Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:47

Қозоғистон буғдой экспортига тақиқни бекор қилди


Қозоғистон ҳукумати буғдой экспортига қўйилган тақиқни 1 сентябрдан бекор қилди. Бу қадам минтақада ун ва ғалла маҳсулотлари нархи барқарорлашувига ёрдам бериши тахмин қилинмоқда.

“Буғдой” уюшмаси раиси ўринбосари Мухаметжон Жумабекнинг айтишича, бу йил ғалла ҳосили мўл бўлган. Мамлакат шимолий қисмида етиштирилган ҳосил жанубни ҳам тўла таъминлайди. Жанубда етиштирилган ҳосилни эса экспортга юбориш мўлжалланмоқда.

“Чунки деҳқонларимиз фермерлик секторини ривожлантириш ва албатта, ўз харажатларини қоплаши учун маблағга муҳтож. Шу боис, буғдой экспортига қўйилган тақиқ бекор қилинган”,- деди М.Жумабек.

Қозоғистон ҳукумати буғдой экспортига тақиқни жорий йил апрелда жорий этган эди. Бунинг сабабини расмий Остона ички бозордаги ун ва нон маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш мақсади билан изоҳлаганди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев МДҲ аъзоларининг ҳар бири ўз ички бозорини ҳимоя қилиш баробарида яқин қўшнилар бозоридаги хавфсизлик ҳақида ҳам қайғуриши кераклигини таъкидлайди.

“Минтақадаги постсовет давлатлар ўртасида алоҳида муносабат бўлиши керак, яъни бирор давлат нархни қимматлаштирадими, бирор нарсага тақиқ қўядими, экспорт солиқлари киритадими, аввало, ён қўшнилари, қон-қардош халқларга нисбатан алоҳида сиёсат олиб бориши керак. Агар Марказий Осиё давлатлари бир-бирига тескари ёки бошқа давлатлар билан тенг сиёсат олиб борса, буни биз тўғри сиёсат, дея айта олмаймиз”,- дейди Комрон Алиев.

Қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Тўлқин Ташимов эса Қозоғистон қўшни давлатлар билан яхши алоқаларни сақлаб қолиш баробарида ўз ички бозори хавфсизлигини таъминлашга мажбур бўлганини таъкидлайди. Ҳозир Қозоғистон ички бозоридаги хавфсизлик таъминлангани учун у бемалол қўшни давлатлар олдидаги мажбуриятларини бажаришга тайёр.

“Ҳозир Қозоғистонда буғдой захираси бор ва ҳозирги вазиятда тақиқни сақлаб туришда мантиқ йўқ. Қозоғистон буғдой етказиб бериш бўйича ўзи шартнома тузган давлатлар олдидаги мажбуриятларини бажариши керак”,- деди Т.Ташимов.
XS
SM
MD
LG