Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ҳибсдаги қочқиннинг рафиқаси билан суҳбат


“Озодлик” мухбири бундан бир ой муқаддам Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳибсга олиниб, айни пайтда тергов изоляторида сақланаётган ўзбек қочқини Ҳасан Темировнинг турмуш ўртоғи Наргиза Жалолова билан суҳбатда бўлди.

Эндигина 26 ёшни қаршилаган, аммо кўзлари ҳаёт мактабининг турли оғир синовларидан ўтган кекса аёлники каби жуда маюс ва ўйчан Наргиза билан суҳбат чоғида унинг ўз ёшига мос келмайдиган мулоҳазаларини пайқаш мумкин. Наргизанинг айтганлари унинг бундай ҳолати сабабларини ойдинлаштиргандек бўлди.

Ҳасан Темиров 1999 ва 2004 йилларда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб халқаро қидирувга берилганди. Наргиза бошдан кечирган даҳшатлар ана шу кунларга тўғри келади. Эрини топиб беришни талаб қилган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни инсон зотига мос бўлмаган ҳайвоний қийноқларга дучор қилганини айтади Наргиза.

Н.Жалолова: Қўрқинчли жойларга, узун залга киритди. Мен салом бердим, саломимга алик олмади. Кир, ифлос, қанжиқ, деб бир хонага итарди. Хона тўла эркаклар эди. Қўрқиб кетасиз, барзанги-барзанги одамлар, дадамдан ҳам катта. Рўмолингни ол, деди улар ҳам. Рўмолимни ололмайман дедим, улар ўзи олиб ташлади, қайтариб бермади. Эрингнинг қаердалигини айт деди, шундай ҳақоратладики, қўрқиб кетдим, чунки умримда бунақа нарсаларни кўрмаганман. Билмайман, дедим. Агар ўшандай қийналаётган пайтимда эримнинг қаерда эканини билганимда балким айтардим. 5 ларга олиб борган бўлса, эрталабгача мени тергов қилиб чиқишди. Биттаси сочимдан юлиб турди-да, бошимни кўтариб, иккинчиси ароқ қуйди оғзимга, сенлар, мусулмонлар, ароқ ичмайсанлар-ку деб. Сенлар чўчқа гўшти емайсанлар деб, оғзимга колбаса тиқишди. Қусиб юбордим. Уйда портлатгич моддалар бормиди, дейишди. Йўқ дедим, кейин улар мени столга чиқариб қўйиб, биттаси қўлимдан ушлаб турди, иккинчиси бўйнимдан, ичимга дубинка тиқишди, қийнашди шунақа қилиб.

Эрининг буткул айбсиз эканини билдирган Наргиза юртидаги ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қийноқлари ўша террактларда айбланган кишиларни қилмаган айбни бўйнига олишга мажбур қилганини таъкидлади.

Наргиза Жалолова: Қарасам уларни дубинка билан урган. Оппоқ девор қора қонга бўялган. Сигаретлар босган. Ўша жўраларини ҳам шундай қийнаган, ўзим кўрганман қандай қийнаганини. Бир ой Қаршида олиб ўтиришди мени. Деворга қараб уларни урарди, мен қўшни хонада эшитардим. Ўша болаларнинг додлаганини эшитиб ўтирдим-да. Яна ўшаларнинг хонасини менга тозалатди. Қусган, қон хоналарни ювдиришарди менга. Ўша йигитларга ўтказилган тазйиқ оқибатида улар йўқ нарсаларни ҳам айтиб юборишган. Қилмаган ишини ҳам қилдим, деб юборган.

Наргиза ҳам қилмаган ишини бўйнига олиб, балки бундай даҳшатли азобларни бошдан кечирмаслиги мумкин эди. Аммо у ўз эътиқодидан воз кечишни истамайди.

Наргиза Жалолова: Мен қайтиб кета олмайман, Қуръонга ҳам келган ҳижоб. Худонинг синови бу дейман. Худо синаяпти мени дейман, шу қайтармикан динидан деб, синаяптимикин.

Диний сабаблар билан юртида таъқиб қилинаётган ўзбек қочқини Ҳасан Темировнинг турмуш ўртоғи Наргиза Жалолованинг кечинмалари балки Ўзбекистондаги минглаб диндорлар бошдан кечирганларига ўхшаб кетар ва улар айнан ўзаро ўхшашликлари билан одам боласини даҳшатга солар. Бироқ бу даҳшатларга нуқта қўйилишига кафолат берадиган бирорта расмий йўқлигини айтади кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG