Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:42

“Газпром” Тожикистонда газни кўпайтирмоқчи


Тожикистон мамлакатдаги газ ва нефть захираларини тадқиқ этиш ҳамда ўзлаштириш учун Россиянинг “Газпром” ширкати билан янги шартнома имзолади.

Шу мақсадда Душанбе шаҳрига келган “Газпром” раиси ўринбосари Валерий Голубев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва мамлакат бош вазири Оқил Оқилов билан учрашди.

“Тожикистонда аниқланган конларда тахминан 3 триллион куб метр газ захиралари борки, бу келгуси бир неча ўн йилликларда мамлакат саноат корхоналари ва аҳолисини маҳаллий газ билан таъминлаш имконини беради”,- деди Тожикистон президенти билан учрашувдан сўнг В.Голубев.

Унинг айтишича, 2006 йил мартида Тожикистондаги газ ва нефть захираларини аниқлаш ва ўзлаштириш мақсадида қўшма корхона ташкил этилган эди. Энди эса Тожикистонда мавжуд тўрт кондаги газ захираларида иш бошлаш учун янги шартнома имзоланди.

“Бу ҳужжат “Газпром”га Тожикистонда мавжуд тўрттала конда геологик тадқиқотлар олиб бориш имконини беради. Аммо конлардаги газ захираларини аниқлашдан тортиб уни истеъмолчиларга етказиб беришга қадар анча вақт ва меҳнат зарур. Борди-ю омадимиз юришиб, ишларимиз ижобий натижалар берса, у ҳолда Тожикистонда йилига икки миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш мумкин бўлади. Бу эса мамлакат аҳолиси ва саноат корхоналари эҳтиёжини қондира олади”,- деди В.Голубев.

“Газпром” вакили сўзларига кўра, ҳозирча бу конларда фақат россиялик мутахассислар иш олиб боради ва фақат геологик тадқиқотлар учун 500 миллион доллар миқдорида маблағ зарур бўлади. Бундан ташқари, Тожикистон томони билан “Газпром”нинг ваколатхонасини ташкил этиш, геологик маълумотлар йиғиш, келгусида газ тақсимлаш иншоотлари қуриш каби ишлар учун Душанбе шаҳри марказидан бўш майдон ажратиб берилган.

“Тожикистон президенти газ соҳасидаги ҳамкорликларни жадаллаштиришга алоҳида аҳамият қаратди. Чунки газ шу кунларда ҳар бир давлат, хусусан, Тожикистон учун ҳам қимматбаҳо хомашё ҳисобланади. Келгуси йилларда табиий газ нархи янада қимматлашади. Бу эса Тожикистондек давлатлар учун қабул қилиб бўлмас ҳолдир. Россия Тожикистон энергетика мустақиллигига эришиши тарафдоридир. Биз бу борада Тожикистонга кўмаклашишга тайёрмиз ва етарли тажрибага ҳам эгамиз”,- деди В.Голубев.

Мустақил кузатувчи Сайфулло Сафаровнинг айтишича, Россиянинг ўзида мавжуд турли гуруҳлар ва сиёсий партиялар ўз манфаатларини ўйлаб ҳаракат қилиши боис, кўпинча имзоланган шартномалар бажарилмай, бошланган ишлар ўлда-жўлда қолиб кетаётир.

Тожикистон сиёсатшунослари миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов фикрича, агар Россия ва Тожикистон ўртасида имзоланган шартномада кўзда тутилган мақсадлар тўлиқ амалга ошса, яқин келажакда тожикистонликларнинг Ўзбекистон газига эҳтиёжи қолмайди.

“Тожикистондаги газ конлари унчалик катта эмас, шунга қарамай, қўлдаги ҳар қандай имкониятни ишга солиб, газ мустақиллигини қўлга киритиш вақти етди”,- деди А.Мамадазимов.
XS
SM
MD
LG