Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:41

Муҳаммад Солиҳ: “Каримов бугун бутун бир халқни радикал нуқтага олиб келди”


Ўзбекистон мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳ.
Ўзбекистон мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳ.

“Қурултой” дастурининг “Ўзбек жамиятининг хуфиялашуви ниҳоясига етмоқдами” мавзуидаги бу галги сонида Ўзбекистонни яқинда тарк этган мустақил сиëсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев, Швециядан uznews.net сайти муҳаррири Қудрат Бобожон, “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ва наманганлик мустақил журналист, мухолифат фаоли Носир Зокир иштирок этади.

Бугунги эшиттиришимиз мавзусини жамиятнинг ўзи белгилади. Энг охирги маълумотларга кўра, жамият бошқарувининг барча бўғинларига ë милициядан, ë ҳарбийдан, кўпинча эса Миллий хавфсизлик хизматидан чиққан кадрлар жойлаштирилмоқда. Бундай тажриба совет даврида ҳам бор эди, аммо бу фақат иккинчи ва учинчи ўриндаги шахслар, аниқроқ айтганда ўринбосарлар учун эди. Дейлик, элчихонада элчи эмас, унинг биринчи ўринбосари КГБдан бўлар эди. Ҳатто яқинда биттаси: “Директордан тортиб фаррошгача МХХ бўлиб кетди”, деган муболағани айтиб қолди.

Тошпўлат ака, сиз яқинда мамлакатни тарк этдингиз. Жамиятнинг барча қатламлари кучишлатар тизимлар томонидан ишғол қилингани, мамлакат ҳарбий тарзда бошқарилаëтгани муболағами ëки бугунги куннинг реал манзарасими?

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳокимиятнинг милиция, кейин МХХ тизимидаги ишлаëтган ходимларга топширилиши ва бу куч ишлатувчи органларнинг ичидаги энг аҳамиятлиси, энг кучлиси МХХ бўлгани ҳаммага аëн.

Озодлик: Мисол келтира оласизми?

Тошпўлат Йўлдошев: Масалан, ташқи ишлар вазири Владимир Норов милициядан чиққан. Ҳозир кўп туманлар, ҳатто кўп вилоятлар раҳбарлари ҳам МХХдан чиққан. Қишлоқ хўжалигини ва корхоналарни юритиш ҳам МХХга берилган. Ўзбекистонда шунақа шароитки, кимнинг чўнтагида МХХ ходими, деган гувоҳнома бўладиган бўлса, ўша гувоҳномани кўрсатиб пора оладиганлари ҳам бор. Вилоят ва туман ҳокимлари олдида МХХ томонидан қўйилган кураторлар бор. Бу кураторлар Ислом Каримовнинг ҳам кўзи, ҳам қулоғи. Вилоят ҳокими, туман ҳокими бўлатуриб шу куратордан қўрқади. Улар Ислом Каримовга яхши хабар етказиши учун вилоят ҳокими, туман ҳокими унга пора бериб туради. Бу дегани Ислом Каримов ўзбек халқини ўзига бўйсундириш, ўзига хизмат қилдириш, қулдай ишлатиш учун МХХ ходимларини ўзига таянч қилиб олган.

Озодлик: Тошпўлат ака, сиз ташқи ишлар вазири милиция ходими эканини айтиб ўтдингиз. Шунингдек, ЎзТВ раҳбари ҳам МХХ ходими. Ўзбекистон ташқарисида фаолият олиб бораëтган uznews.net, ponauz.info каби сайтларда ўзбек жамиятининг хуфиялашуви ҳақида бир нечта мақолалар пайдо бўлди. Ҳозир биз билан суҳбатда uznews.net нашри муҳаррири Қудрат Бобожон. Қудрат, булар олди-қочди гаплар эмасми?

Қудрат Бобожон: Булар ҳеч қандай олди-қочди гаплар эмас. Биз кеча Мўътабар Тожибоевадан навбатдаги мактубни олдик. Бу аниқ манба. У ҳозир 3 йиллик шартли жазони ўтаëтган экан. Аммо шартли жазода кўрсатилмаган нарсаларни МХХ ходимлари келиб унга уқтиришаëтганини очиқ баëн қиляпти ўз мактубида. Бу камдан-кам бўладиган ҳол. Биз кўпинча ўз манбаларимиз исмларини ошкор қилмаймиз. Бизга ҳар куни аниқ манбалар бўйича маълумотлар келяпти. М.Тожибоева ўз мактубида озодликда бўлишига қарамай, қамоқдагидан кўра кўпроқ жиддий чоралар кўрилаëтганини айтмоқда. Шу билан бирга, у Ўзбекистондаги ҳаëт қамоқдаги ҳаëтдан ҳам қийинлаштирилаëтганини айтмоқда.Масалан, у қамоқдалиги пайтида Тошкент поликлиникасига олиб борилган ва унга нисбатан жиддий жарроҳлик амалиëти қилинган. Аммо ҳозир унга Тошкентдаги онкологик диспансерга бориш имконияти чекланган.

Озодлик: Энди Носир Зокирни суҳбатга тортсак. Носир ака, сиз билан боғланиш жуда қийин бўлиб қолди. Мавзу сизга аëн. Биз тилшуносларнинг жиғига тегмайлик, деган мақсадда “СНБлашиш” сўзи ўрнига “хуфиялашиш” атамасини олдик. Ҳозир Ўзбекистонни ҳарбийлар бошқармоқда, деган иддаоли фикрлар турли нашрларда айтилмоқда. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Носир Зокир: Бизни орқамиздан, албатта, одам юради..........

Озодлик: Носир ака, раҳмат. Сиз биз билан алоқада бўлиб туринг. Сиз билан нимагадир алоқамиз ëмонлашиб бормоқда.Сизнинг овозингиз узилиб-узилиб келмоқда. Гапларингизнинг муҳим жойларини маржон доналаридек териб-териб олишяпти. Буни МХХнинг хуфия зобитлари қиляпти. Бу хуфия зобитлар мамлакатнинг ҳамма соҳаларига йўналтирилишини қандай изоҳлаш мумкин?

Муҳаммад Солиҳ: Мавзунинг нақадар долзарб эканини ҳозиргина мисолда кўрдик. Каримовнинг ҳукумати Носир укамизнинг гапини тинглаб турганини ошкора намойиш қилди. Каримов иқтидорга келгандан бошлаб бу нарсага катта эътибор берди. Жамиятни 1990 йилнинг бошларидан секин-секин СНБлаштирди. Хуфиялаштирди, десак кўп одам тушунмайди. Шунинг учун СНБлаштирди, десак тушунарли бўлади. У шу даврдан бошлаб ўз агентларини давлат ва нодавлат тузилмаларига жойлаштира бошлади. Андижон воқеаларидан кейин тенденция тотал тус олди. Андижон воқеаларидан кейин ҳеч бир ташбеҳсиз давлат МХХнинг қўлига ўтди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Андижон қатлиоми, менимча, МХХнинг давлатнинг бошқа кучишлатар тизимларига нисбатан Каримовга содиқроқ тузилма эканини маълум бўлди. Шунинг учун ҳам Каримов бу тизимни олд томонга чиқарди ва тадбир олиш салоҳиятини бу тузилмага топширди. ИИВнинг катта бўлими МХХга топширилди. Ҳатто армия ва ИИВ қўшини Андижонда бироз иккиланиб халққа ўқ узди, агар узган бўлса. МХХга боғлиқ бўлган Маҳмуд Худойбердиев каллакесарлари каби халқни мазза қилиб ўққа тутмади. Шунинг учун ҳам МХХ Каримовнинг энг ишонган, таянган тизими бўлиб қолди. МХХнинг бугун кўринаëтган долзарб нуқтаси бор. Бу МХХнинг олд нуқталарида, ўша жазоланмиш нуқталарида пайдо бўлаëтган, ниқоб кийган фуқаро кийимидаги гуруҳларни ҳозир кўп одамлар тасбит қилишяпти. Бу одамлар Маҳмуд Худойбердиев одамлари бўлгани ҳақида жуда гап-сўзлар кўпайган. Маҳмуд Худойбердиев Тожикистон ҳукуматига нисбатан давлат тўнтариши қилишга ташаббускор бўлган одам.

Озодлик: Тожикистондаги исëнчи полковник. Ўзбекистонга қочиб ўтган этник ўзбек, деб айтилади. Онаси рус, отаси ўзбек, онаси ўзбек, отаси рус, деган гаплар ҳам бор. Бу кишининг фалокатда ўлгани тўғрисидаги иддаолар бор эди. Андижон воқеаларидан кейин унинг Ўзбекистон тизимларида туриб Каримовга ëрдам бераëтгани тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлди. Муҳаммад Солиҳ, сизга бу маълумотлар қаердан етиб келди? Бир пайтлар “Тожикистон махфий хизмати Муҳаммад Солиҳга бу ҳақда маълумот берган”, деган гаплар чиққан эди. Бу гапларда қанчалик ҳақиқат бор?

Муҳаммад Солиҳ: Йўқ, мен бунақа маълумотни Тожикистондан олганим йўқ. Бу ахборот менга қўшни давлатларнинг юқори савиядаги раҳбарларидан келди. Яъни Маҳмуд Худойбердиев ҳозир ҳақиқатан Ўзбекистонда ва ҳозир ИИВда бошқа бир исм билан полковник рутбасида ишлаëтгани ҳақида мен хабар олганман. Бу бундан икки йил аввал бўлган. Баъзи фамилияларни менга айтишди, аммо том маънода биз буни аниқлай олмадик. Фамилияларни, паспортни ҳар кун ўзгартириш мумкин, лекин бу одам ҳозир ҳақиқатан бизнинг ИИВ тузилмаларида фаолиятини тўлиқ ҳолда МХХ билан олиб бораëтганини биз биламиз. Бир неча марта қаттиқ талаб қилинганига қарамай, Каримов уни Тожикистонга бермади. Чунки бу қотилни, қотил дейман, чунки бу одамнинг қотиллиги маълум, Каримов бермаяпти, чунки бу шахс Каримовнинг жуда кўп жиноятларига шерик одам. Бу жиноятларни улар бирга қилишган. Агар Каримов бу одамни Тожикистонга берса, демак ўзининг сирларини берган бўлади. Ўзи бутун дунëда шарманда бўлишдан қўрққани учун ҳам уни жуда қаттиқ ҳимоя қиляпти. Бу одам Каримов учун жуда қимматбаҳо одам. Бу одамнинг яна битта қилган жинояти ҳақида бизда ҳужжатлар бор. Ҳужжат деганимиз бу шоҳидлар. Ҳозирги Хўжанд шаҳри ҳокимини Бекободга чақириб олиб келиб ўлдирган ҳам ўзбек МХХси ва Маҳмуд Худойбердиев бўлади. Бу ҳақда биз ҳамма нарсани тўплаганимиз йўқ, аммо тўплагандан кейин мутлақо очиқ айтамиз. Эсингизда бўлса, Маҳмуд Худойбердиев Ленинободда бир тўнтариш қилмоқчи эди. Кичик бир қўшин билан Тожикистонни олмоқчи бўлган. Аммо бунга муваффақ бўла олмаган эди. Андижонда ярадор бўлган одамларни отиб ўлдириб чиққан бир гуруҳ ҳақида гап-сўзлар юради. Бу гуруҳнинг одамлари ҳам Маҳмуд Худойбердиевники экани ҳақида жуда кучли маълумотлар бор.

Озодлик: Шуни айтиб ўтишимиз керакки, Маҳмуд Худойбердиевнинг айни пайтда МХХда эмас, балки Мудофаа вазирлигида бошқа ном остида ишлаëтгани айтилади. Аммо ҳар бир нарсанинг бошланғич нуқтаси бор. Муҳаммад Солиҳ, мана 1991 йилги 7 сессияни эсласангиз, ўша ердаги депутатлардан биттаси, менимча, Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг ҳокими бўлган, Шуҳрат Нусрат жамиятнинг хуфиялашуви ўзбек жамияти учун фалокат экани тўғрисида гапирган эди:

“Разведка ва контрразведка органлари ҳамма техникалари билан битта одам қўлига берилмоқда. Бу ўйланмаган ва мумкин бўлмаган иш. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, ўртоқлар. Акс ҳолда бизнинг бошимизга 1937-1940 йиллар тақдири тушади. Бунинг охири нима била тугашини ҳатто тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, президентимизнинг жиловланмас характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни, сизни қамашади”.

Муҳаммад Солиҳ, мана шу чақириқни эслайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Албатта, эслайман. Бу сессияда мен ҳам қатнашганман. Мен ҳам гапирганман. Шуҳратнинг ўша пайтда айтган гаплари бугун тўғри чиқди ва Каримовнинг ўша пайтда бошлаган ҳаракати бугун бутун Ўзбекистонни қамраб олди.

Озодлик: Сизлар бунинг бу қадар бўлишини тасаввур қилганмидингизлар? Дейлик врачлар саратон ўсимтасининг инсон танасини қандай қамраб олишини ва уни қандай ҳалокатга олиб боришини диаграмма орқали чизиб кўрсатиб беришади. Бугун кузатувчилар қўрқув ва ваҳима Ўзбекистонни саратон ўсимтаси каби қамраб олди, деган бир муболағани келтиришади. 1991 йилда бу кўламни тасаввур қилганмидингизлар?

Муҳаммад Солиҳ: Тасаввур қилмаган эдик. Агар Каримов ҳукуматда қоладиган бўлса, шунақа бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эдик. Шуҳрат Нусратнинг ўзи ҳам Каримовнинг атрофидаги одамлар эди. Баъзи пайтларда ичкарида Каримовга қарши гуруҳ пайдо бўлди ва ўша гуруҳларга қўшилиб кейин айтаëтган гапи. У яна ҳам яхшироқ биларди, чунки у Каримовнинг ëнидан келган одам эди. Ҳақиқатан бугун унинг гаплари олдинроқни кўрган одамнинг гапи бўлиб чиқяпти. Шундай бўлди ҳам. У пайтда, мен ўзим ҳам тан оламан, Каримов 20 йил ҳукм суради, деган хаëл ҳеч кимда йўқ эди. Ҳатто ўша Шуҳрат ҳам буни билмас эди.

Озодлик: Қудрат Бобожон қўшимча қилмоқчи, шекилли, марҳамат.

Қудрат Бобожон: Мен шу гапларни эшитиб ўтириб ўша даврларни эсладим. Бугунги ўзбек жамияти ҳақиқатан ҳам эртанги авлод эслашга ор қиладиган бир тарихни бошидан кечирмоқда. 1980 йилларнинг иккинчи ярмидан кейин биз норасмий бир ҳаракатларни бошлаган эдик. Ўша пайтда ҳам совет хизматининг КГБси бизнинг оëқ олишимизни кузатар эди. Мен ўша пайтда норасмий ëшлар ҳаракати лидерларидан бири эдим. Бизни рўйхатга олишмаган бўлса ҳам биз Ўзбекистонда ўз фаолиятимизни давом эттирар, тузумдан норозилигимизни билдириб кўча намойишлари ўтказар эдик. Ўша пайтда мен муҳаррирлик қилган “Эркин сўз” нашрида “Айғоқчининг дил изҳори” мақоласи эълон қилинган эди.

Озодлик: Менимча 1989 ëки 1990 йилда.

Қудрат Бобожон: 1989 йилда. Ўша пайтда КГБ билан ҳамкорлик қилган битта шахс уялганиданми ëки виждони қийналганиданми ўзини фош қилган эди. Улар бизнинг акцияларимиз олдини олишга ҳаракат қилишар эди, лекин бугунги Ўзбекистондагидек ëввойи ва ваҳший ҳаракатларни қилишдан ўзларини тийишар эди. Агар Ўзбекистондаги ëпиқ ҳаëтни ўша давр ва Европадаги ҳаëт билан солиштирсак, Ўзбекистоннинг эгри йўлдан тубанлик сари кетаëтганлигини кўришимиз мумкин.

Озодлик: 2000 йили Самарқандда ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Мадлен Олбрайт хоним мустақил журналистлар билан учрашганда: “Эркин матбуот ва демократия қуëш нурига ўхшайди ва бу нур бутун бактерия ва вирусларни ўлдириб юборади”, деган эди. Балки 1990 йиллардаги Горбачëв ҳуррияти ўша пайтдаги баъзи бир хуфиялар, айғоқчилар виждонига қуëш нуридай таъсир қилгандир. Тошпўлат ака, сиз нима дейсиз?

Тошпўлат Йўлдошев: Ўзбекистонда 950.000дан 1 миллионгача погонда юрган милиция ходими бор, деб таъкидлашади. Ундан кам рақамни ҳеч қаерда учратмадим. Лекин бу рақамни текширишга ҳам имкон бўлмади. Чунки Ўзбекистонда ҳамма ахборот бекилган. МХХ ходимларига келганда булар айтадики, шу сафда ишлайдиганлар 300-400 мингни ташкил этади. Лекин пулга ишлайдиган агентларини қўшиб ҳисоблаганда улар ҳам шу рақамга яқинлашади. Бундан ташқари, яна бир нарсани айтаман, МХХда ишлаëтган капитан, майорларнинг ойлиги 300-400 мингга боради. Нафақага чиқса ҳам шу пулни олади. Ҳозирги пайтда нафақа фондининг ярмидан кўпи фақатгина ҳарбийларга. Нафақа олганда ҳам ҳарбийлар ниҳоятда кўп олади. Шунинг учун ҳам улар жонини жаборга бериб Ислом Каримов давлат тепасида қолишини таъминлашади.

Озодлик: Тошпўлат ака, тўхтаб турсангиз. Носир ака, эшитяпсизми?

Носир Зокир: Ҳа, эшитяпман.

Озодлик: Ҳақиқатдан ҳам ҳарбийлар Каримов учун жонини жабборга берадими?

Носир Зокир: Очиқ юракдан гапириш керак. Мен ўшалар билан кўп суҳбатлашганман. Қамалиб ëтганимда суҳбатлашганман. Улар жонини жабборга берадиган даражада эмас. Булар ичида ҳам ниҳоятда миллатпарвар инсонлар бор. Халқ қўрқитилганлигидан фойдаланиб одамларни олиб бориб қамаяпти. Наманганда мен ўзим билган иккита-учта милиция ходими юқорининг буйруғига асосан бир жойга кириб бир иш қилишгани оқибатида ҳозир қамоқда ўтирибди. Улар икки дунëда ҳам қамоқдан чиқмайди. Чиқса ҳақиқатни айтиб қўяди, деб ҳукумат қўрқади. Бу ерда ниҳоятда қаттиқ қўрқув бор. Ўз одамларидан ҳам қўрқади. Бу Носир Зокир билан гаплашган, Муҳаммад Солиҳ билан гаплашган. Айтиб қўяди, деб қўрқади. Мен ўзим гаплашганман, улар ичида ҳам юрагидан ачинадиганлар бор. Афсуски, кейинги 8-9 йил ичида афсусланадиган одамлар топилмай қоляпти. Ҳамма бой одамлар юқори мартабали жойларга ўз болаларини олиб бориб беряпти. Ишга 20.000, 50.000, 60.000 доллар бериб киргизяпти. Улар эса кейин ўз пулини ишлаб олишга ҳаракат қиляпти. Улар МХХга киради, милицияга киради, прокуратурага, судга киради. Ҳукумат олиб бораëтган сиëсат ҳарбийлар ичидаги миллатпарварларни қотиллик қилишга, қотил одамлар орқасидан юришга мажбур қиляпти.

Озодлик: Носир ака билан суҳбатимиз анча яхши бўляпти. Менимча, бизнинг суҳбатимизни эшитиб ўтирган хуфиялар ҳам инсофга келди, шекилли. Яқин тарихга назар солсак, МХХда ишлаган одамлар баъзан бошқа тарафга қараб кетганлигига гувоҳ бўламиз. Биринчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтган Адолф Ҳитлер исмли хуфияни фашистларнинг айтганларини ҳукуматга етказиб турсин, деган мақсадда фашистлар ичига жойлаштиришган. Бундан Адолф Ҳитлер шу қадар таъсирланганки, охир-оқибат ўзи мана шу идеология лидерига айланиб кетган. Мана, Россия ҳукуматига КГБ зобити Путин келган эди. Афсуски, ўзбек жамиятида бундай нарсалар камроқ кузатиляпти. Бунинг боиси нимада? Дейлик, мана 18 йилдан бери Туркманистондаги вазирлар ва бошқа лавозим эгалари мухолифатга ўтганини кўрамиз. Лекин урилган, четга сурилган мулозимлар ўзбек мухолифати сафига келмаяпти. Тинчгина нафақасини олиб юрибти ëки: “Майли, нима ҳам қилардик. Золим зулмини қиляпти”, деб сабр билан юришибти.

Муҳаммад Солиҳ: Улар ҳам секин-секин келяпти. Улар доим биз билан алоқада бўлган. Юқори лавозимларда ишлаган бизга хайриҳоҳ инсонлар ҳали ҳам бор.

Озодлик: Улар МХХданми ëки давлат тузилмалариданми?

Муҳаммад Солиҳ: МХХдан ҳам бор. Улар ҳам қўлидан келганча ўша ердаги зулмни йўқотишга ëрдам беряпти. Булар ҳам бизга ўхшаган инсон. Биздай қашшоқ бир ўлкада иқтисодий фактор жуда катта рол ўйнайди. Балки уларнинг маоши уларни режимга боғлаб қўйган асосий арқондир. Шунга қарамай, агар вазият ўзгарадиган бўлса, бугунги садоқат бўлиб кўринаëтган бу парда бир сонияда олиб ташланади ва бугун содиқ кўринган инсонлар Каримовнинг энг ашаддий душманига айланишига ишонаман. Каримовнинг золимлигини уларни шу қадар қулга айлантириб қўйгани учун, уларни шу қадар ўзига боғлаб қўйгани учун ҳам кечирмайди улар. Улар бугун Каримовга хизмат қиляпти. Хизмат қилмасликнинг биринчи имконияти пайдо бўлгандаëқ улар Каримовни сотади. Зобитлардан бири менга шундай деб айтган: “Каримовнинг шахсан ўзи айтяпти: Бугун фалонча кишини фалон вилоятдан қамайсан!” Бу директивани тўғридан-тўғри ўзи берар экан. Вазирларини чақириб: “Сен фалон жойдан фундаменталист қамашинг керак. Бу режада бор”, деркан. Агар Каримовга: “Йўқ, булар бўйнига олмаяпти. Биз қийнаяпмиз, лекин бўйнига олмаяпти”, дейиладиган бўлса: “Бўлмаса туғ”, дер экан. Улар у ерда русча гаплашади. Ўзбекча гаплашмайди улар. Шундай бир вазиятда, албатта, структурада ишлаëтган одамларнинг аҳволини биз тасаввур қилишимиз мумкин ва бугун вафодор шаклда кўринаëтган бўлса ҳам уларнинг ҳам бутун ўзбек халқи каби дарди ичида. Суҳбатдошларимиздан биттаси боя 1 миллионга яқин, деди. Бу рақамни мен ҳам эшитганман. 27 миллион халқнинг 1 миллиони хуфиялар бўладиган бўлса, бу жамият тотал назорат қилиниб туриладиган бир жамият даражасига юксалган жамият. Бундан ошиғини тасаввур қилиб бўлмайди. Бундай тотал режим ҳеч қандай демократик усул билан, танқид билан, сайлов билан, Ғарбнинг босими билан ëки бугунга қадар синалган усуллар билан йиқилмайди. Бу режим фақат куч билан йиқилади. Ҳаммамиз ичимизга самимий қарайлик ва буни тан олишимиз керак. Бугун мен демократман. Бошқа дўстларимиз ҳам демократ. Лекин бу режим фақат куч билан йиқилади. Бу нарсани Лондон шаҳрининг мэри айтганида ҳамма ҳайрон қолган эди. “Сен қанақа демократсан. Каримов диктатор, аммо уни куч билан йиқишга чақиряпсан”, деган эди ҳамма. Ҳатто мен ҳам жасур гапни айтди, деб ҳайрон бўлган эдим. Бугунги Ўзбекистондаги аҳвол бизни радикал қарашга олиб келяпти. Каримов барча сиëсий ва диний гуруҳларни 1990 йиллардан бери радикаллаштириб келди. Бугун бутун бир халқни радикал нуқтага олиб келди. Каримовнинг йиқилиши учун халқ қўзғолонидан бошқа ҳеч қандай чора йўқ.

Озодлик: МХХ зобитлари шууридаги учқун алангага айланишидан умидингиз борми?

Муҳаммад Солиҳ: Мутлақо шундай бўлади, менимча. Чунки биз халқни содда, қўрқоқ, деяпмиз. Халқ айни пайтда ухлаëтган, айни пайтда ҳамма нарсани кўриб турган борлиқ. Халқ шундан бошқа чиқиш йўли йўқ эканини кўрган заҳоти ўша йўлни танлайди.

Озодлик: Носир ака, сиз Ўзбекистонда халқ орасидасиз. Орамизда бироз узилиш йўқми? Ўзбекистондаги вазият қандай?

Носир Зокир: ......(жимлик)...........

Муҳаммад Солиҳ: Носир акангизни узиб қўйдилар.

Тошпўлат Йўлдошев: Мен гапира қолай бўлмаса.

Носир Зокир: Йўқ, эшитяпман. Мен Солиҳ аканинг гапларига 100 фоиз қўшиламан. Мен мухбир бўлиб ишлаб юрган пайтларда қишлоқларга борганимда: “Ҳой, менга қара. Автоматинг борми? Қуролинг борми? Бизга бер. Топиб бер. Қаердан бўлса ҳам топиб бер”, деган одамларни кўрганмиз. Ўшаларнинг интервюсини мен бермаганман. Ҳозир мана қанчадан-қанча одамлар бегуноҳ қамаляпти. Агар 1992 йилдан ҳисоблайдиган бўлсак, ўша пайтда туғилган болалар ҳозир 16га кирди. Орадан 10 йил ўтар, 20 йил ўтар, уларни орасида гап бўлади. “Сенинг отангни ҳукуматнинг мана бу органи ëнига наша солиб, варақа солиб қамаган. Отанг бегуноҳ эди”, деб болаларнинг миясига ҳозир қуйиляпти. Бу бизнинг оғриқ нуқтамиз.

Озодлик: Тошпўлат ака, сиз яқинда Ўзбекистондан келдингиз ва қочиб келдингиз. Нимадан қочиб келдингиз?

Тошпўлат Йўлдошев: Ўзбекистондан қочганимнинг асосий сабаби доимий кузатувда бўлганлигим.

Озодлик: Яъни МХХ сизга бирон нима қилиб қўйишидан, тазйиқлардан қочдингиз.

Тошпўлат Йўлдошев: Бу МХХ ходимларининг баъзи бирлари: “Тошпўлат ака, кетинг. Агар буйруқ келадиган бўлса, сизни қамашдан бошқа иложимиз қолмайди. Лекин сизни қамайдиган бўлсак, умримизни охиригача биз жавобгар бўламиз ва ундан қутула олмаймиз”, деди. Доимий кузатувда бўлишимга қарамай, чегарада МХХ ходимларининг ўзлари менга йўлни очиб беришди. Ҳаттоки чегарадан ўтиб кетаëтган пайтимда,бўлмаса компютерда турибман, мени компютер назоратисиз олиб чиқиб қўйишди.

Озодлик: Тошпўлат ака, Муҳаммад Солиҳ айтдики, уларнинг зеҳниятида инсоф, адолат учқунлари пайдо бўлиб, бу учқун аланга олиши мумкин. Лекин яна “кесакдан ўт чиқмайди”, деган мақол ҳам бор.

Тошпўлат Йўлдошев: Кўпчилиги, албатта, виждонан қийналади. Лекин давлатнинг репрессив машинаси битта одамнинг қўлида бўлгандан кейин, битта одамга ҳамма салоҳиятларни топшириб қўйгандан кейин қайси бир амалдорнинг виждони қийналса ҳам ҳозирча ҳеч нарса қила олмайди. Вазият ўзгаргандан кейин булар қаҳрамон бўлиб: “Биз ҳам йўлини топиб Каримовга қарши курашганмиз”, деган гапларни ҳам айтишади. Вазият яхшиланиши керак. Чунки бундай вазият қолиши мумкин эмас. Ўта полициялашган давлат бўлиши керак эмас. Дунëда полициялашган давлатлар бор, лекин Ўзбекистон ўта полициялашган давлат. Шунинг учун буларнинг ҳаммаси мутлақ ўзгариши керак. Мен амалдорларнинг маълум бир қисми шунга тайëр, деб ўйлайман.

Қудрат Бобожон: Суҳбатимизда бир нарса эсга олинмади. Мен эътиборни Мадлен Олбрайт келган пайтга қаратмоқчи эдим. Ғарб муносабати ҳам бу ерда муҳим рол ўйнайди. Ўша 2000 йилда бизнинг ҳурфикрли, мустақил “АLC” деган телевидениемизни тортиб олишган эди. Олбрайт хоним ўша пайтда Каримовнинг бугунги режимини молиялаштирган эди ва бизга фақат тавсиялар берган эди. Бахмал инқилоби давридаги ҳаракатларни ривожлантириш ҳақида узоқ гапирган эди. Уларнинг ўзлари қандай ишлар олиб борганлиги ҳақида гапирган эди. Бизга берилган нарса фақат тавсия эди. Каримов режимига берилган нарса эса терроризмга қарши технологияларни молиялаштириш бўлди.

Озодлик: Айтиб ўтиш керак, бизнинг суҳбатимиз айнан ўша асбоб-ускуналар орқали МХХ ходимлари томонидан эшитиляпти. Одамлар қўлига солинаëтган темир кишанлар ҳам ўша молиянинг маҳсули.

Тошпўлат Йўлдошев: Албатта. Бу гапга мен қўшиламан. АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатлари айнан Каримов терроризм ва экстремизмга қарши курашяпти, деб унга техника, маблағ, электрон воситаларини берди. Худди шу маблағ ва электрон воситалари демократик кучларга қарши, Ғарб мамлакатларига қарши ишлатилди. Афсуски, Ғарбнинг бу сиëсати ҳалигача давом этяпти. Ҳаттоки Каримов ҳукуматига моддий ëрдам ҳам кўрсатишяпти.
XS
SM
MD
LG