олиб чиқиб кетилди. Хайриятки, у ерда ҳақиқий ҳужжатлар йўқ эди. Биз Ўзбекистондаги вазиятни билганимиз учун уларни фабрикада сақламасдик. Бироқ улар ҳамма нарсани олиб чиқиб кетган. Мен милиция ходими олдига бориб, фабрика хўжайини эканимни айтсам, у милиция нарядини чақирди. Кетишимга тўғри келди, мен бунинг нима билан тугашини билардим”,- дейди тадбиркор.

Шундан сўнг у содир бўлган воқеага аниқлик киритиш учун бир қанча идораларга мурожаат қилгани, аммо биронтасидан ҳам жавоб ололмаганини билдирди.

“Милиция шикоят аризамизни қабул қилмади, шундан сўнг шаҳар прокуратурасига бордик, улар ҳам қабул қилмади. Ундан сўнг Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига мурожаат қилишимизга тўғри келди. Улар ҳам шикоятимизга нисбатан лом-мим демади. Сўнг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига бордик, аммо улар ҳам сукут сақлашни маъқул кўрди. Кўпчилик бу топшириқ Ўзбекистон бош вазиридан келиб тушгани, шу боис ҳеч нарса қила олмаслигини айтиб, ўзини олиб қочяпти”,- деди Н.Эргашбой.

“Кей-Инвест” корхонаси бош директори Ерлан Иембердиев сўнгги пайтларда Ўзбекистонда қозоғистонлик сармоялар учун яратилган муҳит ёмонлашиб бораётганини айтар экан, ўз сўзини мисоллар билан исботлашга уринди.

“Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳозир элчихонага ўзбек-қозоқ капитали сиқувга олинаётгани бўйича 178 та шикоят аризаси келиб тушган”,- деди Ерлан Иембердиев.

Ўзбекистонда қозоғистонлик тадбиркорларга ўтказилаётган тазйиқ ҳақида хабар топган Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини юборгани маълум бўлди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси қозоқ тадбиркорларининг иддаоларига бирор муносабат билдиришни истамади.
XS
SM
MD
LG