Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:12

Ғалла мустақиллиги Ўзбекистонни қозоқ унига қарамликдан қутқармаяпти


“Ўзметроном” сайтининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат ғалла мустақиллигига эришгани ҳақидаги иддаоларига қарамай, Қозоғистондан мамлакатга кунига 1,5-2 минг тонна ун импорт қилинмоқда.

Қозоғистондан Ўзбекистонга импорт қилинаётган уннинг умумий миқдори эса, мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 400 минг тоннани ташкил қилиши мумкин.

Гарчи сўнгги пайтларда расмий Тошкент ва Остона ўртасида муайян келишмовчиликлар бўлса-да, Ўзбекистон мамлакатда ун ва нон нархларини мувозанатда ушлаб туриш учун Қозоғистон билан иқтисодий алоқаларни давом эттиришга мажбур.

Бу иқтисодий муносабатлар омиллари ҳақида фикр билдирган қозоғистонлик иқтисодчи Қанат Беринтоев қўшни мамлакатга ун экспорт қилиб туришдан Қозоғистоннинг ўзи ҳам манфаатдор эканини билдирди.

“Ўзбекистон Қозоғистон унини импорт қилишга қанчалик эҳтиёж сезса, Қозоғистон ҳам Ўзбекистондан табиий газ ва мамлакат жанубий ҳудудларига сув етказилишига шунча эҳтиёж сезади. Агар бу икки давлат ўртасида келишмовчилик юзага келса, бу нафақат ун экспортига, балки икки давлат иқтисодининг барча жабҳаларига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин”,- деди қозоғистонлик иқтисодчи.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги расмий муносабатлар қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон Қозоғистон унига доимо катта эҳтиёж сезишини айтади.

“Бу эҳтиёжнинг қондирилмаслиги эса мамлакат ичида турли зиддиятлар келтириб чиқариши мумкин. Чунки шу ун бўлмаса, мамлакатда ижтимоий кескинлик кучаяди. Шунинг учун Қозоғистондан расмий ва контрабанда йўллари билан ун олиб келиш мумкин. Ўзбекистонда Қозоғистон унига талаб катта”,- деди Т.Йўлдошев.

“Ўзметроном”нинг ёзишича, Қозоғистондан катта миқдорда ун импорт қилиниши Ўзбекистонда нон нархи кескин ошиб кетиши олдини олиш ҳамда бу йил буғдой камроқ етиштирилгани учун ички бозорда унга бўлган эҳтиёжни қоплаш истаги билан изоҳланади.

Бироқ ўзбекистонлик суҳбатдошлардан бири Қозоғистондан муайян миқдорда ун импорт қилинаётганига қарамай, мамлакатда ун танқислиги сезила бошлаганини ҳамда ун ва нон нархлари ошиб кетаётганидан аҳоли азият чекаётганини билдирди.

“Илгари талон билан берилаётган ун миқдори 3 кг.дан 2 кг.га тушди. Ун йўқ. Бозорда қиммат. Буғдой нархи ошиб кетди. Бир кило буғдой 800 га чиқди. Одамлар ваҳимага тушиб қолган”,- деди ўзбекистонлик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG