Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:24

Грузия Жанубий Осетияни тарк этганини билдирмоқда


Аваз Алиев Айрим оммавий ахборот воситалари Грузия Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Александр Ломалияга таяниб, расмий Тбилиси ҳарбий можарони тўхтатиш мақсадида ўз қўшинларини Жанубий Осетия ҳудудидан олиб чиққанини билдирди.

Бироқ Россия томони грузиялик ҳарбийлар Жанубий Осетия ҳудудида экани ва у ердаги вазият ҳануз кескин қолаётганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, Россия Мудофаа вазирлиги ўз қўшинлари Жанубий Осетия пойтахти Цхинвали устидан тўла назорат ўрнатганини маълум қилди.

Цхинвалидаги шиддатли жанглар 8 август куни Грузия қўшинларининг Жанубий Осетия ҳудуди устидан назоратни қайта ўрнатишга урингандан сўнг бошланиб кетганди. Россия расмий Тбилиси ҳаракатларига жавобан Шимолий Осетиядаги ҳарбийларни айирмачи ҳудудга киритиб, Грузиянинг айрим шаҳарларини бомбардимон қилди. Грузия Россия Жанубий Осетия ва Абхазияга жами 10 минг ҳарбийни киритганини билдирди.

Грузия шанба куни ўзаро ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган бўлса-да, Россия грузиялик ҳарбийларни Жанубий Осетиядан чиқарилишини талаб қилди. Минтақадан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Россия ҳарбий самолётлари Тбилиси ташқарисидаги ҳарбий аэропортни бомбардимон қилган.

Грузия телевиенисида махсус чиқиш қилган Грузия парламенти спикери Давид Бакрадзе Россия Грузия ҳудудига янги зарбаларни режалаштираётганини маълум қилди.

“Биздаги ишончли маълумотларга кўра, келаси бир неча соат ичида Россия қўшинлари Зугдиди шаҳри йўналишида зарба беришни режалаштирмоқда”,-деди Грузия парламенти спикери.

Грузиянинг яна бир исёнчи ўлкаси Абхазия ҳукумати ўз қўшинларини жанговар ҳолатга келтирмоқда.

Абхазия етакчиси Сергей Багапш сўзларига кўра, мингга яқин ҳарбий Грузия қўшинлари назоратида бўлган Кодор дарасига юборилмоқда.

Ҳозирча талафотлар тўғрисида ҳам турли маълумотлар берилмоқда. Россия ва Жанубий Осетия расмийлари тўқнашувларда 1500 киши нобуд бўлгани ва улардан аксарини тинч аҳоли вакиллари ташкил этганини таъкидламоқда.
Грузия ҳам Россияни Поти ва Гори шаҳарларида тинч аҳоли вакилларини нишонга олганликда айбламоқда.

Бироқ 9 август куни БМТ Хавфсизлик кенгашида чиқиш қилган Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин Россия қўшинлари атайлаб тинч аҳоли вакиларини нишонга олмаётганини таъкидлади.

“Биз Жанубий Осетия ташқарисида бўлган ҳудудни тортиб олганимиз йўқ. Иккинчидан, биз тинч аҳоли вакилларини нишонга олганимиз йўқ. Бундай йўқотишлар кузатилган бўлса, бу аянчли ҳолатдир”,- деди Виталий Чуркин.

Айни пайтда расмий Тбилиси АҚШдан Грузия-Россия можаросини ҳал этишда воситачилик қилишни сўрамоқда.

Грузия Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Александр Ломалия ўз ҳукумати АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсдан расмий Тбилиси таклифларини Москвага етказишни илтимос қилган.

Шунингдек, ЕИ, АҚШ ва НАТО вакиллардан ташкил топган расмий делегация айирмачи ўлкадаги можарони ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида Тбилисига йўл олди.
XS
SM
MD
LG