Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:20

Собиқ қулларга ёрдам кўрсатилди


Москва вилоятида озарбойжонликлар томонидан бир неча ой давомида қулликка сақланган элликка яқин ўзбекистонликдан бир гуруҳига Халқаро миграция ташкилоти махсус лойиҳаси асосида тиббий ва бошқа зарурий ёрдамлар кўрсатилди.

Ўзбекистоннинг ўнлаб фуқароси бир неча ой давомида сабзовот омборидан ташқарига чиқарилмай, озарбойжонликлар томонидан кунига 14 соат ишлашга мажбур қилинган. Россиядаги ахборот агентликлари хабарларига кўра, улар орасида аёллар ва икки ўсмир ҳам бўлган. Тутқунликдан қочишга муваффақ бўлган бир ўзбек аёли Россия Ички ишлар вазирлиги ходимларига бу ҳақда хабар берганидан сўнг ҳамюртлари озод этилди. Ўз паспортига қайта эга бўлганидан сўнг уларнинг бир қисми иш излаб бошқа жойларга келди. Орган ходимлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмаган 13 ўзбекистонлик эса Халқаро миграция ташкилотининг одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш лойиҳаси доирасида кўмак берилди.

Мазкур лойиҳа раҳбари ёрдамчиси Денис Тўйчиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда реабилитация марказига олиб келинган пайтда уларнинг аҳволи ёмон бўлганини айтди.

“Улар ёмон шароитда сақланган. Улар сабзавот омборининг ўзида қоғоз картонлар устида ухлаган. Шу боис, бизга келганларида уларнинг аҳволи ёмон эди. Реабилитация марказимиз барча зарурий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга. Шу боис, биз уларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатдик. Жўнаб кетишларидан олдин уларнинг аҳволлари анча яхшиланди”, – деди Денис Тўйчиев.

Денис Тўйчиевнинг айтишича, Халқаро миграция ташкилоти реабилитация марказида одам савдосидан жабрланган ўзбекистонликларга бепул ёрдам кўрсатилган.

“Уларга кўрсатилган ёрдам ва уйларига жўнаб кетиш билан боғлиқ барча сарф-харажатни Халқаро миграция ташкилоти ўз ҳисобидан қоплади. Улар 7 июнда олиб келинган эди. Марказимиз уларни кунига беш марта овқат билан таъминлади, уларга ташхис қўйди ва тиббий ёрдам кўрсатди. Улар июль ойи ўртасида жўнаб кетишди”, – деди Д.Тўйчиев.

У Халқаро миграция ташкилотининг Москвадаги идораси ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда самарали иш юритаётганини таъкидлади.

“Аввало шуни айтишим керакки, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги идорасидан бизга жуда кўп маълумот келади. Биз Россия ҳудудида ўша маълумотлар асосида иш юритамиз. Одатда одам савдосидан азият чеккан кишилар ўз яқинлари билан боғланиб дуч келган муаммоларини айтишганидан кейин қариндошлари Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги идорасига мурожаат қилишади. Ўз навбатида улар бизга маълумот йўллашади. Биз эса ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғланамиз. Одам савдоси қурбонларини Ўзбекистонга жўнатишда ҳам Халқаро миграция ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз”, – деди Д.Тўйчиев.
XS
SM
MD
LG