Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2020, Тошкент вақти: 07:43

Халқаро хабарлар

Дамашқда Яқин Шарқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Дамашқда учрашган Франция, Туркия, Қатар ва Сурия раҳбарлари Яқин Шарқдаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.

Сурия раҳбари ўз ҳукумати Исроил билан тинчлик музокараларини бошлашга оид таклифларни туркиялик воситачиларга тақдим этилганини маълум қилди.

Куни-кеча Франция президенти Николя Саркози суриялик ҳамкасби Башар Асад билан учрашиб, расмий Дамашқ ва Тель-Авив ўртасида тинчлик музокаралари истиқболларини муҳокама қилганди. Маълум бўлишича, Николя Саркози бу каби музокараларни ўтказишда Франция воситачилик қилиши мумкинлигига ишора қилган.

Кун янгиликлари

“Вагнер хусусий ҳарбий ширкати”нинг собиқ разведкачиси Сурияга оид хотираларини ёйинлади

Палмирани "Ислом давлати" жангариларидан тозалашда иштирок этган суриялик жангчилар, 2016 йил марти.

“Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” разведка ротасининг собиқ командири Марат Габидуллин ёлланма жангчи бўлган пайтига оид хотираларини ёйинлади. Унинг китоби “Наёмник” нашриёти томонидан чоп қилиниши режаланмоқда. Муаллиф ўз хотираномасида Суриядаги хизмати ҳақида баён қилиб, Палмирани “Ислом давлати” жангариларидан озод қилишда ва Дайр-аз-Зордаги қонли жангларда иштирок этганини иддао қилади. Ёлланма жангчи “Медуза” нашри суҳбатлашган.

Габидуллин “Вагнер ХҲШ”да 2015 йилдан бошлаб хизмат қилган. У Рязань олий ҳаво-десант билим юртини тамомлаган. 1997 йили машҳур ёлланма қотил Владимир Татаренков гуруҳига алоқадорлиги учун қамалган, кейин эса тансоқчилик қилган, қўриқчилик хизматида ишлаган. Бироқ, ўзининг айтишича, мактаб давридан ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилган. “Вагнер ХҲШ”да у хизматни оддий аскарликдан бошлаган ва разведка ротаси командири даражасигача кўтарилган. 2016 йил мартида у “Ислом давлати” жангарилари томонидан эгаллаб олинган Палмирани озод қилишда иштирок этган ва ўша ерда оғир яраланган.

Габидуллин Суриянинг Хмеймим шаҳридаги ҳарбий базада бўлганини, у ерда ҳарбий амалиётда иштирок этган ва суриялик ҳарбийлар отрядини тайёрлаган россиялик зобитларни кўрганини иддао қилган. Унга кўра, Сурияда асосий вазифани ёлланма жангчилар бажарган, мунтазам армия эса жонини жабборга бериб, курашган эмас.

Сурия армиясини у жанг қилишга уқувсиз тузилма, деб ҳисоблайди. Россия армияси эса олд сафларда жанг қилмаган. “Десантчилар ва денгиз пиёдалари ялқов нусхалар эди. Улар ҳарбий командировкадан семириб, офтобда қорайиб қайтишарди”, деган М. Габидуллин.

Ёлланма жангчи иддаосига кўра, Хмеймимдаги ва Россиядаги госпиталлар ХҲШ жангчилари билан тўла бўлган. 2017 йил бошидан уларга қурол-аслаҳанинг сифатсизини бера бошлаганлар. “Бир марта Россия авиацияси учоғи билмасдан вагнерчиларга зарба берган”, дейди у.

Яраланганидан кейин Габидуллин Подмосковьедаги ҳарбий госпиталда даволанган. Бунинг ортидан бир муддат бошқа ҳарбий клиник касалхонада даволанган ёлланма жангчи сўнгра Санкт-Петербургдаги хусусий шифохонага кўчирилган. Reuters агентлиги мазкур шифохонанинг президент Владимир Путинга яқин кишиларга алоқадор эканини ёзган эди. У ўзи имзолаган шартномада ярадор бўлган тақдирда даволаниш ҳақида ҳеч нарса дейилмагани, муолажа учун шахсан тадбиркор Евгений Пригожиндан миннатдор эканини билдирган.

Россия расмийлари “Вагнер ХҲШ” каби тузилма борлиги ҳамда унинг Суриядаги жангларда қатнашганини рад этиб келишади.

Германияда автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида камида икки киши нобуд бўлди

Трир шаҳридаги (Германия) ҳодиса юз берган жой, 2020 йил 1 декабри.

Германия ғарбийдаги Трир шаҳрида Range Rover автомобилининг йўловчилар устига юриши натижасида камида икки киши қурбон бўлди, йўқ деганда ўн беш одам жароҳатланди.

DPA агентлигининг маҳаллий нашрлардаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, автомобилнинг 51 ёшли ҳайдовчиси қўлга олинган. Унинг германиялик экани айтилмоқда. Ҳайдовчининг бу ишни қай мақсадда амалга оширгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Расмийлар терговчилар ишига халақит бермаслик учун шаҳарликлардан ҳодиса содир бўлган жойга яқинлашмасликка чақирган.

Айни пайтда полиция воқеа ҳақида мишмиш ва текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик ҳамда “маҳаллий полициянинг Твиттерда чоп қилинаётган ишончли маълумотларига таяниш” илтимоси билан жамоатчиликка мурожаат қилди.

2016 йил декабрида ҳам Германия пойтахтида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган. Ўшанда юк машинаси рождество бозорига тўпланган оломон устига юриши натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 58 киши тан жароҳати олган. Германия канцлери Ангела Меркель мазкур фожиани “террор хуружи”деб атаганди.

Шу йил февралида эса Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олган. Ўшанда айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзган эдилар.

Франция: Депутатлар сўз эркинлигини чекловчи қонун моддасини қайта кўриб чиқишмоқчи

Франция парламентида кўпчиликни ташкил қилган депутатлар “глобал хавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 24-моддасининг янги версиясини таклиф қилишга ҳозир эканларини билдирдилар. Хизмат вазифасини ўтаётган полициячилар акс этган видео ёйинланишини тақиқловчи бу модда жамоатчилик орасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарганди. Депутатлар мазкур моддани ўзгартиришга тайёр эканлари ҳақида 30 ноябрь куни парламентдаги “Олға, Республика” фракцияси раҳбари, собиқ ички ишлар вазири Кристоф Кастанер маълум қилди.

“Глобал хавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан шу фракция вакиллари ҳамда уларнинг иттифоқчиси бўлган Agir ensemble (“Биргаликда ҳаракатланиш”) парламент гуруҳи томонидан муҳокамага қўйилганди, дея хабар қилди Франция халқаро радиоси.

Қонун лойиҳасининг 24-моддасида жандарм ва полициячиларнинг юзи ёки бошқа “идентификация унсурлари” кўринган видеотасвирларни (агар бундай видео уларнинг “жисмоний ва психик дахлсизлиги”га зарар етказадиган бўлса) тарқатганлик учун 45 минг евро миқдорида жарима ёки бир йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Бу модда Францияда кенг кўламли норозилик чиқишлари бошланишига сабаб бўлган. Ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар касаба уюшмалари буни демократия, матбуот эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқига қарши ҳужум ўлароқ баҳолашган.

Мазкур тақиққа қарши бир неча кундан бери Франциянинг ўнлаб шаҳрида минглаб одам норозилик билдириб, кўчага чиқаётган, бу каби акцияларнинг айримлари тартибсизликларга айланиб кетган, полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солганди.

Франция президенти Эммануэль Макрон ўтган жума Елисей саройида парламентда кўпчиликни ташкил қилган фракция вакиллари, бош вазир, ИИВ раҳбари ва адлия вазири билан учрашув ўтказган. Полициячилар томонидан мусиқа продюсери Мишель Зеклернинг аёвсиз калтакланишига муносабат билдирар экан, Макрон бу видеоёзув “одамни уялтириши”ни айтган. У фуқаролар ва уларни ҳимоя қилиши лозим бўлган кишилар ўртасида ўзаро ишончни тиклаш учун ҳукуматдан “зудлик билан ўзгартишлар киритиш”ни талаб қилган.

Жаҳоннинг 56 давлати Россиядан Навальний бўйича тушунтириш талаб қилди

Мутахассислар Навальний «Новичок» туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлаганди.

Россия 30 ноябрда яна халқаро танқидлар нишонига айланди. Ғарб давлатлари Россиядан яна мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот (КҚТТ)га аъзо давлатларнинг ярмига яқини 30 ноябрда ўтган анжуманда Навальнийнинг Россияда заҳарланиши танқид қилинган баёнотни қабул қилди.

Мазкур баёнот Британия, Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар, Норвегия, Албания, Черногория, Австралия, АҚШ, Канада, Янги Зеландия томонидан имзоланди. Баёнотни имзолаган 56 давлат “КҚТТнинг мустақил экспертлари Навальний “Новичок” туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарлангани юзасидан берган хулосага ишонишлари”ни билдирдилар.

Баёнотда бу қурол 2018 йилнинг 4 мартида Британиянинг Солсбери шаҳрида Россия ҳарбий разведкаси жосуси Сергей Скрипал ва унинг қизига нисбатан ишлатилганини ҳам эслаб ўтилди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилотга аъзо 193 давлатнинг 56таси Россия ҳукуматини Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан маълумотларни ошкор этишга чақирди.

Россия мазкур баёнотга жавобан Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

“Бўлган ҳодисани тергов қилиш ўрнига Германия ва унинг иттифоқчилари мегафон дипломатиясини танлади. Россияга нисбатан оммавий дезинформация кампанияси бошланди ва КҚТТ шафеълиги остида “халқаро мустақил тергов”ни талаб қила бошлади”,-дейилади Россия ҳукумати баёнотида.

Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилди ва мутахассислар Навальний "Новичок" туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлади.

Қирғизистон собиқ президенти Атамбаевга чиқарилган аввалги суд ҳукми бекор қилинди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев (қафас ичида ўртадаги) суд жараёни пайтида.

Қирғизистон Олий суди собиқ президент Алмазбек Атамбаев жиноят олами лидери Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорлиги тўғрисидаги жиноят ишини қайта кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судига қайтарди.

Адвокат Замир Жоошев 30 ноябрь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига Атамбаевни уй қамоғига чиқариш масаласини ҳам туман суди ҳал қилишини билдирди.

“Биз Олий суддан қуйи инстанция судларининг ҳукмларини бекор қилишни ва ишни қайта кўриб чиқишга жўнатишни илтимос қилганмиз. Олий суд бу илтимосимизни қаноатлантирди, аввалги суд ҳукмлари бекор қилинди ва иш қайта кўриб чиқиладиган бўлди”,-деди адвокат.

Жиноят олами лидери Азиз Батукаев 16 фил 8 ой қамоққа ҳукм қилинган эди. Лекин 2013 йилда у “ўлимга олиб келувчи оғир касалликка” чалинган деган асосда ноқонуний равишда қамоқдан озод қилинган эди. У қамоқдан чиққан куниёқ Чеченистонга махсус самолётда учиб кетган.

Батукаевнинг ноқонуний қамоқдан бўшатилишига оид жиноят иши 2019 йилнинг январида якунланиб, ўша йилнинг октябрида судга жўнатилган.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.

Мазкур иш доирасида собиқ Бош прокурор Индира Жолдубаева ҳам айбдор деб топилган ва 5 миллион сўм жаримга тортилган.

Бундан ташқари, мазкур иш доирасида яна қатор юқори лавозимли амалдорлар айбдор деб топилиб, турли муддатларга қамалган.

Бишкек шаҳар суди 17 август куни туман судининг ҳукмини тасдиқлаган эди.

Арманистон Лочин туманини ҳам Озарбайжонга топширди (ВИДЕО)

Озарбайжоннинг Лочин тумани манзараси.

Озарбайжон армияси 1 декабрь куни Тоғли Қорабоғ шарқидаги Лочин туманига киритилди. Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш шартномасига асосан Арманистон Озарбайжонга Агдам, Келбажар ва Лочин туманларини топшириши лозим эди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода 1 декабрга ўтар кечаси Лочин туманига Озарбайжон байроғи остида кириб бораётган танклар акс этган.

1992-1994 йиллардаги урушдан сўнг Озарбайжон бу уч туман устидан назоратни қўлдан чиқарган ва уларни Арманистон бошқариб келган.

Лочин тумани Арманистоннинг жаҳон ҳамжамияти тан олган чегараси ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ўртасида жойлашган стратегик муҳим туман ҳисобланади.

27 сентябрда Тоғли Қорабоғда бошланган уруш 9 ноябрда Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон эришган шартномага асосан тўхтатилган эди. Шартномага биноан Арманистон Озарбайжонга 1992-94 йиллардаги уруш пайтида босиб олган Агдам, Келбажар ва Лочин туманларини қайтариб бериши лозим эди.

Арманистон Агдам туманини 20 ноябрда, Келбажар туманини 25 ноябрда Озарбайжонга қайтарган.

Айни пайтда Тоғли Қорабоғда Россиянинг 2 минг аскари тинчликпарварлик миссиясини бажармоқда.

Moderna АҚШ ва ЕИда ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширмоқчи

АҚШнинг Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан душанба куни АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилишини билдирди.

Хабарномада вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларига ҳам аниқлик киритилган. Қайд этилишича, вакцина 94,1 фоизлик самара кўрсатган. Синовда иштирок этган 30 мингдан зиёд кўнгиллидан 196 киши хасталикка чалинган, улардан фақат 11 нафаригина эмланган, қолганларга плацебо киритилган.

Ширкат 11 нафар бемордан биронтаси ҳам хасталикни оғир кечирмагани, яъни вакцинанинг коронавирус инфекцияси оғир шаклига нисбатан самараси 100 фоизни ташкил қилганини билдирган.

Moderna тадқиқоти чоғида коронавирусдан плацебо гуруҳига кирган бир киши вафот этган.

Аввалроқ Moderna вакцинасининг самараси 94,5 фоизга тенг бўлгани маълум қилинганди, бироқ бу баҳо тўлиқ бўлмаган маълумотларга асослангани айтилмоқда.

Moderna АҚШда вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган иккинчи ширкат бўлди. Авввалроқ ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун Pfizer ва BioNTech ширкатлари ариза топширган. Улар ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар. Дастлабки тахминларга кўра, Pfizer вакцинаси таннархи Moderna ширкатиникидан арзонроққа тушади.

Федерал қўриқчилик хизмати ходими Кремль ҳудудида ўз жонига қасд қилди

Федерал қўриқчилик хизмати (ФҚХ) ходими Кремль ҳудудида хизмат ўтаётган пайтда ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Baza нашри маълумотига кўра, вафот этган ходимнинг исми Михаил Захаров бўлган. Унинг ФҚХ қўриқчилик тадбирлари хизматига қарашли шахсий қўриқчилик бошқармасининг 5-бўлимида ишлагани айтилмоқда. Нашр бу бўлинманинг Россия президенти шахсий қўриқчилиги билан шуғулланишини ёзган. ТАСС манбаси эса вафот этган ходим давлат раҳбарини қўриқлаш учун жавобгар бўлмаганини иддао қилган.

Захаровнинг ҳамкасблари Baza нашри билан суҳбатда унинг ўз жонига қасд қилишига “ФҚХ раҳбарияти унинг иш шароитига бефарқ муносабатда бўлгани ва ҳаддан зиёд ишлаш” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтганлар.

Беларусь: мухолифатчи Сергей Тихановскийга учинчи бор айблов билдирилди

Сергей Тихановский

Беларуслик мухолифатчи, айни пайтда тергов ҳибсхонасида тутиб турилган Сергей Тихановскийга яна бир – учинчи айблов билдирилди. Президентликка номзод бўлган Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский бу гал ижтимоий низо қўзғатганликда айбланган. Бу ҳақда Tut.by нашри С. Тихановскийнинг адвокати сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мазкур айблов Тихановский ҳибсга олинганига 6 ой тўлишига озгина қолганида билдирилган. Бу муддат тўлган тақдирда, қонунга мувофиқ, унга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиши ёки иш судга юборилиши лозим эди. Бироқ янги айблов уни 18 ойгача судсиз ҳибсда сақлаб туриш имконини беради. Адвокатга кўра, Тихановский янги айблов билдирилганидан “ҳаддан зиёд норози” бўлган.

Тихановский ҳозирда уч модда бўйича – жамоат тартибини қўпол тарзда бузган ҳаракатларни ташкил қилганлик (бу модда бўйича у 29 май куни Гродно шаҳрида қўлга олинганди), Марказий сайлов комиссияси ишига тўсқинлик қилганлик ҳамда эндиликда ижтимоий низо қўзғатганликда айбланмоқда.

Тихановский Жодино шаҳридаги тергов ҳибсхонасида бир кишилик камерада тутиб турилибди. Аввалроқ у Минскдаги Давлат хавфсизлиги қўмитаси тергов ҳибсхонасида Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган учрашувда иштирок этганди. Мазкур учрашувдан сўнг бир неча сиёсий маҳбус озод қилинган, бироқ Сергей Тихановский ҳамда президентликка собиқ номзод Виктор Бабарико панжара ортида қолаверганлар.

Сергей Тихановский сўнгги йилларда Александр Лукашенкога мухолифатда бўлган “Страна для жизни” YouTube-канали муаллифи, блогер сифатида шуҳрат қозонган. У Беларусь президенти лавозимига номзодини кўрсатмоқчи бўлган, бироқ уни рўйхатга олмаганлар. Шундан сўнг унинг омма орасида деярли танилмаган рафиқаси Светлана президентликка ўз номзодини кўрсатган. Светлана Тихановская сайловга қўйилган ва бу номзод атрофида Лукашенконинг кўплаб рақиблари бирлашган. Сайлов ва сохталаштиришларга қарши оммавий норозилик намойишларидан кейин у расмийлар босими остида мамлакатни тарк этган.

Тихановская ўзини беларус халқининг легитим вакили сифатида танитиб, хорижлик лидерларни Лукашенко режимига босимни кучайтиришга ишонтириш учун улар билан учрашиб келмоқда. У Беларусда қидирувга берилган.

Жо Байден ити билан ўйнаётган пайтда оёғини шикастлантириб олди

Жо Байден

АҚШдаги етакчи оммавий ахборот воситалари томонидан президент сайлови ғолиби деб эълон қилинган Жо Байден шанба куни Мейжор лақабли ити билан ўйнаётган пайтда оёғини шикастлантириб олган.

Даставвал Байденнинг оёқ пайлари чўзилгани тахмин қилинганди, бироқ якшанба кунги кўрик чоғида ортопед сиёсатчининг оёқ суягида иккита майда ёриқ борлигини аниқлаган. Шу важдан унинг бир неча ҳафта давомида махсус ортез тақиб юриши мумкинлиги айтилмоқда.

20 ноябрь куни Байден 78 ёшга тўлди. Сайлов кампанияси чоғида унинг соғлиғи юзасидан хавотирлар билдирилган эди, бироқ сайловдан кейин врачлар бир неча бор Байденнинг соғлом, тетик ва ишга киришишга ҳозир эканини қайд этганлар.

Амалдаги президент Дональд Трамп ҳам Twitter’даги ўз саҳифаси орқали Жо Байденга шифо тилаган. Айни пайтда у сайловда сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилиб, судларга мурожаат қилишда давом этмоқда.

Байденлар оиласида Мейжор ва Чемп лақабли икки немис овчаркаси бор. Январь ойида Байден қасамёдга келтирилган тақдирда, бу итларнинг ҳам Оқ уйга кўчиб ўтиши режаланган.

Токио олимпиадасининг ортга сурилиши оқибатида деярли 2 миллиард доллар зарар кўрилди

Япония олимпия қўмитаси биноси.

Коронавирус пандемияси муносабати билан Токио-2020 олимпиада ўйинларининг ортга сурилиши оқибатида 200 миллиард иен (1,9 миллиард доллар) зиён тортилди.

“Йомиури” газетасининг 29 ноябрда олипиада ўйинлари ташкилотчиларига таяниб хабар беришича, олимпиада ўйинларининг ортга сурилиши оқибатида сотиб олинган авиабилетларнинг пуллари эгаларига қайтарилган, ишчиларга ортиқча ойлик тўланган.

Ташкилий қўмита кейинги ойда маҳаллий ва ҳукумат амалдорлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг кўрилган зарар миқдори ҳақидаги тўлиқ ҳисоботни эълон қилмоқчи.

Токио-2020 олимпиада ўйинларини ўз вақтида ўтказилишига 13 миллиард доллар маблағ ажратилган эди.

Халқаро олимпия қўмитаси ва Япония ҳукумати март ойида пандемия туфайли олимпиадани ўтказиш муддатини бир йил орқага сурганди. Олимпиада ўйинларининг очилиши 2021 йилнинг 23 июлига, Паралимпия ўйинларининг очилиши 24 августга режалаштирилган.

Тожикистонда СМС талоқ берганларни камида уч йилга қамаш таклиф қилинмоқда

Телефонда араб тилида "Талоқ" деб ёзилган сўз.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси СМС орқали талоқ берганларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Лойиҳада СМС орқали талоқ берганларни уч йилдан беш йилгача озодликдан махрум этиш таклиф қилинган.

Ҳозирча қонун лойиҳаси парламентга тақдим этилгани йўқ. Тожикистон қонучилигида СМС талоқ билан ажрашиш ноқонуний ҳисобланади. Тожикистон Мусулмонлар диний идораси ҳам аҳолини бундай тажрибадан фойдаланмасликка чақириб келади.

Сўнгги йилларда телефон орқали ажрашиш тажрибаси муҳожиротдаги тожикистонликлар томонидан қўлланилиб келинмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистонда 2019 йилда 12,5 минг оила ажрашган. Икки йил аввал бу кўрсаткич 10 минг атрофида эди.

Туркманистонда газета ва журналлар бирлаштирилади

Туркман газеталаридан бири.

Туркманистонда бюджет маблағларини ва қоғозни тежаш мақсадида қатор газета ва журналлар бирлаштирилади.

Нашрларнинг электрон варианти учун ягона обуна бўлинади, газеталарнинг қоғозли версиялари эса фақат пенсионерларга тарқатилади. Бу ҳақда "Медиа-Туркмен" агентлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, “Ватан” билан “Тикланиш” газеталари, худду шу номдаги иккита журнал, “Ўқитувчилар газетаси” билан “Туркман тили” газеталари бирлаштирилади. Бу эса ҳукуматга 123,7 тонна қоғозни тежаб қолишга имконият беради.

2021 йилдан нашрлар электрон кўринишга ўтказилади ва уларга ягона мажбурий обуна қилинади. Йиллик обуна 60 манат (расмий курс билан ҳисоблаганда 17 доллар) бўлади.

Жаҳондаги энг ёпиқ давлатлардан бири бўлган Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз кузатилмоқда.

“Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг билдиришча, матбуот эркинлиги рейтингида Туркманистон 180 давлат орасида энг охирги ўринлардан бири-179-поғонани эгаллайди.

Афғонистондаги ҳарбий базада содир этилган портлашда камида 30 киши ўлди

Афғонистондаги ҳужумлардан бирида яраланган киши.

Афғонистон расмийларининг билдиришларича, Ғазни вилоятидаги ҳарбий базада автомобилга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида хавфсизлик кучларининг камида 30 ходими ҳалок бўлди. 29 ноябрда содир этилган портлашда камида 24 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Ғазни вилоят ҳокимининг расмий вакили Воҳидулло Жумазоданинг билдиришича, 29 ноябрь куни эрталабки соат 8лар чамасида худкуш бомба ўрнатилган автомашинани ҳарбий базага ҳайдаб кирган ва портлатиб юборган.

Ҳозирча ҳужум учун масъулиятини ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

29 ноябрь куни Зубал вилоят кенгаши раисининг қўриқчилари кетаётган автомашина ҳам худкуш томонидан портлатилди. Расман билдирилишича, бу ҳужумда уч киши ўлди, 12 киши яраланди.

Теҳрон эронлик олимнинг ўлимида АҚШ ва Исроилни айблади

Эронлик машхур ядро физик олим Мухсин Фахризода.

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳаманеи эронлик машхур ядро физик олим Мухсин Фахризоданинг ўлими учун қассос олишга чақирди.

Ҳаманеи “олимнинг ўлдирилиши юзасидан ҳар тарафлама тергов ўтказилиши ва жиноятчилар жазоланиши”ни талаб қилди.

28 ноябрь куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Исроилни Мухсин Фахризоданинг ўлимида айблади. Руҳоний фикрича, Исроил “АҚШнинг ёлланма қотили” сифатида фаолият юритмоқда.

Эрон президенти олимнинг ўлими учун Теҳрон “пайти келганда муносиб жавоб қайтариши”ни билдирди.

Айни пайтда Исроил расмийлари эронлик олимнинг ўлимига алоқадор эмасликларини билдирмоқдалар. Исроил ҳукумати хориждаги барча элчихоналарга хавфсизликни кучайтиришни тавсия қилди.

Фахризода Теҳрон яқинида 27 ноябрь куни ўлдириб кетилган эди. Оқ Уй, Давлат департаменти, Пентагон ва Мапказий разведка бошқармаси Эрон ядровий дастури асосчиларидан бири бўлган олимнинг ўлимига муносабат билдирмади.

СССР раҳбарларидан бири, сиёсий бюро аъзоси Егор Лигачев юз ёшга тўлди

Егор Лигачев журналистларга интервью бермоқда. 1990 йил.

Егор Лигачев 29 ноябрь куни юз ёшга тўлди. У СССР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзолари орасида юз ёшга тўлган ҳозирча ягона шахсдир.

СССР раҳбари Михаил Горбачевдан сўнг партиядаги иккинчи одам ҳисобланган Егор Лигачев 1920 йилнинг 29 ноябрида туғилган.

У Леонид Брежнев ҳокимиятда ўтирган пайтда 20 йил Томск вилоятини бошқарган. 1983 йилда Москвага чақиртирилган ва Компартия марказий қўмитаси котиби лавозимига тайинланган. 1985 йилдан сиёсий бюро аъзоси.

СССР раҳбарлигига Михаил Горбачев келганидан сўнг у партиядаги иккинчи одамга айланди. Дастлаб Горбачёвнинг энг ишончли одами бўлган Лигачев кейинроқ партиянинг консерватив қисмига қўшилди ва “қайта қуришга қарши чиқаётган” одам сифатида тилга тушди.

СССР тарқалганидан сўнг Лигачев 1999-2003 йилларда Россия давлат думасининг депутати бўлди. Айни пайтда у пенсияда.

Бунга қадар сиёсий бюронинг энг кўп яшаган аъзолари Вячеслав Молотов ва Лазарь Каганович бўлган эди. Молотов 96, Каганович 97 ёшида ўлган.

СССР собиқ президенти Михаил Горбачев айни пайтда 89 ёшда. СССР Министрлар кенгаши раиси Николай Рижков эса 91 ёшга тўлди. Рижков Россия сенатори ҳисобланади.

Афсонавий футболчи Марадонанинг шахсий врачига қарши жиноят иши очилди

Марадонанинг дафн маросими.

Аргентина прокуратураси ўтган ҳафтада вафот этган афсонавий футболчи Диего Марадонанинг шахсий врачи Леопольдо Лукани “ўзи билмаган ҳолда одам ўлимига сабабчи бўлганлик”да айбламоқда. Леопольдо Луканинг Буэнос-Айресдаги уйида тинтув ўтказилди.

Тергов Марадонанинг қизи врач отасини тўғри даволаганига шубҳа билдиргани ортидан бошланди. Полиция Марадона ўлимига нима сабаб бўлганини аниқламоқчи.

60 ёшни қаршилаган Марадона 25 ноябрь куни бевақт оламдан ўтган эди. Ноябрь ойининг бошларида унинг бош миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилганди. Шундан сўнг у касалхонадан уйига чиқарилган ва даволанишда давом этаётганди.

Тергов Марадонага сўнгги кунларда тегишли даражада тиббий ёрдам кўрсатилганми ёки бемор ўз ҳолига ташлаб қўйилганми деган саволга жавоб изламоқда. Лука Марадонага барча зарур бзлган ёрдамни берганини айтмоқда.

XX асрнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Диего Марадона 1960 йилнинг 30 октябрида Аргентинанинг Ланус шаҳрида дунёга келган. Профессионал футболга у 12 ёшида кириб келган.

Ўз фаолияти давомида у 492 та ўйинда футбол майдонига тушиб, 258 марта гол уришга муваффақ бўлган.

COVID-19: Россияда 1,1 миллион киши чекловларни бузгани учун жаримага тортилди

COVID-19 га қарши курашаётган тиббиёт ходимлари шарафига чизилган граффити, Омск, 23 ноябрь, 2020

Россия полицияси пандемия бошланганидан бери COVID-19 чекловларини бузгани учун 1 миллиондан ортиқ кишини жаримага тортган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

976 мингдан ортиқ одамга фавқулодда вазият пайтида соғлиқни сақлаш протоколларини бузгани учун энг камида 1000 рублдан (13 доллар) жарима солинган.

Россия вирус юқтирганлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда.

Мамлакатда бугунга қадар 2,2 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинди, уларнинг 39 мингдан ошиғи вирус билан боғлиқ касалликлар туфайли нобуд бўлди. Асл рақамлар бу кўрсаткичлардан анча юқори эканига ишонилади.

Сўнгги ҳафталарда Россия шифохоналари беморларга тўлиб кетганига қарамай, расмийлар Европанинг бошқа жойларида бўлгани каби чекловларни қайта жорий қилмадилар.

Бунинг ўрнига, Россия ҳудудларида маҳаллий ҳокимиятлар ўз чекловларини жорий қилмоқда.

Октябрь ойида Россия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб жамоат жойларида ниқоб тақишни мажбурий қилган.

Декабрда Nord Stream-2 газ қувурини битириш босқичи бошланади

Россиянинг газ қувурларини ётқизишга ажратилган Черский номидаги кемаси, ундан Nord Stream-2 босқичида фойдаланишлари мумкин, 7 июль, 2020

Декабрь ойида Россия газини Европага элтишни кўзловчи Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурининг якуний қисмини ётқизиш ишлари бошланади.

Лойиҳа бир йил олдин АҚШ санкциялари туфайли тўхтаб қолган эди.

28 ноябрь куни Nord Stream-2 AG ширкати, линиянинг Германия яқинида битмай қолган 2 ярим километрлик қисмини ётқизиш ишлари тез кунларда бошланишини билдирди.

Германия матбуоти қурилиш ишлари 5 декабрда бошланишини хабар қилди.

Nord Stream-2 лойиҳаси Россия Германияга экспорт қиладиган газ кўламини икки баробарга оширади.

АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Германияни лойиҳани тўхтатишга чорлаб келади.

Ўтган йилда АҚШ санкциялари туфайли Швейцариянинг Allseas ширкати лойиҳани тарк этган эди.

Болтиқ денгизи остидан Германияга олиб ўтилаётган қувур линиясининг қолган қисмини якунлашга қайси ширкат жалб қилиниши очиқланмади.

COVID-19: Европада вирусдан нобуд бўлганлар сони 400 мингдан ошди

Ниқоб таққан қўриқчи, София, Болгария

28 ноябрь куни Европада коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сони 400 мингдан ошди.

Европа касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш марказининг маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери қитъада 400 минг 949 та COVID-19 билан алоқадор ўлим қайд этилган.

Энг кўп ўлим қайд этилган мамлакатлар Буюк Британия (57 551), Италия (53 677), Франция (51 914), Испания (44 668) ва Россиядир (39 068).

АҚШда эса вирус туфайли қазо қилганлар сони 266 мингдан ошиб кетди. Мамлакат бўйлаб вирусга чалинганлар сони тез суратда ўсишда давом этар экан, кўплаб штат ва шаҳарда чекловлар кучайтирилди.

Жорж Вашингтон университети профессори Леана Вен CNN агентлигига берган интервьюсида:

«Яқинда АҚШда ҳар куни 2000 дан ошиқ ўлим, эҳтимол, кунига 3000-4000 ўлим қайд этилишини кутиш мумкин», - деди.

Қозоғистонда мухолифат партия парламент сайловларини бойкот қилмоқчи

Ўзини мухолифат партияси ўлароқ кўрсатиб келаётган «Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси» январь ойига белгиланган парламент сайловларини бойкот қилишини эълон қилди.

Партия раҳбари Асхат Рахимжанов Қозоғистон сиёсий саҳнасида «ўша-ўша» сиёсий элита ҳукмронлиги давом этаётганини айтиб, ўз партияси 10 январга белгиланган сайловларда қатнашмаслигини айтди.

«Эски қоидалар, эски сиёсий партиялар», - деди Рахимжанов. Сиёсатчи ўз фикрини батафсил баён қилмади.

Сайловда қатнашмаслик қарор 27 ноябрь куни бўлиб ўтган партия конференциясида қабул қилинган.

Қозоғистон ҳукумати сайловларда рўйхатдан ўтган олти сиёсий партия иштирок этишини билдирди. Улар орасида ҳукмрон «Нур Отан» партияси, тўртта ҳукуматни қўллаб-қувватловчи партия – «Оқ йўл», «Овул», «Бирлик», «Коммунистик халқ партияси» ҳамда сайловни бойкот қилишга қарор қилган «Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси» бор.

Қозоғистонда бундан олдинги парламент сайловлари 2016 йилнинг март ойида бўлиб ўтган эди.

Навальний ЕИни рус олигархларига қарши санкция жорий қилишга чақирди

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний Европа Иттифоқини президент Владимир Путин атрофидаги «жиноятчилар тўдасига» қарши санкция жорий қилишга чақирди.

27 ноябрь куни Европарламент депутатлари билан ўтказилган видеоконференцияда Кремль танқидчиси Навальний Россиядаги олигархлар «вақтинча ҳокимиятни эгаллаб олганини» ва ЕИ Москва билан муносабатлари бўйича янги стратегия ишлаб чиқиши кераклигини айтди.

Хусусан, Навальний ЕИни Кремль билан яқин алоқада бўлган Роман Абрамович, Алишер Усмонов ва Аркадий Ротенберг сингари миллиардерларнинг Европадаги даромад манбалари ва мулкларини синчковлик билан текширишга чақирди.

Ўтган ой ЕИ ва Буюк Британия август ойида Навальнийни «ўлдиришга уринган» олтита юқори мартабали Россия амалдори ҳамда бир ташкилот мулкларини музлаб, уларга қарши саёҳат чекловларини жорий қилган эди.

Президент Путинн кескин танқид қилиб ҳамда Россияда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашиб танилган Навальний Путин кўрсатмаси билан заҳарланганини айтиб келади.

Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилди ва мутахассислар Навальний «Новичок» туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлади.

Лукашенко: Янги конституция қабул қилинганидан кейин лавозимимни бўшатаман

Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко янги конституция қабул қилингандан кейин ўз лавозимини тарк этишини айтган. Бу ҳақда "Белта" агентлиги хабар қилди.

Лукашенко 27 ноябрь куни Минск касалхонасига қилган ташрифи чоғида:

"Янги конституция остида сизлар билан президент ўлароқ ишламайман", - деган.

Лукашенко конституцияни ислоҳ қилиш ва президент ваколатларини ўзгартириш зарурлигини айтган, аммо янги конституция қачон қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳеч нима демаган.

Бугунга қадар Лукашенко бир неча марта конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақида сўзлади, аммо мухолифат авторитар етакчи аслида ҳокимиятда қолиш мақсадида вақтни чўзаётганини айтмоқда.

Жорий йил августидан бери Беларуснинг Минск ва бошқа шаҳарларида президент сайловининг расмий натижаларига қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайловда расмийлар мамлакатни чорак асрдан бери бошқариб келаётган Лукашенко яна ғалаба қозонганини иддао қилганлар.

Беларусдаги норозилик чиқишлари чоғида ўн минглаб одам қўлга олинди, юзлаб намойишчи ҳибс этилди. Кўплаб одам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан калтакланди, бир неча киши қурбон бўлди.

Озарбайжон парламенти Францияни Тоғли Қорабоғ бўйича Минск гуруҳидан чиқариб ташлашга чақирди

Тоғли Қорабоғнинг Ҳадрут шаҳридаги ҳувиллаб қолган кўчаларидан бири, 2020 йил 25 ноябри

Озарбайжон парламенти 26 ноябрь куни Францияни Тоғли Қорабоғ муаммосини изга солишда воситачилик қилаётган ЕХҲТнинг Минск гуруҳидан чиқариб ташлашга чақирди. Куни кеча Франция сенати мамлакат ҳукуматини Тоғли Қорабоғ республикаси мустақиллигини тан олишга чақирган резолюцияни маъқуллаганди.

Озарбайжон ва Арманистон шу йил 10 ноябрида Россия воситачилигида Тоғли Қорабоғда олти ҳафта давом этган урушни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Россия ва АҚШ билан бир қаторда Франция ҳам ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраиси бўлиб ҳисобланади. Мазкур гуруҳ шафелигида ўн йиллардан бери ўтказиб келинган музокаралар минтақада узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига асос бўлган эмас.

Франция сенати томонидан Тоғли Қорабоғ бўйича резолюция қабул қилингани ортидан Озарбайжон парламенти депутатлари мамлакат ҳукуматига Францияни Минск гуруҳи ҳамраислигидан чақириб олиш бўйича ЕХҲТга мурожаат қилишни таклиф этишган. Улар Бокуни Париж билан “сиёсий ва иқтисодий муносабатлар”ни қайта кўриб чиқишга ҳам чақиришган.

БМТ аёлларга қарши зўравонлик лойиҳаларига 25 миллион доллар ажратади

БМТ логоси

Фавқулодда вазиятларга муносабат марказий жамғармасидан хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашаётган ҳамда бундай зўравонлик қурбони бўлганларни қўлловчи аёллар ташкилотларини дастаклаш учун 25 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Локок билдирган.

БМТ мулозимига кўра, бу маблағларни оқилона сарфлаш ва тўғри қарордир.

Маблағлар хотин-қизлар ташкилотлари билан бевосита ишлайдиган ва уларга молиявий кўмак кўрсатадиган “БМТ-аёллар” тузилмаси ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳисобига ўтказиб берилади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун халқаро кураш куни муносабати билан хотин-қизларга нисбатан зўравонликни замонамизнинг энг катта муаммоларидан бири эканини таъкидлаган ва “Биз бу муаммони ҳал қилиш йўлларини қидиришда давом этишимиз лозим”, деган эди.

Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун халқаро кураш куни муносабати билан БМТ, анъанага мувофиқ равишда, бу йил ҳам “16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампаниясини ўтказмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG