Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:37

Россия қўшинларини олиб чиқишга рози


Россия Тбилиси раҳбарияти ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартномани имзолаганидан сўнг ўзининг доимий қўшинларини Грузия ҳудудидан олиб чиқишга розилик билдирди.

Томонлар ўртасида эришилган келишувга мувофиқ Россиянинг ҳарбий қисмлари Грузияда қуролли можаро бошланишидан аввал эгаллаб турган позицияларига қайтарилади.

Россия президенти Дмитрий Медведев Россиянинг доимий қўшинларини Грузиядан олиб чиқиш 18 август куни тушда бошланишини билдирди.

Шартнома имзоланишида воситачилик қилган Франция президентининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Д.Медведев Франция президенти Николя Саркози билан телефон орқали сўзлашувда шу ҳақда ваъда берган. Саркози Медведевни агар Россия Грузия билан эришилган шартнома талабларини бажармаса, Россия ва Европа Иттифоқи муносабатларига путур етиши ва “жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги” ҳақида огоҳлантирган.

16 август куни Россия ўт очишни тўхтатишга, шунингдек, Россия қўшинларини Грузияда қуролли можаро бошланишидан аввал эгаллаб турган позицияларга қайтаришга рози бўлган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шанба куни Россия қўшинларини олиб чиқиш муддати ҳали белгиланмаганини айтганди. У қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилганидан сўнг муваффақиятга эришилишини таъкидлаганди.

“Биз доим Грузия томони яратаётган муаммоларга дуч келяпмиз. Ҳамма нарса бу муаммолар қанчали тез ва самарали ҳал этилишига боғлиқ, – деганди Россия ташқи ишлар вазири.

Жанубий Осетия ва Абхазия борасида Грузия-Россия ўртасида юзага келган бўҳронга ечим топиш мақсадида Германия канцлери Ангела Меркел Европа Иттифоқи вакили сифатида Тбилисига келди.

Грузия президенти Михаил Саакашвили билан музокарадан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида канцлер хоним Россия қўшинлари халқаро ҳамжамият хоҳлаганидек Грузиядан тезда олиб чиқилмаётганини таъкидлади.

Жума куни Москвада бўлиб ўтган учрашувда Германия канцлери Россия президенти Дмитрий Медведевдан Россия қўшинларининг Грузия ҳудудидан олиб чиқилишини талаб қилган.

АҚШ президети Жорж Буш эса Россиянинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзолагани умид уйғотаётганини айтиш баробарида Жанубий Осетия ва Абхазия Грузиянинг ажралмас ҳудудлари бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.

“Халқаро ҳамжамият Жанубий Осетия ва Абхазияни Грузиянинг бир қисми, деб тан олишини аниқ ва равшан таъкидлаган. АҚШ ҳам бу воқеликни тўлиқ тан олади ва Грузиядаги демократик жараёнларни, Грузиянинг суверенлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолишини қўллаб-қувватлашни давом эттиради”, – деди АҚШ раҳбари.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Россия бу гал берган ваъдасини бажаришига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG