Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:28

Рассом замонни гуллик-гулистонлик кўряпти


Mустақиллик байрами арафасида ўзбекистонлик санъаткорларга микрофон тутдик. Ўзбекистонлик рассом Ғафур Қодиров Ўзбекистон санъатида ҳамма ëқ гуллик-гулистонлик эканини айтди.

Ғафуржон Қодиров: Ҳаммаси яхши. Режаларимиз ҳам яхши. Ижодий ишларни қилаяпмиз.

Озодлик: Қисқа қилиб айтганда сиз мана шу ўтган 17 йил ичида нималарга эришдингиз?

Ғафуржон Қодиров: Жуда кўп нарсаларга эришдик. Ҳар томонлама ижодий¸ оилавий катта муваффақиятларга эришдик. Энди уни икки оғиз сўз билан гапириб бўлмайди. Мустақиллик ҳам¸ижод ҳам яхши. Ҳаммаси яхши бўлаяпти. Тошкент ҳам жуда яхши. Гуллаб-яшнаб ëтибди.

Рассом Ғафур Қодиров айтганидек ҳамма ëқ гуллик гулистонликми¸ муаммолар йўқми? Биз бу саволни “Ўзбекистон санъати” журнали бош муҳаррири Нодир Норматовга бердик.

Нодир Норматов: 17 йил ичида, биз кўпинча рақамларга алоҳида эътибор бермаймиз, ичига кириб борсак ҳис қила бошлаймиз.

Озодлик: Кейинги 15-17 bл ичида баъзи бир нарсалар содир бўлди. Дейлик Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов чизган расм тарих музейини ва “Баҳор” ансамблини деворидан ўчириб ташланди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

Нодир Норматов: Бу ерда бу анъаналар ҳамиша бор. Чунки ҳар битта нарса ўз ўрнига тушганда ўзини оқлайди. Дейлик? жуда зўр нарса бўлса ҳам агар ўз ўрнига тушмай қолса¸ ўша нарса ўзини оқламайди.

Озодлик: Баҳодир Жалоловни асари ўрнига тушмаган эдими?

Нодир Норматов: Энди у жуда катта рассом. Мен унинг ижодини жуда ҳурмат қиламан. Унинг асари бошқа жойларда қўйилганда ўзини оқлаши мумкиндир. Ўша жойда бўлганда, бу энди шахсий фикр¸ жамоатчилик фикри деб айтиш керак эмас. Мана, энди ҳозир у ëқда жуда катта кўргазмасига тайëргарлик кетаяпти¸ жуда катта албомлар чиқарилаяпти. У ишларни сиëсатга алоқаси ҳам йўқ. Лекин дейлик ўз ўрнига тушиш мавриди бор.

Озодлик: Баҳор ансамбли деворидаги Мукаррама Турғунбоевани қизлар билан рақсга тушаëтгани жуда ўрнига тушган-ку.

Нодир Норматов: Энди бу ансамбл ҳозирги кунда йўқ-ку. Шу маънода айтаяпман мен сизга. Ҳар бир даврда ўз даврининг ҳатто сиëсатини ҳам муҳри акс этар экан. Бу энди Темурийлар давридан тортиб қанча подшоликлар ўтган бўлса, ҳаммасида замоннинг ўзига хос муҳри акс этади. Бу АҚШда ҳам, Европада ҳам шундай.

Озодлик: 17 йил давомида кўп ҳайкаллар у ëқдан бу ëққа кўчирилди.Дейлик Шомаҳмудовлар ҳайкали бошқа жойга олинди.Сиз бунга қандай қарайсиз?

Нодир Норматов: Мен ўзи меъмор эмасман. Ўзи бу ҳайкалда профессионал касалликлар кўзга ташланганлигини айрим ҳайкалтарошлар айтишади.Бу ўзи москвалик ҳайкалтарошни иши.Белбоғини тескари боғлаган ҳолатлари ҳам бўлган экан қаранг.Уни кўчириб қўйди деган сўз улоқтириб ташлади дегани эмас. Мени назаримда бош майдон ва марказларни кўриш жараëни давом этаяпти ва ҳали такомиллашгани йўқ.Кейин тўла тўкис қараса лўзга ташланади деб ўйлайман.

Озодлик:Бу энди жамоатчилик фикри ўрганилмасдан қилиндида.

Нодир Норматов:Мени хабарим бор бу бўйича меъморларга¸ ҳайкалтарошларга¸ архитекротларга анкета тарқатилиб ëзма равишда фикрлар олинган. Мен Раҳматуллаев деган ҳайкалтарошни ëзма равишда бераëтганидан хабарим бор эди.

Озодлик:Кейинги 17 йил ичида Россия музейларига жуда кўп маданий бойликлар қайтариб олиб келинди.Бу ишга Ўзбекистондан чиққан тадбиркор Алишер Усмонов ҳам ҳисса қўшди.Ўзбекистонда ҳам шу каби ишлар амалга оширилдими?Дейлик Исфаҳонда Амир Темурнинг қиличи бор.

Нодир Норматов:Алишер Усмонов шуни қилган бўлса хурсандмиз. Ўзбекистонга ҳам шундай қилиш керак эди.Энди бу уни ихтиëри.Бизни жуда муҳтожлигимиз йўқ. Демоқчиманки ўша миллатни ўғлони дунëни қаерида бўлса ҳам ўзини миллатига хизмат қилиши керак деб ўйлайман.

Озодлик: 17 йил давомида битта воқеа содир бўлди. 100 йиллар давомида музейшунослар томонидан асраб авайлаб келинган,¸Ленин томонидан қайтариб берилган халифа Усмон ëздирган Қуръоннинг 9 варағи ўғирлаб сотиб юборилди. Бундан хабарингиз борми?

Нодир Норматов: Йўқ, менинг ундан хабарим йўқ.

Озодлик: Ўзбек музейчилари буни 70 йил давомида сақлаб келган эди. Диндорлар эса уни сақлай олишмади. 9 варағи йўқ. Мутавалли сотиб юборган шуни. Тўғри, уни қамашди. Лекин гап уни қамалишида эмас¸ моддий бойликларимизни сақланиши масаласида.

Нодир Норматов: Одамда ватанпарварлик туйғуси бўлмас экан бу нарсани сақлаш қийин. Биринчи навбатда одамда ватанпарварлик туйғусини уйғотиш керак. Шунда миллат катта миллат бўлади. Бизда дейлик шунга доим эътибор қилинаяпти. Айрим одамлар шундай бўлса энди нима қиласиз. Демак шундай одамлар ҳам бор эканда. Тўғрисини айтсам мен бу ҳақда биринчи марта эшитаяпман.

Озодлик: Кейинги 17 йил ичида давлат санъати музейидан жуда кўп асарлар ўғирлаб кетилди. Ëруғлик билан оймомаларни чизган Қюнве деган рассом бор. Унинг асарини Ўзбекистон давлат музейидан ўғирлаб кетишди.

Нодир Норматов: Шахсан шу асарларни ўғирланганини матбуотда ўқиганим йўқ, лекин 10 йиллар олдин бир йигитнинг ўғирликка тушиб қайтариб берганидан хабарим бор. Бундан кейинги бўлганлари ҳақида хабарим йўқ. Қўлимда аниқ ҳужжат бўлмагандан кейин бир нарса дейишим қийин.

Озодлик: Ичонқалъа деган музей қўриқхона бор. Совет даврида ўша ерда битта ғиштни ҳам ўзгартириб бўлмас эди. Ҳозир савдогарлар ҳар қадамга дўкон қуришаяпти. Олдин ëдгорликларни ҳимоя қилиш идораси рухсат берсагина қуришарди. Ҳозир ҳокимга пул бериб Хива Ичонқалъасининг дуч келган жойига меҳмонхона, дўкон қуришаяпти. Бу Юнеско қарорларига зид-ку. Баландпарвоз гаплардан кўра шу оддий гапларни гаплашсак дейман, Нодир ака.

Нодир Норматов: Маъқул. Мен давлат тарихий ëдгорликларини ҳимоя қиладиган ҳар қандай қонунни ва сиëсатни қўллаб-қувватлашга тайëрман. Чунки бу аслида давлат сиëсатига ҳам қарашли. Буни ижросида айрим одамларни хатоларига нима дея оласиз энди. Мен шундай ишлар қилинишига албатта қўшилмайман.

Озодлик: Жамиятимизга пулдор одамлар кириб келди. Хоҳласам Шердор мадрасасини тепасига меҳмонхона қурдираман, дейдиганлар бор. Энди буларга нима деса бўлади?

Нодир Норматов: Биз албатта маърифатли бойлар тарафдоримиз. Камбағалчиликдан ҳеч нарса чиқмайди, лекин саводсиз бойликдан Худо асрасин. Бу ҳам жуда катта очофатлик. Бошда айтганимдек кўп ватандошларимиз ватанпарварлик туйғусини моҳиятини англаб етишлари керак.

Нодир Норматов билан суҳбатимизни тўхтатиб турайликда¸ рассом Ғафур Қодировнинг мана бу гапига қулоқ солсак.

“Гап мустақилликда эмас.Биз ўз ижодимиз орқали кўп нарсага эришдик”.

Демак¸ мустақиллик ўз йўлигаю¸ рассомлик ўз йўлигами? Биз бу саволни “Ўзбекистон санъати” журнали бош муҳаррири Нодир Норматовга бердик.

Нодир Норматов: Энди қаранг, бу ҳаммага равшан нарсада. Илгари расм комбинат ўз мафкурасига бўйсундирган ҳолда пул тўлар эди.Ҳозир ҳоҳланг Бразилияга олиб бориб сотинг, хоҳланг ўзимизда сотинг бу ихтиëрий нарса-ку. Агар аввалгидай фалон расм чизмайсан деб туриб олса нима қилардингиз? Бу дегани ҳар қандай ифлос нарсани ҳам чизиб реклама қилиш дегани эмас. “Санъат” сўзи барибир “нафис” сўзидан олинган.

Озодлик: Ўша пайтларда бадиий советлар бўларди. Улар қизил тарафини қўйиб турайлик бадиий тарафига эътибор берардику. Ўрол Тансиқбоевни асари Брюсселда кумуш медал олганку. Ҳозир катта-катта ўзбек рассомлари бирон медал олмаяптида. Бу нарсада таназзул ҳам бўлдику.

Нодир Норматов: Бундай дейишингиз нотўғри. Чунки мени хабарим бор Лондон аукционларида бизнинг олдинги авлод рассомларимизни айрим асарлари жуда катта пулларга сотилган. Гап бу ерда фақат унда эмас. Гап шундаки, рассом асари бировга кўз-кўз қилиш учун эмас. У энг аввало халқ эҳтиëжи учун. Ҳар қандай санъат энг аввало халқ эҳтиëжи учун ижод қилинади. Шу нарсани назардан қочирмаслик керак. Шундай асарлар борки ўзини халқига маъқул бўлмайди лекин чет эл халқига маъқул бўлади. Энди давлат ва сиëсат ҳамиша ëнма-ëн келган. Ҳусайн Бойқаро агар керакли имкониятларни яратиб бермаганида Алишер Навоий ва Бекзодлар бунчалик даражага эриша олармиди¸ деган савол ҳам туғиладида. Ундан олдин Бойсунқур даврида ҳам расоомларимиз бўлган, лекин кенг кўламда бўлмаган .Шунинг учун ҳар қандай мустақиллик, бу Ўзбекистонда бўладими ëки бошқа мамлакатда бўладими, Аллоҳнинг жуда катта неъмати деб биламан.

Озодлик: Санъат учун бадиий кенгашлар¸йўналтирувчи тизимлар керакми?

Нодир Норматов: Уни икки томони бор. Агар назоратчи қўриқчилар қўйсангиз худди боғланган итга ўхшаб ҳамма нарсага ташланса ҳам бўлмайди. Бадиий кенгашлар сифат бузилиб кетмаслиги учун керакдир. Лекин унга кимлар кириши бу бошқа масала.Санъатни тушунмайдиган одамни ҳайъат аъзоси ëки ҳайъат раиси қилиб қўйсангиз кейин аҳвол қанақа бўлишини кўрасиз. Санъатни аҳволига маймунлар йиғлайди.

Озодлик: Сиз раҳбарлик қилаëтган “Ўзбекистон санъати” журналини тиражи қанча?

Нодир Норматов: Тираж 2000та.

Озодлик: Совет даврида бу журналнинг тиражи қанча эди?

Нодир Норматов: 60.000-70.000та чиқарди.

Озодлик :27 миллионли халққа 2000та оз эмасми?

Нодир Норматов: Бу энди эҳтиëжга қараб.Биз олдингига ўхшаб зўравонлик билан обуна қилдирсак тўғри келмайди.Шунинг учун етади деб ўйлайман. Бу журнал совет даврида 60.000¸ 70.000та чуққани билан...

Озодлик: Сиз ҳам ишлагансиз-а бу журналда?

Нодир Норматов: Ҳа ишлаганман.

Озодлик: Бу журнал матбуот пештахталарида турмас эди. Омборга ҳам қайтиб келмас эди.

Нодир Норматов:Ҳар бир даврнинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор. Мустақиллик бўлгFни учун шундай бўлди, деб таъна қилиш нотўғри деб ўйлайман.

Суҳбатини эшитганимиз Нодир Норматов ҳам¸ рассом Ғафуржон Қодиров ҳам Ўзбекистонда иши юришиб турган¸ расмий Тошкент назарига илган кишилардир. Расмий Тошкент назарида жиноятчи деб топилган¸ ашулалари таъқиқланган ҳофиз Дадахон Ҳасандан ҳам мустақиллик байрами куни фикр эшитишга қарор қилдик.

Дадахон Ҳасан: Бу байрам биз кутган мустақиллик бўлмадида. Агар биз кутган, биз курашиб орзу қилган мустақиллик бўлганда эди, дунëда биздан бой, биздан бахтиëр, биздан озод ва ҳур халқ бўлмас эди. Энди биз шу кунлар учун курашганимизга шахсан мен пушаймонман. 1988 йилда “Бирлик” ҳаракати ташаббусини ўз уйимда ўзим уюштирганман. Шу қилган ишларимга ҳозир пушаймонман. Чунки бу мустақиллик ўзбекка мустақиллик бермади. Ўзбекка қуллик берди¸мардикорлик берди¸қимматчилик берди¸ қаҳатчилик берди¸зулм-истибдод берди. Бунақа мустақилликни бизга нима кераги бор эди? Бундан совет даври минг марта яхши эди. Совет даврида демократия бор эди. Нима ëзсак матбуотда чиқарди.Нима ашула айтсак тўйларда ҳам, телевизорда ҳам¸кўчаларда ҳам айтаверардик. Сен бу ашулани айтмагин¸ демас эди. “Тўйда ашула айтсанг Марғилон кўтарилиб кетади” деб тўйдан ҳайдамас эди. Марғилон ҳаëтда кўтарилмаган. Тарихда ҳам кўтарилмаган, энди ҳам кўтарилмайди. Бу ўйган халқку. Пичилган халқ кўтариладими? Совет даврида бунақа кунлар йўқ эди. Мустақиллик учун курашиб тавба қилдим.

Озодлик: Совет даври ҳам гулли гулистонли эмас эдику. Сталин даврида қатағон бўлди, Брежнев пайтида бўлди. Балки Ўзбекситон ҳам яхши бўлиб қолар?

Дадахон Ҳасан: Сталин даврида ҳам бир мавсум бўлган. У бир муддат бўлиб тугаган. Бир тўлқин бўлиб ўтиб кетган. Ҳозир 20 йил бўлди тўхтамаяптику бу. Охири кўринмаяптида. Шунинг учун бизга алам қиладида. Яхши кунлар бўлади деб умид қилиб ëтибмиз. Чунки ўзбек орзу билан¸умид билан яшайди.

Озодлик: Дадахон ака, мустақиллик пайтида артист кўпайди. Бунинг яхшилигини ҳам айтинг.

Дадахон Ҳасан: Совет даврида ҳукумат бор эди¸давлат бор эди.Ҳукуматни ўзини тузган бадиий кенгашлари бўларди. Шу кенгашдан ўтганлар телевизорга чиқарди, радиога қўшиқлар ëздирар эди, концертларга рухсат берарди. Ҳозир ҳеч нарса йўқ. Санъатга, адабиëтга ҳукумат ҳам қарамайди¸ идоралар ҳам қарамайди. Бадиий кенгаш ҳам йўқ. Ҳамма нарсани пул ҳал қилаяпти.

Озодлик: Цензура бўлса яхшими?

Дадахон Ҳасан: Энди қўшиқни яхши ëки ëмонлигини текшириш керакда. Ҳайъат дегани бўларди. Арзийдиган бўлса телевизорга чиқиб айтарди. Лойиқ бўлмаса қайтарарди. Масалан, филармония деган бадиий кенгаш бўларди¸ “Ўзбекконцерт” деган ташкилот бўларди. Ҳозир унақа нарса йўқ.

Озодлик: Лицензия тизими борку.

Дадахон Ҳасан: Лицензияни ҳам пулга берар эканда. Пул берсангиз сизни ҳам лицензияга ўтказиб юборар экан. Бу телевизорда чиқаëтганларни умуман санъатга алоқаси йўқ. Улар санъаткор эмас.Нари борса яллачидир¸ отарчидир¸ лекин санъаткор эмас.

Озодлик:Сизни ҳам мустақиллик билан табриклаймиз.

Дадахон Ҳасан:Чинакамига мустақиллик бўлганида мен ҳам сизни табриклар эдим.Табригингизни қабул қилгани ҳам тилим бормаяпти.

Озодлик:Омон бўлинг.

Дадахон Ҳасан: Мен сизга сабр тилайман¸сиз ҳам менга сабр тиланг.

Дадахон Ҳасан мустақиллик арафасида барчага сабр тилади .

“Ўзбекистон санъати” журнали бош муҳаррири Нодир Норматов мустақилик байрами кунида ижодкорларга доимо эркин бўлишни тилади.

“Бир рассом “Менинг душманларим ранглардир.Мен уларни душмандан дўстга айлантириб оламан.Уларни бўйсундириб оламан” деган зўр бир гап айтган. Худди шу маънода рассомларга авваламбор эркинлик тилайман. Буни ичида албатта нафосат ëтиши керак.Асарлари кўпайсин.Оллоҳ дунëни ранг-баранг яратганки мана шу ранг-баранглик ҳар бир рассомни ижодида акс этсин. Мустақиллик байрами билан дўстларни ва рассомларни чин дилдан табриклайман”.
XS
SM
MD
LG