Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:06

Сўз эркинлигига навбатдаги ҳужумлар


Тошкентда матбуот эркинлигига бағишлаб халқаро анжуман ўтказилиши ортидан бир мустақил журналист қамалди, “Фарғона.ру” ва “Ўзньюс.нет” каби сайтларга киберҳужумлар уюштирилиши кузатилди.

Аслида матбуот эркинлигига бағишлаб анжуман ўтказиш Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги мулоқот доирасидаги режалардан бири эди. Аввал европаликлар билан ўтказилиши ният қилинган анжуман бекор қилинди. Кейин эса Ўзбекистон томони кутилмаганда бу тадбирни ўтказиб юборди. Фақат Европа Иттифоқини бу ҳақда хабардор қилиш кимнингдир эсидан чиқди ёки тадбир ташкилотчилари бунақа тадбирни ўзлари ҳам боплаб ўтказа олишини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Йиғинга таклиф қилинмаган матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича нуфузли халқаро ташкилотлар бу анжуманни майнавозчилик, деб атади. Таклиф қилинганлари ҳам анжумандан кўнгли тўлмай қайтди.

Анжуман ортидан аввал қорақалпоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва “Ўзньюс.нет” Интернет нашри мухбири, “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари собиқ мухбири Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди. Тадбир ўтказилаётган кунларда Ўзбекистондаги бир нечта вилоят телевидениеларида “Озодлик” радиоси мухбирларини қораловчи бир соатлик ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклош Харасти Тошкентдаги анжуманга таклиф қилинган ягона нуфузли халқаро ташкилот расмийси бўлди. Уйга қайтгач М.Харасти Тошкентда сўз эркинлиги анжумани ўтказилаётган пайтда мамлакатда сўз эркинлигига уюштирилган ҳужумлардан хабар топиб ҳхафсаласи пир бўлди.

“Тошкентга сафарим ва анжуман чоғида расмийлар матбуот эркинлигини таъминлаш ва бу соҳада ислоҳотлар ўтказишга тайёрлигини ваъда қила туриб, эркин матбуотга нисбатан бундай хуружни уюштиргани, айниқса, таассуфлидир”,- деди Миклош Харасти.

У “Озодлик” билан суҳбатда Тошкентдаги анжуманда сўзга чиққан нотиқларнинг кўпчилиги матбуот эркинлигига мойил бўлмагани, унда тадбир ташкилотчиларининг холис ниятлари борасида шубҳа уйғотганини таъкидлади.

Тошкентдаги сўз эркинлиги анжуманидан бери ўтган 10 кун ичида содир бўлган ғалати ходисалар сирасига “Фарғона.ру” ва “Ўзньюс.нет” сайтларига уюштирилган киберҳужумларни эслаш ҳам жоиз бўлади. Ўтган бир ҳафта давомида бу сайтлар бир неча марта ишдан чиққан.

“Тахминан бир ҳафта аввал сайтимизга киришда қийинчиликлар пайдо бўлганини сезиб қолдик, лекин бу ярим соат давом этгани боис унчалик хавотирга тушмадик. Икки-уч кун аввал эса сайтимиз умуман очилмай қолди. Ҳатто ўзим ҳам у ерга на кира олдим, на хабарларни жойлаштириш имконим бўлди. Турли мамалкатлардаги танишларимга қўнғироқ қилиб, сайтимизни очиб кўришни илтимос қилганимда улар ҳам “Ўзньюс.нет”ни оча олмади”,- дейди “Ўзньюс.нет” муҳаррири Галима Бухорбоева.

Ўтган жума куни “Фарғона.ру” ҳам шундай муаммога дуч келди. Ярим кун давомида ишдан чиққан сайтга хизмат кўрсатувчи хостинг “Фарғона.ру”га ҳужум уюштирилганини маълум қилди.

Галима Бухорбоева мазкур киберҳужумлар қаердан уюштирилаётганини билишини маълум қилди ва бунинг ортидаги сабабларга тўхталди.

“Шу кунларда бизнинг асосий мавзумиз журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олингани, яна бири ҳамма майнабозчилик, деб атаган Тошкентдаги сўз эркинлиги анжумани бўлди. Лекин “Фарғона.ру” муҳаррири Даниил Кислов билан гаплашиб, Ўзбекистон ҳукуматининг ғашини келтирган мақола Алишер Соиповнинг отаси Аваз Соиповнинг очиқ хати бўлса керак, деган тўхтамга келдик. Унда Аваз ака ўғли Алишернинг ўлдирилишида бевосита президент Каримовни айблаган ва менимча, бу Оқсаройдагиларнинг қаттиқ ғашига теккан чоғи. Ҳар қалай воқеалар хроникасидан шундай тахмин қиляпмиз”,- дейди Галима Бухорбоева.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги бу воқеалар ҳокимият ичида қандайдир саросима пайдо бўлганига ишора қилади.

“Бу воқеалар бир-бирига жуда зид воқеалардир. Бу дегани Оқсарой бир-бирига қарши иккита лагер, қандайдир иккиҳокимиятчилик пайдо бўлганга ўхшайди. Тўғри, сўз эркинлиги анжумани майнавозчилик, лекин у Ўзбекистон ҳукуматининг Европа санкцияларидан қутулиш ва обрўсини тиклашга қаратилган уриниши эди. Яъни ҳокимият ичида Ўзбекистон обрўсини тикламоқчи бўлганлар бор. Бошқа томондан эса Тошкент обрўсига атайлаб путур етказиб, ўйинни бузмоқчи бўлганлар бор. Бундайлар худди сувараклар каби ўзларини изоляцияда ҳолатида яхши ҳис қилади. Уларга эса Ўзбекистоннинг обрўсини тикла, уни қутқариш пайти келганини тушунганлар қаршилик қиляпти”,- деди Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG