Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 22:59

Халқаро хабарлар

Канцлер президент билан учрашди

Германия канцлери Ангела Меркел Сочида Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашди.

Россиянинг Грузия билан ҳарбий можароси учрашувнинг диққат марказида бўлди. Германия Жанубий Осетиядаги можаро музокаралар йўли билан ҳал этилиши тарафдори эканини билдириб келмоқда.

Учрашувдан сўнг Дмитрий Медведев расмий Москванинг Грузиядаги ҳаракатларини ҳимоя қилиб, агар босим бўладиган бўлса, Россия иккиланмасдан худди шундай йўл тутишини маълум қилди.

Шунингдек, Д.Медведев расмий Москва Жанубий Осетия ва Абхазиянинг ўз мақомига оид ҳар қандай қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Якшанба куни А.Меркелнинг Тбилисига сафар қилиб, Грузия президенти Михаил Саакашвили билан учрашиши кутиляпти.

Кун янгиликлари

АҚШ жаҳон давлатларига 20 миллион доза вакцина жўнатади

АҚШ президент Жо Байден Виржиниядаги илмий марказлардан бирида.

АҚШ президенти Жо Байден июнь ойининг охиригача мамлакатда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Pfizer/BioNTech, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналарининг 20 миллион дозасини бошқа давлатларга ёрдам сифатида жўнатишга кўрсатма берди.

АҚШ қўланилишига рухсат берилган вакциналарни жаҳон ҳамжамияти билан биринчи маротаба бўлишмоқда.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати ҳозирча мамлакатда рўйхатга олинмаган AstraZeneca вакцинасининг 60 миллион дозасини бошқа давлатларга жўнатишни режалаштираётгани хабар қилинган.

Расмий маълумотларга қараганда АҚШда шу кунгача 272 миллион доза вакцина ишлатилган ва 340 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилган. АҚШ аҳолисининг 60 фоизи камида бир доза вакцина билан эмланган.

Қозоғистонлик машҳур ёзувчи Ўлжас Сулаймонов 85 ёшга тўлди

Машҳур ёзувчи 1936 йилда Олмаота шаҳрида туғилган.

Қозоғистон халқ ёзувчиси Ўлжас Сулаймонов 18 май куни 85 ёшга тўлди. Машҳур ёзувчи 1936 йилда Олмаота шаҳрида туғилган.

1970 йилларнинг охирларида “Аз и Я” китоби нашр қилинганидан сўнг Ўлжас Сулаймонов собиқ СССРнинг миллий республикаларида машҳур бўлиб кетган эди. Мазкур китобда русларнинг “Князь Игорнинг қўшини ҳақидаги достон” туркийзабон халқларга тегишли бўлгани иддао қилинган.

“Аз и Я” китобидаги “Ер, одамга сиғин!” деган жумла биринчи космонавт Юрий Гагариннинг қабртошига уйиб ёзилган.

Ўлжас Сулаймонов дипломат ва жамоат-сиёсат арбоби сифатида ҳам танилган.

Токиодаги шифокорларнинг йирик бирлашмаси Олимпиадани бекор қилишга чақирди

Токио Олимпиадасини бекор қилиш шиорини кўтарган фаол.

Токио Олимпиадасига уч ойдан кам вақт қолган бир пайтда Япониядаги нуфузли шифокорлар бирлашмаси ҳукуматни халқаро мусобақани бекор қилишга чақирди.

Япониядаги 6 минг шифокорни ўз атрофига бирлаштирган Амалиётчи врачлар иттифоқи Япония пойтахтидаги касалхоналар бугунги кунда коронавирусга чалинганлар билан тўлиб-тошганини билдирмоқда.

“Биз ҳукуматни Халақро олимпия қўмитасини мусобақаларни уюштириш жуда мураккаб бўлишига ишонтиришга ва мусобқани бекор қилишга чақирамиз”,-дейилади Япония Бош вазирига йўлланган мурожаатда.

Бундан ташқари Олимпиадани бекор қилиш чақириғи мавжуд онлайн – петицияни юз минглаб одам имзолади.

Токио Олимпиадаси 2020 йилда ўтказилиши белгиланган эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли у 2021 йилга қолдирилганди.

Исроил Ғазодаги COVID-19 га тест олинадиган ягона лабораторияни вайрон қилди

Ғазо минтақасидаги COVID-19 вирусига тест олинадиган ягона лаборатория Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбалари туфайли фаолият юрита олмайдиган ҳолга келди. Бу ҳақда The Times of Israel газетаси хабар қилди.

Газетанинг ҲАМАС вакиллари сўзларига таянган ҳолда ёзишича, зарбалар оқибатида Ал Римал шаҳридаги шифохонанинг лаборатория жойлашган қисми вайрон бўлган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қизил Ярим ой ташкилотининг Қатар бошқармаси ҳам зарар кўрган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазири Юсуф Абу ал-Ришнинг журналистларга маълум қилишича, вазирлик ходимлари орасида жароҳат олганлар бор, улардан айримларининг аҳволи оғир, дея баҳоланмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, Ғазо минтақасида мусбат тестлар даражаси 28 фоизга тенг бўлиб, бу дунё бўйича энг юқори кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Касалхоналар беморларга тўла.

Минтақада жами 103 минг кишида коронавирус аниқланган, COVID-19 билан боғлиқ хасталиклардан 930 дан зиёд инсон вафот этган, деб ёзган The Times of Israel.

Фаластин матбуоти 18 май куни Исроил мудофаа армияси бутун Ғазо минтақаси бўйлаб, жумладан ҲАМАСнинг соҳилбўйидаги кемаларига ёппасига зарба бергани ҳақида хабар қилди.

Кеча Washington Post газетаси Қўшма Штатлар Исроилга 735 миллион доллар қийматли ўта аниқ зарба берувчи қурол сотишга қарор қилгани тўғрисида ёзганди.

Можаро бошланган 10 майдан бери Ғазо минтақасида 192 киши, жумладан 58 нафар бола ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари ҲАМАС ўз қароргоҳларини турар-жой бинолари ёнида қуриб, оддий одамлардан қалқон ўрнида фойдаланаётганини иддао қилишмоқда.

“Коммерсантъ”: Байден билан Путин учрашуви Швейцарияда бўлиб ўтиши мумкин

Жо Байден (ч) ва Владимир Путин (ў)

АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путиннинг июнь ойига белгиланган учрашуви Швейцарияда бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашрга кўра, Кремль саммит ўтиши муҳтамал бўлган жойга оид маълумот бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

Учрашувга оид қарорнинг қабул қилиниши кўпроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида шу йил 19-20 май кунлари ўтказилиши кутилаётган музокараларга боғлиқ.

АҚШ Давлат департаменти раҳбари, “Америка овози” радиоси хабарига кўра, 17 май куни Данияга сафарини якунлаб, Арктика кенгашида иштирок этиш учун Рейкявикка йўл олган. Блинкен билан Лавров учрашуви айнан Исландия пойтахтида бўлиб ўтиши керак. Ўша ерда АҚШ ва Россия президентлари илк саммитининг аниқ вақти ва манзили айтилиши мумкин. Бу Жо Байден давлат раҳбари ўлароқ қасамёдга келтирилганидан кейин АҚШ ва Россия президентларининг биринчи саммити бўлади.

Лукашенко намойишчиларга қарата ўқ узишга рухсат берувчи қонунни имзолади

Минск кўчаларидан биридаги куч ишлатар тузилмалар ходимлари, 2021 йил марти

Александр Лукашенко қонун доирасида жисмоний куч ишлатиш, жанговар ва махсус техника, махсус воситалар ва қуролдан фойдаланиш натижасида етказилган зарар учун жавобгарликни куч ишлатар тузилмалар ходимлари зиммасидан соқит қилувчи қонунни имзолади.

Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, ушбу қонун милицияга оммавий тартибсизликларни бартараф этиш учун жанговар ва махсус техникани ишга солиш, шунингдек процессуал ҳаракатларни ўтказиш, жамоат тартибини, шахсий ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш учун фуқароларнинг фото ва видеотасвирга олишини тақиқлаш ҳуқуқини беради.

Милиция ходимларига қўлга олиш чоғида фуқароларни, уларнинг буюмларини ва автомобилларини кўздан кечиришга ҳам рухсат берилган. Ички ишлар идоралари жисмоний шахсларнинг ёзма розилигисиз улар ҳақида ахборот тизимларидан маълумот, жумладан шахсий маълумотларни олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.

Давлат ҳимояси амалдорлар, куч ишлатар тузилмалар ходимлари, судьялар, журналистлар, сайлов комиссияларининг аъзолари ва бошқа шахсларга нисбатан татбиқ этилади — бунинг учун ИИВ тегишли давлат идораси раҳбаридан мазкур шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига нисбатан тажовуз хавфи мавжудиги ҳақида хабарнома олган бўлиши керак.

Давлат ҳимоясига олинган шахс — бошқа ишга ўтказишдан тортиб, агар хавфсизликни таъминлашнинг бошқа йўли бўлмаса, қиёфасини ўзгартиришгача бўлган турли ҳимоя чораларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Беларусда 2020 йил августдан бери оммавий намойишлар ўтказилмоқда. Намойишчилар президент сайловининг расмий натижаларидан норози. Марказий сайлов комиссияси иддаосича, сайловда катта устунлик билан Александр Лукашенко ғалаба қозонган. Аммо “Голос” ижтимоий платформаси МСК маълумотини далиллар билан рад этишга муваффақ бўлган.

Намойишчилар Лукашенконинг ҳокимиятдан кетиши ва қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишмоқда. ЕИнинг қатор мамлакатлари, шунингдек Буюк Британия, АҚШ ва Канада Лукашенконинг легитимлигини тан олмай, Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар жорий этган.

Ўтган йил августида тинч намойишларда қатнашгани учун минглаб одам қўлга олинган, калтакланган ва жиноий таъқиб остига олинганди. Норозиларга нисбатан жиноят ишлари очиш ҳамон давом этмоқда. “Весна” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, бугунги кунда Беларусда 360 дан ортиқ сиёсий маҳбус бор.

Bloomberg: Россияликларнинг реал даромадлари 2009 йилдаги даражага тушиб кетди

Россия фуқароларининг реал даромадлари бундан 12 йил аввалги даражага тушиб кетган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Финляндия банки институти маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, даромадлар пасайиб кетганининг асосий сабаби Россияда иқтисодиётнинг ривожланмаётгани ва коронавирус пандемияси қабатида юзага келган иқтисодий инқироз бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ Россияда озиқ-овқат инфляцияси йиллик ҳисобда 8,2 фоизни ташкил этгани ҳамда ўтган йили мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи Европа Иттифоқидаги шу каби кўрсаткичдан 7,5 баравар кўп бўлгани очиқланганди.

Айни пайтда, FinExpertiza халқаро аудиторлик-консалтинг тармоғи маълумотига мувофиқ, жорий йилнинг илк ойида Россияда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сўнгги беш йил нисбатида рекорд даражада ошган.

Москва расмийлари академик Сахаровнинг 100 йиллигига бағишланган кўргазмага изн бермади

Андрей Сахаров (чапда). 1974 йилда олинган сурат.

17 май куни Москва ҳокимияти жаҳонга машҳур бўлган олим ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган фотокўргазмани ўтказишга рухсат бермади. Бу ҳақда The Insider нашри кўргазма ташкилотчилари сўзларига асосланиб хабар берди.

«2020 йил 23 мартда биз шаҳар маданият бўлимидан улар Чистопрудний бульварида кўргазма ўтказиш учун фотоустендларни тақдим этишга ҳозир эканликлари тўғрисида хат олдик. Сахаров маркази 15 апрель куни бўлимга экспозиция макетини юборди. У фақат Сахаровнинг суратлари, таниқли совет ва рус фотографлари томонидан олинган фотосуратлар, шунингдек, Андрей Дмитриевичнинг хотиралари, мақолалари ва нутқларидан иқтибосларни ўз ичига олади», - деди ташкилотчилар.

30 апрель куни ташкилотчилар расмийлардан оғзаки рад жавобини олган. 14 май куни уларга стендлар Ғалаба куни муносабати билан яна бир кўргазма учун керак бўлганини айтишган.

11 май куни Сахаров маркази Москва Маданият бошқармасидан ўз қарорини расман изоҳлаб беришни сўраган. Москва расмийлари ҳозирча бу сўровга жавоб бермади.

Уч марта Социалистик меҳнат қаҳрамони, энг даҳшатли қуроллардан бири - водород бомбасининг асосчиси Сахаров 1975 йилда Нобель Тинчлик мукофоти лауреати бўлган. Мазкур мукофот унга 1950 йилларнинг охирларидан бошлаб жаҳонда оммавий қирғин қуролларини қисқартиришга ва СССРдаги сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун берилди.

У Совет Армиясининг Афғонистонга киритилишига қарши фикр билдиргани учун 1980 йилда СССР ҳукумати қарори билан Москвадан олис ҳудудга бадарға қилинган. Унга 1986 йилдагина Москвага қайтишга рухсат берилган. У Москвада 1989 йилда 68 ёшида вафот этган.

Қирғизистонда Қумтор олтин кони жанжали авж олмоқда

Қумторни 1992 йилдан бери ишлатиб келаётган Centerra Gold Бишкек устидан арбитраж судига мурожаат қилди.

Қирғизистонда йирик Қумтор олтин конини бошқариш учун кураш авж олмоқда. Ҳукумат комиссияси кон бошқарувини Канаданинг Centerra Gold ширкатидан тортиб олишни таклиф қилди. Ширкат эса, ўз навбатида, Бишкек олтин конини қайта миллийлаштиришга уринаётгани учун судга мурожаат қилганини билдирди.

17 май куни Қирғизистон ҳукумати комиссияси раиси Ақилбек Жапаров комиссия конни Centerra Gold ишлатишига йўл очган битим «коррупция ҳамда хавфсизлик ва атроф-муҳит қоидалари бузилгани» учун бекор қилиниши керак, деган хулосага келганини айтди.

«Давлат комиссияси 1992, 2003, 2009 ва 2017 йилларда Қумторда фаолият юритиш бўйича имзоланган битимлар Қирғизистоннинг миллий манфаатларига мос келмаслиги, Қирғизистон давлат суверенитетини бузишга қаратилгани ва ўша пайтдаги Қирғизистон расмийларининг порахўрлиги асосида қабул қилинганини аниқлади», - деди Ақилбек Жапаров.

14 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳукуматга Қумтор олтин конини вақтинча бошқариш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини имзолаганди.

Қонунга кўра, агар Қирғизистонда концессия асосида фаолият юритаётган ширкат экологик қоидаларни бузса, маҳаллий атроф-муҳитга ёки одамлар ҳаётига зарар етказса ёки хавф туғдирса, ёинки бошқа бирон бир йирик зарар етказса, ҳукумат уч ой муддатга ушбу ширкат назоратини ўз қўлига олишга ҳақлидир.

Бунинг ортидан конни 1992 йилдан бери ишлатиб келаётган Centerra Gold Бишкек устидан арбитраж судига мурожаат қилди.

АҚШ Исроилга мўлжалга аниқ урадиган қурол сотиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди

Ғазо минтақаси билан чегарадош ҳудуддаги Исроил ҳарбийлари. 2021 йилнинг май ойи.

АҚШ Исроилга умумий қиймати 735 миллион доллар бўлган мўлжалга аниқ урадиган қурол сотиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

The Washington Post газетасининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, президент Жо Байден маъмурияти бу ҳақда Конгрессни 5 май куни, яъни Исроил ва Фаластин ўртасидаги низо бошланишидан бир неча кун олдин огоҳлантирган.

The Washington Post газетасининг ёзишича, Конгрессдаги айрим демократлар АҚШнинг Исроилга аниқ мўлжалга урадиган қурол сотиш қароридан ташвиш билдирмоқда.

Уларга кўра, бу ҳолат Исроил ва Фаластин низосини янада кучайиб кетишига хизмат қилади.

Исроил бугунги кунда мўлжалга аниқ урадиган қуролга эга. Исроил ҳарбийлари Ғазога отилаётган бомбалар тинч аҳолига зарар етказмаслик учун ҲАМАС гуруҳининг объектларини аниқ мўлжалга олаётганини иддао қилмоқда.

Бироқ шу кунгача Фаластинда 192 киши ҳалок бўлган ва улардан 58 нафари болалардир.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси. Икки давлат фуқаролари бир-бирларини гаровга олди

Апрелдаги тўқнашувларда Қирғизистоннинг вайрон бўлган қишлоқларидан бири.

17 май куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара яқинидаги қишлоқларида икки мамлакат фуқаролари қўшни мамлакат фуқароларини ўзбошимчалик билан қўлга олган.

Ўша куни олиб борилган музокаралар ортидан қўлга олинган шахслар қўйиб юборилган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, Боткен вилоятидаги Оқсой қишлоғи турғунлари Тожикистоннинг уч нафар фуқаросини ҳибсга олиб, Қирғизистонга нима мақсад билган келганини аниқлаш учун полицияга топширган.

Айни пайтда тожикистонликлар Ворух орқали яйловдан қайтиб келаётган уч нафар Қирғизистон фуқаросини қўлга олган.

«Боткен ва Сўғд вилоятлари раҳбарлари ўртасида телефон орқали музокаралар ўтказилди ва икки вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига музокаралар ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Маҳаллий аҳоли билан ўтказилган учрашув ортидан ҳар икки томон ҳибсга олган фуқаролар қўйиб юборилди», - дея баёнот берди Боткен вилояти ҳокимлиги.

Дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан ҳибсга олинган Қирғизистон фуқаролари калтакланиб, касалхонага юборилган.

Жорий йилнинг 28 апрель – 1 май кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлди. Тўқнашувларда Қирғизистонда камида 36 киши, Тожикистонда эса 19 нафар одам нобуд бўлди.

Исроил ҳаво кучлари Ғазода Ҳамас объектларига зарба беришда давом этмоқда

Бобмардимон қилинаётган Ғазо манзараси.

Душанбага ўтар кечаси ва душанба куни Исроил ҳарбий учоқлари Ғазо шаҳрини бомбардимон қилишда давом этди.

Ғазодаги Reuters мухбирининг хабар беришича, бир кечада 100 дан ортиқ зарба берилган.

Исроил мудофааси армияси Twitterда зарбалар Ғазодаги «террор объектларини нишонга олганини» таъкидлади.

Хусусан, Исроил армияси Ҳамас радикал гуруҳи қароргоҳи бўлган тўққиз иморат нишонга олинганини билдирди. Хабарларга кўра, нишонга олинган уйларнинг айримларида қурол-аслаҳа омборлари топилган.

Associated Press агентлиги ҳужум 10 дақиқа давом этгани ва йирик ҳудудни қамраб олганини хабар қилди. Якшанба кунги ҳужумларда 42 нафар фаластинлик ҳалок бўлган эди.

Электр энергиясини тақсимловчи ширкат ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо шаҳрининг асосий ҳудудларига электр етказувчи тармоқ зарар кўрганини билдирди.

Ҳамас радикал гуруҳи эса Исроилнинг Ашкелон, Ашдод, Нетивот ва бошқа шаҳарларига юзлаб ракета отган.

Ракеталарнинг аксарияти Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан нейтраллаштирилган.

Сўнгги хабарларга кўра, Исроил томонидан Ғазога йўлланган авиазарбалар оқибатида камида 192 нафар фаластинлик, шу жумладан, 58 ёш бола.

Ғазодан учирилган 3 мингдан ошиқ ракета ҳужумидан эса Исроилда 10 киши ҳалок бўлган.

Ғазо минтақаси: Исроил авиазарбаларидан нобуд бўлганлар сони 180 нафардан ошди

Исроилнинг Фаластин ҳудудига йўллаган авиазарбаларидан 16 май куни 33 нафар киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий тиббиёт хизматчилари маълум қилишган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари якшанба тонгида Ғазо шаҳри марказидаги уйларга ҳужум қилганди.

Можаро бошланган 10 май санасидан бери ҳалок бўлганларнинг умумий сони 181 нафарга етган, шундан 52 нафари болалардир. Исроилда эса ҲАМАСнинг ракета зарбалари оқибатида 10 киши, жумладан икки бола ҳаётдан кўз юмган.

Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, БМТ ва АҚШнинг минтақада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш чақириқларига қарамай, фаластинлик жангариларга қарши кампания “қанча керак бўлса, шунча давом этиши”ни айтганди.

Исроил армияси 16 май куни ҲАМАС сиёсий қаноти раҳбари Яҳё Синварнинг Ғазо минтақасидаги уйига ҳаводан зарба йўлланганини эълон қилди, аммо хабарномада Синварнинг ўлгани ёки тириклиги ҳақида лом-мим дейилмаган.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо минтақасидаги қатор ОАВ, жумладан Американинг Associated Press (AP) хабар агентлиги ҳамда Қатарнинг Al Jazeera телеканали офислари жойлашган баланд бинони вайрон қилган. Бинода 60 га яқин хонадон ҳам бўлган.

10 майдан буён ҲАМАС Исроилга қарата икки мингдан ортиқ ракета отди. ЦАХАЛ эса бунга жавобан жангариларга қарши ҳавода, денгизда ва қуруқликда кенг кўламли амалиётлар олиб бормоқда.

Мьянма: Ҳарбий хунтага қарши курашаётганлар орасида қурбонлар сони ошиб бормоқда

Мьянмада жанглар кетаётган ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлган қочқинлар вақтинча жунглида яшашмоқда (архив сурати)

Мьянма шимолий-ғарбидаги Миндат шаҳрида (Ҳиндистон чегараси яқинида) ҳарбийлар билан тўқнашув натижасида камида беш киши ўлдирилган, ўн киши яраланган, яна беш киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда Франция халқаро радиоси Чин штати озодлик кучларини тамсил этувчи исёнчилардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

13 май куни Миндатда ҳарбий ҳолат эълон қилинган. 40 минг киши яшайдиган шаҳарда исёнчилар ҳаракати пайдо бўлган. Улар қўлбола қуроллар ёки ғанимат олинган аслаҳалар билан қуролланишган.

Ўтган шанба куни исёнчилар шаҳарга келган ҳарбийларга пистирмадан ҳужум қилишиб, бир неча юк автомобилини ёқиб юборишган. Бироқ аскарлар тўпларни ишга солишганидан кейин исёнчилар шаҳарни тарк этиб, жунгли ичига яширинишга мажбур бўлишган. Франс Пресс агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида улар тез орада қайтишни ваъда қилишган.

Аввалроқ халқаро нашрлар Мьянмадаги қаршилик ҳаракатига собиқ “гўзаллик маликаси” Хтар Хтет Хтет ҳам қўшилгани ҳақида хабар тарқатгандилар. У 2013 йили Таиландда ўтган гўзаллик кўрик-танловида Мьянмани тамсил этганди.

Беларусь: ҳибсга олинган журналистлар қийноқлардан арз қилишди

Беларуслик икки журналист, шу жумладан Германиянинг “Немис тўлқини” давлат телерадиоширкати жамоатчи мухбири 15 май куни суд қарори билан 15 суткага қамалди. “Немис тўлқини” хабарига кўра, журналистлар дастлабки ҳибс чоғида қийноққа солинган.

“Немис тўлқини”нинг жамоатчи мухбири Александр Бураков ҳамда Могилёвдаги янгиликлар портали ходими Владимир Лаптевич 12 май куни Могилёв шаҳридаги вилоят суди биноси ёнида қўлга олинганди.

Иккала мухбир ҳам мухолиф сиёсатчи Павел Северинцев ва Беларусь мухолифатининг бошқа вакиллари устидан бўлаётган суд жараёнини ёритишаётган эди.

Могилёв суди Бураков ва Лаптевични “рухсат берилмаган тадбир”да иштирок этганликда айбдор, деб топган.

Суд тинглови чоғида Бураков дастлабки ҳибс вақтида уни “қийноққа солишгани ва ғайриинсоний муносабатда бўлишгани”ни маълум қилган.

“Бураков соқчилар уни кечалари бир неча марта уйғотиб, қип-яланғоч бўлиб ечинишга мажбур қилишганини айтди”, дея хабар берди “Немис тўлқини”.

Беларусь Журналистлар ассоциацияси маълумотига кўра, Лаптевич ҳам ҳибсда қийноққа тутилганини айтган. Иккала журналист норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилганлар.

“Немис тўлқини” журналистларга нисбатан “тобора шафқатсиз муносабатда бўлаётган” Лукашенко режимидан ёзғириб, расмийларни суд ҳукмини дарҳол бекор қилишга чақирди.

“Биз матбуотнинг Беларусь Конституциясида кафолатланган ҳуқуқлари бузилишига қатъиян қаршимиз”, деган “Немис тўлқини” бош директори Питер Лимбург.

Беларусь Журналистлар ассоциациясига кўра, бугунги кунда мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситаларининг 16 нафар ходими ҳибсда сақланмоқда.

Ўтган ҳафтада Беларусь ҳукумати журналист Татьяна Кпитоновани рухсат этилмаган норозилик акциясида иштирок этганликда айблаб, 10 суткага қаматганди.

Жума куни эса Беларусда етакчи мустақил ОАВ бўлмиш TUT.BY портали мухбири Любовь Касперович қўлга олингани маълум бўлди. У талабалар устидан ўтказилаётган суд жараёни ҳақида репортаж тайёрлаётган чоғида ҳибсга олинган.

Афғонистонда уч кунлик оташкесимдан сўнг жанглар қайта бошланди

Ҳилманд вилояти маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳри

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида 16 май куни толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар қайта бошланди.

Аввалроқ Толибон ҳаракати Рамазон ҳайити муносабати билан 3 кунлик оташкесим эълон қилган ва бу муддат якшанба куни тугаган.

Ҳилманд вилояти шўроси раиси Атоуллоҳ Афғон Франс Пресс агентлигига жанглар якшанба тонгида бошланганини маълум қилган.

Унга кўра, толиблар вилоят маркази бўлмиш Лашкаргоҳдаги ва бошқа жойлардаги назорат-ўтказиш масканларига ҳужум қилганлар.

Айни пайтда Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид амалиёт ҳукумат кучлари томонидан бошлангани, бироқ улар оташкесим тартибининг бузилишида толибларни айблаётганини билдирди.

Уч кунлик оташкесим чоғида Кобулдаги масжидга ҳужум уюштирилиб, у ерда 12 нафар намозхон нобуд бўлган. Ҳужум учун масъулиятни кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган ИШИД ўз зиммасига олган.

Афғонистон расмийлари Толибон билан 2020 йил сентябридан бери Қатарда музокаралар олиб борганлар, бироқ бу музокаралар ҳалигача реал натижа бергани йўқ.

Музокаралар пайтида эришилган ягона келишув АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши шартлиги ҳамда Толибоннинг расмий Кобул билан тинчлик музокараларини олиб бориши ва чет эллик ёлланма жангариларга Афғонистондан бошпана бермаслиги бўлган.

Аввалроқ Афғонистондаги хорижлик аскарларнинг барчаси, жумладан америкалик ҳарбийлар жорий йил 11 сентябригача мамлакатни тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалган.

Қозоғистонда Instagramда сатирик постларни ёзган блогер ҳибсга олинди

Енсенбек айнан қайси постлари учун ҳибсга олингани номаълум.

Қозоғистон полицияси Instagramда сатирик постларни ёзган блогер Темирлан Енсебекни ҳибсга олди.

15 май куни полиция Eнсебекнинг Олмаотадаги уйини тинтув қилган ва жиҳозларини тортиб олган. Бу ҳақда унинг рафиқаси Озодликка сўзлаб берди.

Енсебек авторитар мамлакатда сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи «Оян, Қазақстан» (Уйғон, Қозоғистон!) гуруҳига аъзо бўлган.

Блогернинг бир нечта тарафдори у сўроқ қилинаётган полиция идораси олдида тўпланиб, норозилик билдирган.
Есенбекнинг рафиқаси сўзларига кўра, эри жамоат тартибини хавф остига қўядиган ёлғон маълумотни қасддан тарқатганликда айбланиши мумкин.

Енсенбек айнан қайси постлари учун ҳибсга олингани номаълум. Унинг Instagramдаги qaznews24 саҳифасидаги барча постлар ўчирилган.

Енсебекнинг авторитар тузумини мазах қилган баъзи сатирик постлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилингани айтилмоқда.

Россия АҚШ ва Чехияни расман «дўст бўлмаган давлат» деб эълон қилди

Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Россия ҳукуматининг бу ҳаракатини дипломатик алоқаларни ёмонлаштирувчи навбатдаги қадам, деб атади.

Европа Кенгаши Россиянинг АҚШ ва Чехияни «дўст бўлмаган давлатлар» деб белгилаш тўғрисидаги қарорини танқид қилди. Россияда дўстона эмас деб топилган мамлакатларнинг дипломатик миссиялари фаолияти чекланади.

14 май куни Россия ҳукумати нодўстона давлатлар рўйхатини эълон қилди. Унда бор-йўғи икки давлат – АҚШ ва Чехия бор. Россия ҳукумати агар бошқа мамлакатлар ҳам «нодўстона» иш тутса, улар ҳам рўйхатга киритилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ҳуқуқий маълумотларнинг расмий Интернет-порталида эълон қилинган қарорда Чехия дипломатик ваколатхонаси Россияда кўпи билан 19 нафар россиялик ишчи ёллай олиши, АҚШ элчихонасига эса россияликларни ёллашга рухсат берилмаслиги айтилган.

15 май куни Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Россия ҳукуматининг бу ҳаракатини дипломатик алоқаларни ёмонлаштирувчи навбатдаги қадам, деб атади.

Ўтган ой Чехия ҳукумати Россияни диверсияда айблаганди. Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицадаги қурол омбори портлаши билан боғлиқ ҳодисага Россия бош разведка бошқармаси ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилганди.

Бу айбловлар Чехия ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига олиб келди.

Жонсон британияликларни коронавируснинг Ҳиндистонда аниқланган штамми ҳақида огоҳлантирди

Британия бош вазири Борис Жонсон.

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавируснинг илк бор Ҳиндистонда аниқланган тури Британияда ҳам қайд этилгани ва мамлакатнинг коронавирусга қарши курашда эришган ютуқларига жиддий таҳдид солаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Жонсоннинг сўзларига кўра, чекловларни юмшатишнинг навбатдаги босқичи 17 май куни режалаштирилганидек амалга оширилади, аммо янги штамм солаётган таҳдид туфайли барча чекловлар ваъда қилингандек 21 июнь куни бекор қилинмаслиги мумкин.

Британия коронавируснинг ҳинд штаммини юқтирганлар сони бир ҳафта ичида икки бараварга ошган. Шу сабабдан ҳукумат Англиянинг икки шаҳрига уйма-уй юриб тест олиш учун мутахассис юборган.

Ҳукумат илмий маслаҳатчиларининг таъкидлашича, янги штамм Буюк Британияда тарқалаётган вирус туридан юқумлироқдир.

Бу орада Ҳиндистоннинг икки йирик шаҳрида вирус юқтираётганлар сони озая бошлади. Аммо ҳукумат мамлакатни қамраб олган даҳшатли тўлқин эндиликда 1,4 миллиард аҳолининг қарийб учдан икки қисми яшайдиган қишлоқ жойларда тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Бош вазир Нарендра Моди аҳолини қишлоқ жойларида эҳтиёт чораларини кўришга чақирди ва ҳукумат коронавирусга қаши курашга барча ресурсларни, шу жумладан, ҳарбийларни сафарбар қилишини айтди.

Нетаняҳу: Ғазога қанча лозим бўлса, шунча зарба берамиз

Фаластиннинг Ғазо минтақаси манзараси. 2021 йилнинг 14 майи.

15 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтон ва БМТнинг ўт очишни тўхтатиш талабларига қарамай, Фаластин жангариларига қарши давом этаётган ҳарбий кампания «қанча лозим бўлса, шунча давом этишини» айтди.

Нетаняҳунинг ушбу баёнотидан олдин Исроил Ғазони назорат қилувчи ҲАМАС исломий гуруҳи қўмондонларига қарши қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

«Яширинолмайсиз – на ер устида, на остида», - деди Нетаняҳу.

Исроил ҳарбийлари 15 май куни амалга оширган ҳаво ҳужумларида ҲАМАСнинг юқори мартабали сиёсий арбоби уйи нишонга олинди. Ҳужумда Ғазо шаҳридаги халқаро оммавий ахборот воситалари офислари жойлашган кўп қаватли иморат вайрон бўлди.

Фаластинликларнинг сўзларига кўра, Ғазода 10 май куни бошланган тўқнашувларда бугунга қадар 145 дан зиёд киши, шу жумладан, 41 ёш бола нобуд бўлган, 1 100 нафар киши яраланган. Исроил эса 10 киши, шу жумладан, икки ёш бола ҳалок бўлганини хабар қилди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тинч аҳоли қурбон бўлаётганидан кескин хавотир изҳор қилди ва Исроил оммавий ахборот идоралари жойлашган бинога зарба берганидан «қаттиқ ташвишланаётганини» айтди.

15 май куни АҚШ президенти Жо Байден Нетаняҳу ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан суҳбатлашиб, тарафларни ўт очишни тўхтатишга чорлади.

Блинкен илк маротаба Лавров билан юзма-юз учрашади

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 16 май куни Дания, Исландия ва Гренландияга беш кунлик хизмат сафарини бошлайди.

Сафар давомида Блинкен Арктика Кенгаши йиғинида иштирок этади. Шунингдек, Блинкен Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан биринчи марта юзма-юз учрашади.

Блинкен сафарини Копенгагендан бошлайди. У ерда АҚШ дипломати Дания бош вазири Метте Фредериксен ва ташқи ишлар вазири Жеппе Кофод билан «иқлим инқирозига қарши кураш ва трансатлантик муносабатларни мустаҳкамлаш» масалаларини муҳокама қилади.

Блинкен Дания раҳбарлари билан АҚШнинг яшил технологиялар ва Арктикада экологик барқарорликни сақлашга содиқлигини урғулайди. 17 май куни котиб Исландиянинг Рейкявик шаҳрига отланади. У ерда 19 май саккиз аъзодан иборат Арктика Кенгаши саммити бошланади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Блинкен Лавров билан «ўзаро муносабатлар билан боғлиқ масалалар ва халқаро кун тартибини» муҳокама қилишини билдирди.

Жапаров Қумтор олтин кони бошқарувини ҳукуматга ўтказишга йўл очувчи қонунни имзолади

14 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳукуматга Қумтор олтин конини вақтинча бошқариш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини имзолади. Конни ишлатиб келаётган Centerra Gold Канада ширкати бу қарорни ширкатни мамлакатдан чиқариб юбориш уриниши деб баҳолади.

Қонунга кўра, агар Қирғизистонда концессия асосида фаолият юритаётган ширкат экологик қоидаларни бузса, маҳаллий атроф-муҳитга ёки одамлар ҳаётига зарар етказса ёки хавф туғдирса, ёинки бошқа бирон бир йирик зарар етказса, ҳукумат уч ой муддатга ушбу ширкат назоратини ўз қўлига олишга ҳақлидир.

Centerra Gold ширкатига қарашли Kumtor Gold Company Қирғизистонда энг йирик солиқ тўловчи ширкатдир. Шунингдек, Kumtor Gold Company собиқ совет республикаларида концессия шартномаси асосида ишлайдиган ягона ширкатдир.

Centerra Gold Қумтор конини 1992 йилдан бери ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади.

Президент Жапаров 2017 йилнинг мартида 11 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У 2013 йилнинг октябрида Қорақўл шаҳрида Қумтор олтин конига қарши намойишлар давомида вилоят ҳокимини ўғирлаб кетиб, асир олишда айбдор деб топилган. Ўтган йилги парламент сайловлари ортидан юзага келган тўс-тўполонда Жапаров тарафдорлари уни қамоқдан чиқарган.

Россияда нефть ўғирлаш схемаларини фош қилган журналист 8 йилга қамалди

Ғарбий Сибирда катта миқдорда нефть ўғирланганини фош қилгани учун терговчилар таъқибига учраган россиялик журналист Эдуард Шмонин шантаж ва порнографияда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.

Радио Свободанинг хабар беришича, 14 май куни Россиянинг нефтга бой Ханти-Манси автоном округидаги Сургут шаҳри суди Шмонинни саккиз йилга қамаш ҳукмини чиқарган.

«Компромат» сайтини юритган Шмонин ўтказган журналистик суриштирув Радио Свобода Россиянинг қувур тармоғидан саноат миқёсида нефть ўғирланаётгани тўғрисидаги мустақил суриштируви учун асос бўлган эди.

Март ойида нашр этилган суриштирув Шмонин томонидан олдинроқ аниқланган кўплаб тафсилотларни тасдиқлади ва нефть ўғирлаш схемаларида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари роли тўғрисида янги далилларни тақдим этди.

Шмонинга бир неча айблов, жумладан, собиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига туҳмат қилиш айблови қўйилганди. Ушбу айбловларнинг аксарияти бекор қилинди ва фақат маҳаллий депутатни шантаж қилиши ҳамда ноқонуний тарзда порнографияни тарқатиши айбловлари қолдирилди. Иккала айбловга депутат ва бошқа эркак жинсий алоқаси акс этган видео асос бўлган.

Навальнийни қўллаган Москва метроси ходимлари ишдан ҳайдалди

Москва метроси қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаган ўнлаб ходимни ишдан ҳайдаган. Бу ҳақда мустақил «Дождь ТВ» телеканали хабар бермоқда.

Ўтган ой Навальнийнинг юзлаб тарафдори исми ва ҳатто қаерда ишлаши кўрсатилган маълумотлар базаси тарқалган эди.

«Дождь ТВ» телеканали маълумотлар базасида Москва метроси ишчилари ўлароқ кўрсатилган шахслар билан боғланган. Уларнинг 33 нафари маълумотлар базаси сиздирилиши ортидан ишдан бўшатилганини тасдиқлаган.

Метронинг собиқ ишчиларини чақириб, уларнинг хизматлари бошқа керак эмаслиги айтишган. Айрим ҳолатларда ишчилар бирор изоҳсиз ишдан бўшатилган.

Метро ишчилари ўз ихтиёрлари билан ишдан кетаётганликлари ҳақидаги ҳужжатларни имзолашга ундалган. Акс ҳолда интизомни бузганликлари учун ишдан бўшатилганлари қайд этилишини айтиб, таҳдид солишган.

Ишчиларнинг сўзларига кўра, норасмий муҳокамаларда ишдан бўшатиш тўғрисида «юқоридан буйруқ келганини» айтишган.

Россия АҚШ ва Чехияни "нодўстона давлатлар" деб эълон қилди

Россия ҳукумати нодўстона давлатлар рўйхатини эълон қилди. Унда бор-йўғи икки давлат – АҚШ ва Чехия бор.

Ҳуқуқий маълумотларнинг расмий Интернет-порталида эълон қилинган қарорда Чехия дипломатик ваколатхонаси Россияда кўпи билан 19 нафар россиялик ишчи ёллай олиши, АҚШ элчихонасига эса россияликларни ёллашга рухсат берилмаслиги айтилган.

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги Москванинг бу қарорини нафақат Прага, балки Европа Иттифоқи билан муносабатларни кескинлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам деб ҳисоблашини айтди.

АҚШ ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Ўтган ой Чехия ҳукумати Россияни диверсияда айблаганди.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицадаги қурол омбори портлаши билан боғлиқ ҳодисага Россия бош разведка бошқармаси ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилганди.

Бу айбловлар Чехия ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига олиб келди.

Врбетицадаги портлашлар 2014 йил 16 октябрда ва 3 декабрда юз берган. Портлашлар оқибатида 2та омбор йўқ бўлган, 2 киши ҳалок бўлган.

Бир ярим ойдан кейин биринчи омбордан бир километр узоқликда жойлашган бошқа омборда кучли портлаш содир бўлган. Бу ерда 100 тоннага яқин ўқ-дори сақланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG