Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:46

ЕИ Россия билан ҳамкорлик музокараларини кечиктирди


Россия-Грузия ўртасида бўҳрон юзага келгани сабабли Европа Иттифоқи Москва билан янги ҳамкорлик ҳақидаги музокараларни кечиктирди. Россия эса бу қарор юзасидан афсусланиш билдирди.

Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Андрей Нестеренко: “Биз ЕИнинг янги ҳамкорлик ҳақидаги музокараларни тўхтатиш тўғрисидаги қароридан афсусланамиз. Ҳолбуки, сўнгги икки йил давомида келишувга эришиш йўлида сунъий тўсиқлар қўйилишига Москва кўникиб қолган. Биз бу шартнома имзоланишидан худди ЕИ каби манфаатдормиз”,– деди.

Европа раҳбарларининг 1 сентябр куни Брюссел шаҳрида бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида Россия Грузия ҳудудига бостириб кирган ўз қўшинларини қуролли можаро 7 август куни бошлангунига қадар улар жойлашган позицияга қайтармагунча музокара бошламаслик ҳақида келишувга эришилди. Айни пайтда Европа раҳбарлари Россия ҳукумати Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олганини қоралади.

Россия Европага энергия экспорт қилаётгани учун жорий йил июлида Брюссел ва Москва ўртасида янги ҳамкорлик ҳақида музокаралар бошланган эди. Музокараларнинг навбатдаги давраси 15 – 16 сентябрда ўтказилиши режаланганди. Аммо ҳозир ЕИ Россия қўшинлари Грузия ҳудудидан тўлиқ олиб чиқилмагунча сўзлашувларни кечиктиришга қарор қилди. Грузия ва АҚШ ЕИ раҳбарлари қабул қилган қарорни олқишлади.

Ҳозир ЕИга раислик қилаётган Франция президенти Николя Саркози Кремль раҳбарлари билан сўзлашув олиб бориш мақсадида душанба куни Москвага боришни режалаштирганини билдирди.

ЕИ ташқи масалалар мутасаддиси Бенита Ферреро-Валднер 2 сентябр куни Брюсселда Грузия ташқи ишлар вазири Ладо Гургенизде билан учрашди.

Музокарадан кейин Валднер хоним ЕИ Грузияни қайта тиклашда ёрдам беришини айтди. У Грузияга ёрдам қандай кўринишда ва ҳажмда бўлиши донор давлатлар анжуманида белгиланишини билдирди.

“Бу вазифани бажаришда иккита муҳим масала бор: биринчи масала, Европа Иттифоқи ва Грузия ўртасида эркин савдо зонаси масаласи. Иккинчи масала, виза берилишини енгиллатиш билан боғлиқ масалалар ва аъзолик борасида сўзлашувларни имкон қадар тез фурсатда бошлаш”, – деди Бенита Ферреро-Валднер хоним.
XS
SM
MD
LG