Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:47

Парвез Мушарраф истеъфога чиқди


Ўз мухолифлари билан ярашув учун қилган ҳаракатлари наф бермаганини таъкидлаган Покистон президенти Парвез Мушарраф телевидение орқали чиқиш қилиб, ўзининг истеъфога берганини эълон қилди.

Мухолифлари президентни конституцияга хилоф ҳаракатлар қилганликда айблаган ва агар ихтиёрий равишда истеъфога чиқмаса, унга импичмент эълон қилиш ҳаракати бошланишини билдирган эди.

Ўзига қўйилган айбловлар асоссиз эканини таъкидлаган П.Мушарраф истеъфога чиқиш қарори Миллий ассамблея спикерига етказилишини маълум қилди.

У, шунингдек, президентлиги чоғидаги хатолар атайин қилинмагани ва ўзини “халқ қўлига” топшираётганини айтди.

П.Мушарраф АҚШнинг исломий экстремизмга қарши курашдаги энг кучли иттифоқчиларидан бири бўлиб келгани айтилади.

У 1943 йилда дипломат мулозим оиласида уч ўғилдан бири бўлиб дунëга келди. Отаси Туркиядаги элчихонада ишлагани боис, П.Мушаррафнинг болалик даври Туркияда ўтди. Илк таҳсилни христиан мактабида олган П.Мушараф кейинчалик ҳарбий академияда ўқиди.

Покистон армиясида генерал рутбасини олган Мушарраф 1999 йил 12 октябрь куни Навоз Шариф ҳукуматини ағдаришга бошчилик қилди.

Давлат тўнтаришидан сўнг Мушарраф президент лавозимини эгаллади.
2003-2005 йиллар давомида у ўзига қарши уюштирилган учта суиқасддан омон қолди.

2007 йили бўлиб ўтган сайловда П.Мушарраф ғолиб бўлди, аммо Олий суд ҳарбий лавозимдаги шахснинг айни вақтда давлатни бошқаришини қонунсиз, деб топди. Ана шундан кейин Мушарраф қўмондонлик лавозимидан воз кечиб, фуқаро президент бўлди.

“П.Мушарраф АҚШга яқин либерал гуруҳлар вакили эди,- дейди таҳлилчи Малик Абдураззоқов. - Покистондаги ўзгаришлар Марказий Осиёга таъсир ўтказмай қолмайди. Покистонда тинчлик бўлмаса, Афғонистонда тинчлик бўлмайди. Афғонистонда тинчлик бўлмаса, МОда тинчлик бўлишини эсдан чиқариш мумкин. Ғайримиллатчи ëки диний экстремистик қанақадир гуруҳ, Худо сақласин, ҳокимият тепасига келиб қолса, бу Ўзбекистонга ҳам жуда салбий таъсир кўрсатади. Биринчи муаммо, бу Афғонистондаги ва Покистондаги сиëсат. Агар бу ерда НАТО ва АҚШ коалиция кучлари мағлубиятга учраса, демак Ўзбекистон ҳам мағлубиятга учради, деган гап”.

Малик Абдураззоқов фикрича, П.Мушаррафнинг истеъфоси Покистондаги ўзбек жангарилари учун айни муддао бўлган.

“Бу нуқтаи назардан Ўзбекистонда битта муаммо пайдо бўлиши мумкин. Албатта, Покистон ҳудудида Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган террор гуруҳлари базалари бор. Бу бошқа ҳеч қаерда йўқ. П.Мушарраф бу гуруҳларга қарши курашишга тайëргарлик кўраëтган эди”,- деди М.Абдураззоқов.

М.Абдураззоқов Парвез Мушарраф Тошкентга сафар қилиб Каримов сиëсатини қўллаганлардан бири бўлса-да, шунга қарамай, икки давлат муносабатлари сўнгги пайтда ëмонлашганини эътироф этди.

“Ўтган йилдан Ўзбекистон-Покистон муносабатларида озгина муаммо пайдо бўлди. Ўзбекистонда аëллардан иборат гуруҳ қўлга олинди. Ўзбекистон ОАВ яқиндагина шу ҳақда кўрсатув берди. Олдин бу ҳақда ҳеч қанақа маълумот йўқ эди. Покистондан келган бизнесменлар “Шератон” меҳмонхонасида ўзига штаб уюштириб, ўша ерда аëлларни тижоратга Покистонга олиб кетамиз, деб аслида террор гуруҳлари таркибига олиб бориб ўқитмоқчи экан. Бу Покистон воситачилигида, Покистон ҳудудида бўлиши керак эди. Ўшандан кейин Ўзбекистон-Покистон муносабатлари яхшиланиши анча тўхтаб қолган эди”,- деди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, П.Мушаррафдан масофаланиш ўз вақтида расмий Тошкентнинг хатоси бўлган.

М.Абдураззоқов П.Мушаррафдан кейин мамлакатда демократия ва барқарорлик ўрнатиладими, деган саволга ҳозирча жавоб йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG