Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:45

Қозоғистон жанубий чегараларини янада мустаҳкамлайди


Қозоғистон бош вазири Карим Масимов мамлакатнинг жанубий чегараларини янада мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан ҳар қанча маблағ аялмаслигини маълум қилди.

Бундан бир ой аввал Қозоғистон ҳукумати ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Жибек жоли” ёки халқ орасида “Черняевка” номи билан юритиладиган чегара назорат пунктини қайта таъмирлаш, уни тартибга солиш ишларига 398 млн. танга ёки қарийб 3 млн. АҚШ доллари ажратганди.

Куни-кеча эса бош вазир Карим Масимов ҳозир мамлакатнинг Ўзбекистон билан давлат чегарасида буткул тартиб ўрнатилганини маълум қилди.

Шунингдек, бош вазир давлат чегараси ноқонуний кесиб ўтилмаслиги учун Қозоғистон ўзининг барча жанубий чегараларни ёпмоғи кераклигини, бу мамлакат миллий хавфсизлиги учун зарур эканини билдирди.

Айтиш жоизки, Қозоғистон ўзининг жанубий чегараларини мустаҳкамлаш ишларини айнан Ўзбекистон билан чегарадош ҳудуддан бошлади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Қозоғистоннинг бу ҳаракати ортида унинг қўшни Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсатга ишончсизлик ва унинг оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган ташқи хавф яширинганини таъкидлади.

“Ўзбекистон раҳбариятидан ҳар қандай разилликни, ҳар қандай хатти-ҳаракатларни кутиш мумкин. Қозоғистон Ўзбекистон ҳукуматига ишонмайди. Ўйлайманки, бу тадбирлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги алоқалар ривожи ва истиқболига қаттиқ салбий таъсир қилади”,-деди Т.Йўлдошев.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев эса Қозоғистоннинг ўзбек-қозоқ чегарасига катта эътибор қаратилишига мамлакатнинг ўз ички муаммолари сабаб эканини маълум қилди.

“Бу, аввало, мамлакатда юз берган ички иқтисодий инқироз сабаб амалга оширилмоқда. Бу мамлакатдаги банклар хориждан катта маблағни қарзга олиб, ҳозир қайтаришга мажбур бўлаётганидан ҳам келиб чиқмоқда. Ҳозир қурилиш объектлари тўхтаб қолган, мамлакатда ишсизлик кўп. Қозоғистонга Ўзбекистондан келаётган меҳнат мухожирлари оқими эса камаймаяпти. Ҳукумат улар мамлакатга келиб иш топа олмай, сўнг жиноятга қўл уради, деган фикрда. Шу сабабли ҳукумат жанубий чегараларни ёпишга ҳар қанча ҳаракат қилмоқда”,- деди Э.Полетаев.

Бироқ аксар кузатувчилар икки давлат чегараларида авж олган коррупция барҳам топмас экан, мамлакатга жанубий чегаралардан кириб келаётган хавф, яъни ноқонуний мигрантлар, наркотик моддалар ва контрабанда товарлари оқимининг олдини олиш имкони бўлмаслигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG