Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:33

Жанубий Осетия можароси Грузияда сиёсий курашни кучайтириши мумкин


Грузия мухолифати рус қўшинлари мамлакатни тарк этганидан сўнг президент Михаил Саакашвилини ўйланмай қилинган хатти-ҳаракати билан Гузия иқтисодиётига жиддий зарар етказганликда айблашни режалаштирилмоқда.

Шунингдек, мухолифат уни одамларнинг беҳуда қурбон бўлишига масъул эканликда айблашни ҳам кўзламоқда.

Ҳолбуки, Жанубий Осетия можароси бошланган пайтда Миллий кенгаш доирасида бирлашган Грузиядаги аксарият мухолиф партиялар президент Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлашини эълон қилганди.

18 август куни эса Тбилисида ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Республикачилар партияси ва “Янги ўнгчи”лар раҳбарлари Давит Усупашвили ва Давит Гамкрелидзе Россия армияси қисмлари Грузияга бостириб кирганидан кейин ҳукумат билан зиддиятга бормаслик ҳақидаги “мораторий” муддатини узайтиришга қарор қилганларини билдирди.

Бироқ мухолифатнинг бошқа аъзолари сабр-тоқатнинг чеки борлигини айтмоқда. Январь ойида ўтказилган сайловда М.Саакашвилининг асосий рақиби бўлган Леван Гачечеладзе “ft.com” сайтида эълон қилинган мақолада мухолифат М.Саакашвилининг президентлик муддати тугамасидан сайлов ўтказилишини талаб қилиш ниятида эканини айтган.

“Озодлик”нинг Кавказ бўйича таҳлилчиси Лиз Фуллер ҳозирча грузин мухолифати Михаил Саакашвилига қарши ҳаракат бошлагани йўқлигини билдирди.

Унинг фикрича, Грузиядаги сиёсий вазият қай тарзда ривожланиши турли омилларга боғлиқ. Агар Россия кучлари белгиланган муддатда Грузиядан олиб чиқилса, бу Саакашвили ҳукумати манфаатига хизмат қилади. Агар Россия кучлари Жанубий Осетия ҳудудига олиб чиқилса ва Жанубий Осетия “кўчманчилар ўлкаси”га айланса, шунингдек, уруш ҳаракатлари сабабли уйларини ташлаб кетган грузин қочқинлари қаҳратон қиш яқинлашган сари ўз уйларига қайта олмай, чодирларда яшашни давом эттирса, қочқинлар орасида норозилик пайдо бўлади. Ўз навбатида, мухолифат вакиллари бундай вазиятдан фойдаланиши мумкин.

Лиз Фуллер фикрича, халқаро ҳамжамиятнинг Грузияга қанчалар тез ёрдам бериши ҳам мамлакатдаги сиёсий вазият ижобий бўлишида катта аҳамиятга эга.

“Январь ойида ўтказилган президент сайловида Саакашвилининг асосий рақиби бўлган Левон Гачечеладзе аллақачон ўз имкониятларини кўриб чиқаётганига ишонаман”, – дейди Кавказ бўйича мутахассиси.

Лиз Фуллер таъкидича, Грузия парламенти собиқ раиси Нино Буржанадзе ҳам президетликка даъвогарлик қилиши мумкин бўлган сиёсий арбоблардан биридир.

“Буржанадзе ўзини ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам ташқарисида, яъни АҚШ ва Европа давлатлари томонидан етарлича қўллаб-қувватловчига эга деб ўйлайди. Чунки аксар ҳукуматлар Буржанадзени Саакашвилига қараганда кенг фикрловчи, мувозанат сақловчи сиёсий арбоб ҳисоблайди. Бундан ташқари, унинг хатти-ҳаракатини олдиндан билиш мумкин ва у эхтирос асосида иш юритмайди. Шу боис, у Россиянинг Грузияга давом этаётган таҳдидини бошқаларга нисбатан яхшироқ бартараф эта олиши мумкин ”, – дейди Лиз Фуллер.
XS
SM
MD
LG