Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2021, Тошкент вақти: 10:09

Халқаро хабарлар

Қирғиз МСК раиси мамлакатни тарк этди

Қирғиз мухолифати Марказий сайлов комиссияси раиси Клара Кабилова президент Қурманбек Бақиевнинг ўғли томонидан босимга учрагандан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини билдирди.

Клара Кабилованинг видеобаёнотида МСК раиси маҳаллий кенгашга 5 октябрь кунга белгиланган сайлов арафасида президент ўғли Максим Бақиев босими остида истеъфога чиқаётганини билдирди.

“Агар Максим Бақиев мени қўрқитишни режалаштирган бўлса, у ўз мақсадида эришди. Агар у мени ҳақоратлашни истаган бўлса, у бунинг уддасидан чиқди”,- деди Клара Кобилова.

Ҳукумат расмийлари МСК раиси иддаоларини инкор қилиб, К.Кабиловани ножўя ҳаракатларда айблади.

Кун янгиликлари

Тожикистон ғарбида селдан 9 киши ҳалок бўлди

Сув тошқини юз берган қишлоқлардан бири.

Тожикистон ҳукумати мамлакат ғарбида ёққан жала оқибатида юз берган кўчкиларда тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг 12 майда хабар беришича, Хатлон вилоятининг Кўлоб шаҳрида, Шамсиддин Шохин, Вахш ва Кушониён туманларида 8 киши ўлган.

Пойтахт Душанбедан 15 километр ғарбда жойлашган Хисор шаҳрида эса бир киши ҳалок бўлди.

Расман билдирилишича, сел мазкур туман ва шаҳарларда 11 май куни юз берди. Сел оқибатида кўплаб турар-жой, ҳукумат бинолари ва инфраструктура вайрон бўлган.

Олмаотада Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётганлардан 9 нафари қўлга олинди

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётган аёллар.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида 93 кундан бери Шинжон-Уйғур мухториятида яшовчи қариндошларининг қамоқдан озод қилинишини талаб этиб пикет ўтказаётганлардан камида 9 нафари полиция томонидан қўлга олинди. Намойишчилар ўз қариндошлари Хитойда ноқонуний тарзда лагерларда сақланаётганини айтишмоқда.

Қўлга олинган пикетчилардан икки нафари – Байбўлат Кунбўлат ва Турсунгул Нурақай ушланганларидан бир неча соат ўтгач 11 май куни кечқурун полиция бўлимидан чиқарилди. Қолган пикетчиларнинг қаерда сақланаётгани номаълум.

Кунбўлат 12 май куни Озодлик радиосига асосан аёллардан иборат пикетчилар Хитой консулхонаси олдидан Хитой банки ва Хитой АЁҚШи томон юриш қилганидан сўнг қўлга олинганини айтди.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда бу каби пикетлар кўплаб ўтказилмоқда. Уларнинг иштирокчилари Қозоғистон ҳукуматидан Шинжондаги қозоқлар вазиятига эътибор қаратишни талаб қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ва жаҳоннинг етакчи далатлари Хитойда камида 2 миллион уйғур, қозоқ ҳамда бошқа мусулмон миллатига мансуб аҳоли “экстремизм ва террорга қарши кураш” баҳонасида қайта тарбиялаш лагерларига ташланганидан ташвиш билдириб келади.

Толибон Кобул яқинидаги стратегик туманни босиб олди

Афғонистон армияси ҳарбийси.

Толибон пойтахт Кобул яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Нарх туманини босиб олди. Бу воқеа Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги уч кунлик оташкесим кучга киришидан аввалроқ содир бўлди.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги: “Хавфсизлик кучлари Нарх туманидан тактик мақсадларда чекинди”,-деб баёнот берди.

Ҳукумат мазкур туманни Толибондан озод қилиш учун яқин кунларда ҳужум уюштирилишини билдирди.

Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужохид жангарилар бу туманни 11 май куни эгаллагани ҳақида баёнот берди.

Нарх пойтахт Кобулдан 40 километр узоқликдаги Вардақ вилоятида жойлашган. Вардақ ва унга қўшни бўлган Лоғар вилоятининг бир қисмини узоқ йиллардан бери Толибон назорат қилиб келади ҳамда мазкур ҳудудлардан Кобулга ҳужум қилиш учун қулай бўлган майдон сифатида фойдаланади.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати 13 майда нишонланадиган Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим эълон қилган.

Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни сулҳга чақирмоқда

Зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.

Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни вазият буткул назоратдан чиқмасидан аввал сулҳ тузишга чақирмоқда.

“Биз тўлақонли уруш ҳолатига яқинлашиб қолдик”,- деди 12 май куни БМТнинг Яқин Шарқ масаласи бўйича махсус вакили Тор Веннесланд.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса “барқарорликни таъминлаш учун ҳаракатни кучайтириш”га чақирди.

ХАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо минтақасидан сўнгги 38 соат ичида камида мингта ракета отилгани ҳақида Исроил ҳукумати расман маълум қилди.

Айни пайтда Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди атрофидаги уйларидан ҳайдаб чиқарилишига қарши норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил кучишлатар тузилмалари ўртасидаги тўқнашув ортидан бошланиб кетган зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлган фаластинликлардан 13 нафари балоғатга етмаган ёш бола. Бундан ташқари 500 киши жароҳатланди.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар тўрт кун олдин бошланган эди.

Россия руминиялик дипломатни мамлакатдан бадарға қилади

Бухарестнинг россиялик дипломатни бадарға қилиш қарорига жавобан Россия ҳам Руминия элчихонасининг ҳарбий атташеси ўринбосарини бадарға қилишини эълон қилди.

Руминиянинг Москвадаги элчиси Кристиан Истрате 11 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, у ерда “Руминия элчихонасидаги мудофаа масалалари бўйича атташенинг ёрдамчиси Г. Илиескуни persona non grata деб эълон қилиш”га оид нота топширилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Россия ТИВга кўра, Илиескуга Россия Федерацияси ҳудудини 72 соат ичида тарк этиш буюрилган.

Баёнотда Россия томонидан қўйилган қадам “Руминия томонидан 26 апрель куни Россиянинг Бухарестдаги элчихонасида ишлайдиган ҳарбий атташе ёрдамчисини асоссиз равишда persona non grata деб эълон қилинишига жавоб” экани қайд этилган.

Ўтган ой Руминия Россиянинг Бухарестдаги элчихонаси ҳарбий атташеси ўринбосарини унинг дипломатик мақомига мувофиқ бўлмаган фаолияти туфайли мамлакатдан бадарға қилганди.

Марказий ва Шарқий Европадаги собиқ социалистик блокка кирган ҳамда ҳозирда Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган бир неча мамлакат ҳам ўтган ойда россиялик дипломатларни бадарға қилган, бунга эса Москва томонидан жавоб чоралари кўрилганди.

Бундан чоралар силсиласи апрель ойида Чехия Республикаси россиялик агентларни 2014 йили ҳарбий омборда содир этилган портлашларга алоқадорликда айблаб, кўплаб россиялик дипломатларни бадарға қилганидан кейин бошланган.

Португалия: Украиналикни уриб ўлдирган чегарачилар 7 йилдан 9 йилгача қамоққа ҳукм этилди

Лиссабон аэропорти

Украиналик Игорь Гоменюкка оғир тан жароҳати етказиб, калтаклар зарбидан аэропорт изоляторида ўлишига сабаб бўлган уч нафар португалиялик чегарачи 7 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар қилди ВВС.

40 яшар Игорь Гоменюкни Лиссабон аэропортида 2020 йилнинг мартида қўлга олишганди. Украиналикнинг ишчи визаси бўлмаган, аммо у ватанига учиб кетишни ҳам хоҳламаган. Португалия чегарачилари уни изоляторга қамаб, резина таёқлар билан уриб, тепишган, сўнгра қўллари орқага кишанланган ва оёқлари боғлиқ ҳолида камерада қолдиришган. Гоменюк синган қовурғаларидаги оғриққа чидай олмай, икки кун ўтиб вафот этган.

Уни калтаклаган чегарачилар оғир тан жароҳатлари етказгани учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Судда ўлим факти инобатга олиниб, узоқ муддат тайинланган, аммо улар “одам ўлдириш” моддаси бўйича айбдор деб топилмаган. Суд калтакловчиларнинг мақсади Гоменюкни ўлдириш бўлганини исботлай олмагани учун жараёнда прокурорлар ушбу айбловдан воз кечишган. Бироқ судья улар украиналикни “жони оғриши ва азобланиши учун” калтаклашни мақсад қилишганини эътироф этган.

“Игор Гоменюкнинг ўлими — судланувчиларнинг унга нисбатан муомаласининг тўғридан-тўғри оқибатидир, ҳолбуки улар ўзларини бошқача тутишлари лозим эди”, дея иқтибос келтирган судья Руи Коэльонинг ҳукмидан ВВС.

Гоменюкнинг ўлими Португалияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Чегара хизмати бошлиғи Криштина Гатойнш истеъфога кетди, ҳукумат эса чегара хизматини тарқатиб юбориб, ўрнига Чет элликлар ва бошпана изловчилар билан ишлаш хизмати ташкил этилишини эълон қилди.

Португалия бош вазири украиналикнинг ўлдирилишини “кечирилмас иш” деб атади.

Гоменюкнинг оиласига 850 минг доллар товон тўланди.

“Бу воқеа барча чегарачиларга сабоқ бўлажак, зеро ҳар куни оғир вазифаларини бажараётган бўлсалар-да, ваколатларини суиистеъмол қилишга уларнинг ҳақлари йўқ”, деган украиналикнинг оиласи манфаатларини ифода этган адвокат.

Судланганларнинг адвокати эса ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилишини маълум қилган.

Британия қироличаси мотам ва чекловлар қабатида тахт нутқини ирод қилди

Британия қироличаси Елизавета II

Буюк Британия қироличаси Елизавета II лордлар палатасида 11 май куни анъанавий тахт нутқини ирод этди. У бош вазир Борис Жонсон ҳукумати дастурини ўқиб берди.

Янги парламент сессиясининг очилиш маросими қироличанинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филиппнинг яқиндаги вафоти ва коронавирус чекловлари қабатида ўтгани учун у қадар дабдабали бўлмаган. Жумладан, нутқ ирод қилиш чоғида 95 ёшли қиролича давлат тожини киймаган – тож унинг ёнидаги болишда бўлган.

Елизавета II Вестминстер саройига ўғли шаҳзода Чарлз ҳамроҳлигида автомобилда келган. Одатда қиролича бу маросимга тилла суви югуртирилган извошда келарди. Бундан ташқари, Елизавету II ни фахрий қоровул қаршиламаган. Лордлар палатасида одатдагидан қарийб икки баравар кам ҳозир бўлолган, холос. Уларнинг ҳаммаси аввалроқ коронавирусга чалинмаганига оид тест натижасини тақдим қилганлар ва маросим чоғида ниқобда ўтирганлар.

Елизавета II ўқиб берган ҳукумат дастурига мувофиқ, Борис Жонсон кабинети асосий эътиборини COVID-19 пандемиясидан кейин қироллик иқтисодиётини тиклашга қаратади. Бунда, хусусан, кўпроқ иш ўрни яратиш учун экологик технологиялар, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ётқизилажак инвестицияларга диққат қаратилади.

Қуддусдаги тўқнашувларда 26 фаластинлик ва 2 яҳудий ҳалок бўлди

ХАМАС Қуддусга ракеталар отди.

Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди яқинида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда камида 26 фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 9 нафари ёш бола. Исроил ҳарбий самолётларининг бомбардимони оқибатида яна 120 фаластинлик яраланди. Бу ҳақда Ғазо минтақаси соғлиқни сақлаш мутассадилари маълум қилди.

Айни пайтда Исроил Ғазо секторидан ХАМАС гуруҳи отган ракеталар оқибатида икки яҳудий ҳалок бўлгани, камида 10 киши яралангани ҳақида билдирди.

ХАМАС баёнотида айтлишича, ташкилот “Ал Ақсо масжидини Исроил агрессиясидан ҳимоя қилиш учун ракеталар отган”.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС Қуддусга ракета отиб “қизил чизиқ”дан чиққанини ва Исроил бу ҳужумга “муносиб жавоб қайтариши”ни билдирди. Сўнгги хабарларга кўра, Исроил Мудофаа вазирлиги Ғазо минтақаси билан чегарадош ҳудудларга 5 мингта қўшимча ҳарбийни жалб қилган.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар уч кундан бери давом этмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди

Қозонда ҳалок бўлган ўқувчилар хотираси ёдга олинмоқда.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияга қилинган ҳужумда ҳалок бўлганлар сони камида 9 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда 11 май куни кечга яқин Татаристон президенти Рустам Минниханов маълум қилди. Унга кўра, ҳалок бўлганлардан 7 нафари ўқувчилардир.

“Биз етти болани йўқотдик. Улар 8-синфда ўқиган тўрт ўғил ва уч қиз бола. Бундан ташқари бир нафар ўқитувчи ва мактабнинг яна бир ходими ҳам ҳалок бўлди”,-деди Татаристон президенти.

Расман билдирилишича, ҳужум пайтида 21 киши яраланган. Улардан 18 нафари мана шу мактабда ўқиган болалардир.

Мактабга қурол билан бочстириб кириб ўқ отган 19 ёшли шахс қўлга олингани маълум қилинди. У Қозон шаҳрида яшагани ва аввал 175-гимназияда ўқигани айтилмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди.

Арманистон: Пашинян яна бош вазирликка сайланмади, парламент тарқатиладиган бўлди

Арманистон парламенти 10 май куни Никол Пашинян номзодини бош вазирликка кўриб чиқиш бўйича махсус мажлис ўтказган.

Озодликнинг арман хизмати хабарига кўра, парламент бу гал ҳам – худди 3 май кунги мажлисда бўлгани каби – Пашинян ҳукумат раҳбари лавозимига сайламаган.

“Менинг қадамим” блоки тамсил этган парламентдаги кўпчилик овоз беришдан тийилган. Пашинян номзодини бош вазирликка 1 нафар депутат ёқлаган, яна 1 нафари қарши чиққан, қолган 76 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Арманистон конституциясига мувофиқ, депутатлар икки ҳафта ичида икки марта бош вазирни сайлай олмаган тақдирда, парламент тарқатилиши ҳамда мамлакатда муддатидан аввалги парламент сайлови белгиланиши лозим.

18 мартдаги сиёсий битимга кўра, Пашинян 25 апрель куни истеъфога чиққан.

Арманистонда муддатидан аввалги парламент сайлови 20 июнга белгиланиши кутилмоқда. Бу орада Пашинян бош вазир вазифасини бажаришда давом этиб туради. Парламент ҳам янги депутатлар сайлангунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Чегара можаролари ортидан қирғиз депутатлари КХШТдан чиқиш масаласини кўтарди

Қирғизистон парламенти депутати Айбек Осмонов

Қирғизистон парламенти Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг 10 майдаги йиғилишида депутатлар мамлакатнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзолиги масаласини кўтарган.

Қўмитанинг айрим аъзолари КХШТни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарога нисбатан муносабат билдирмагани учун танқид қилган. Хусусан, депутат Айбек Осмонов “КХШТга аъзо бўлиш Қирғизистон учун қанчалик зарур?” дея савол ташлаган.

“Бир мамлакат иккинчисига очиқчасига ҳужум қилганида КХШТ буни эътиборсиз қолдирди. Бу ҳолатга биз нима деймиз ёки ичимизга ютиб кетаверамизми? Унда КХШТга нега кирдик биз? Агар бу шунақа адолатсиз ташкилот экан, биз унда бўлмаслигимиз керак, деб ҳисоблайман”, деган депутат.

КХШТ 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унга Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Арманистон, Тожикистон ва Беларусь киради. Ташкилотнинг мақсади “тинчликни, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллектив асосда ҳимоя қилиш” экани айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, 28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарода Қирғизистоннинг 189 нафар фуқароси жабрланган, улардан 36 нафари ҳалок бўлган. Тожик ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини маълум қилган.

Тўқнашув оқибатида Боткен вилояти қишлоқларида 78 та уй, 2 мактаб, фельдшерлик-акушерлик маскани, 3 чегара заставаси, болалар боғчаси, 10 та АЁҚШ, ички ишлар бўлими биноси ва 8 та дўкон ёниб кетган.

Тожикистон ҳукумати томонидан 3 май куни эълон қилинган маълумотга мувофиқ, Исфаранинг уч жамоатида 14 та уй буткул ва иккита уй қисман вайрон бўлган, Овчи Қалач қишлоғидаги ўрта мактаб ва битта уй қисман зарар кўрган.

Икки мамлакат можарода бир-бирини айбламоқда, Қирғизистон ва Тожикистон прокуратуралари эса чегарадаги ҳодисалар бўйича қарши тараф фуқаролари устидан оғир моддалар билан жиноят ишларини очган.

Хитойда аҳоли сони ўсиши кескин камайиб кетди

Хитойда туғилган чақалоқлар

Сўнгги ўн йилликда Хитойда аҳоли ўсиши йилига ўртача 0,53 фоизни ташкил қилган. Охирги ўн йилликда бор-йўғи 72 миллионга кўпайган мамлакат аҳолиси, 2020 йил якунидаги ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 411 миллион кишига етган.

ХХР Миллий статистика бюроси маълумотига мувофиқ, 2020 йили туғилган чақалоқлар сони мамлакатда ёппасига очлик кузатилган 1961 йилдан буён энг паст кўрсаткичда бўлган.

Кейинги йилларда туғилишнинг кескин камайиб кетгани мамлакатда умр давомийлиги ошгани билан биргаликда иқтисодий ўсишга путур етказажак демографик инқирозга олиб келиши мумкин, дея иқтибос келтирган New York Times газетаси Хитой бўйича мутахассислардан. Бугунги кунда Хитой аҳолисининг қарийб 19 фоизини ёши 60 дан ошган кишилар ташкил қилмоқда. Аҳолининг бу қатлами сўнгги ўн йилликда 6 фоизга ўсган.

Бир неча йил аввал Хитой расмийлари 1980 йилдан бери амалда бўлиб келган “битта фарзанд” сиёсатини бекор қилишган. Мазкур тартибга кўра, Хитойдаги оилаларнинг аксарияти бир нафаргина фарзанд кўриш ҳуқуқига эга бўлган. Бироқ бу ҳолат мамлакатдаги туғилиш кўрсаткичини кескин пасайтириб юборган эмас, туғилишнинг камайиши кейинги тўрт йил ичида кузатила бошлаган, холос. CNBC маълумотига кўра, 2020 йили Хитойда туғилиш кўрсаткичи 15 фоизга пасайган.

Қуддусдаги тўқнашувлар: 200 дан зиёд фаластинлик касалхонага ётқизилган

Ғазо минтақасидан Исроил тарафга отилган ракета, 2021 йил 10 майи

Қуддуснинг Ал Ақсо масжиди атрофида 10 май куни Исроил полицияси билан кечган тўқнашувларда 300 нафардан зиёд фаластинлик жароҳат олган.

230 га яқин киши шифохоналарга ётқизилган бўлиб, улардан етти нафарининг аҳволи оғир, дея хабар қилди Associated Press агентлиги фаластинлик врачлардан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Ливаннинг Al Mayadeen телеканали хабарига кўра, 10 май куни кечга бориб тўқнашувлар барҳам топган.

Associated Press агентлиги полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаганини хабар қилган. Қуддус маъмурияти шаҳарнинг араблар яшайдиган қисмида юз берган тўқнашувлар сабаб Ибодат тоғига чиқиш йўлини вақтинча ёпиб қўйишга қарор қилган.

Душанбада Қуддус куни нишонланиши белгиланган эди: бу байрам 1967 йили Олти кунлик урушдан сўнг Қуддуснинг шарқий қисми Исроил назорати остига ўтиши муносабати билан эълон қилинган. Бу йил Қуддус куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келди.

Исроил Мудофаа армияси матбуот хизмати ўз твиттерида 10 май куни ХАМАС гуруҳи жангарилари Исроил ҳудудига учта ракета билан ҳужум қилганини маълум қилган. Бунга жавобан Исроил ХАМАСга қарашли объектларни ўққа тутган. Араб манбалари мазкур ҳаво зарбаларидан 20 нафар фаластинлик нобуд бўлганини ёзмоқда.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан исроиллик ҳамкасби Меир Бен-Шабат билан телефон орқали мулоқоти чоғида Қуддусдаги вазиятдан ташвишда эканини билдирган эди.

SpaceX Ойга парвозни молиялаштириш учун кириптовалюта қабул қилади

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск.

SpaceX “криптовалютани Ер орбитасидан ташқарида қўллаш мақсадга мувофиқ” эканини маълум қилди. Ширкат 2022 йилнинг 1-чорагида “Ой миссияси DOGE-1” лойиҳасини ишга туширади ва уни молиялаштириш учун Илон Маск дожкоин (dogecoin) криптовалютасини қабул қилишга тайёр.

"Америка овози"нинг билдиришича, Geometric Energy ширкати дожкоинлар билан молиялаштириладиган лойиҳа ҳақида якшанба куни жамоатчиликка маълумот берди. Аммо Geometric Energy лойиҳанинг умумий қийматини очиқламади.

“Бу лойиҳа криптовалютани Ер орбитасидан ташқарида қўллаш мумкинлигини исботлайди ва сайёралараро савдо-сотиқ пойдеворига асос солади”,-деди SpaceX вице-президенти Том Очинеро.

Илон Маск апрель ойида ўз Твиттер саҳифасида “SpaceX ҳақиқий дожкоинни ҳақиқий Ойга олиб чиқади”, деб ёзган эди.

Илон Маск якшанба куни Saturday Night Live телекўрсатувида дожкоинни “мутаҳҳам” деб атаганидан сўнг мазкур криптовалютанинг қиймати камида учдан бирга арзонлаб кетган.

Айни пайтда Маскнинг аввалги твитлари унча машҳур бўлмаган дожкоин криптовалютасини “чайқовчилар орзуси”га айлантирган эди.

Маск асос солган Tesla электромобил ширкати февраль ойида 1,5 миллиард долларлик биткоинларни сотиб олгани ва тез орада биткоинларни электромобиллар учун тўлов сифатида қабул қилишини билдирган.

Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 1660 кишига етди

Бишкекдаги касалхоналардан бири.

Қирғизистонда ўтган бир сутка давомида 254 кишида коронавирус анқиланди. Беморларнинг 195 нафари пойтахт Бишкек аҳолисидир.

10 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда пандемия бошланган 2020 йилнинг мартидан то шу кунга қадар COVID-19 юққанлар сони 98 654 кишига етди.

Сўнгги бир кун ичида 5 киши ўлди. Улардан 3 нафари Бишкекда, 2 нафари Чуй вилоятида. Бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони 1660 кишини ташкил қилмоқда.

Беморлардан 91 816 нафари тузалди. Касалхоналарда 1683 киши станционар тарзда, 2496 киши амбулатор тарзда даволанмоқда.

Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди олдида фаластинлар ва Исроил полицияси тўқнашувлари давом этмоқда

Фаластинлик Исроил полициячиси билан баҳслашмоқда. Ал Ақсо масжиди атрофи, 10 май 2021 йил.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар уч кундан бери давом этмоқда.

Маҳаллий шифокорлар 10 май куни камида 50 фаластинлик жароҳатланиб, касалхонага ётқизилганини билдирди. Исроил полицияси уларга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаган. Фаластинликлар эса полициячиларни тошбўрон қилган.

Ал Ақсо масжиди Ислом динидаги учинчи муқаддас жой ҳисобланади. Полиция мазкур ҳудудга яҳудийларнинг киришини тақиқлаб қўйди. 10 май куни бу ерда яҳудийлар Шарқий Қуддуснинг Исроил томонидан 1967 йилда босиб олинишининг навбатдаги йиллигини тантанали нишонлаши кутилаётган эди.

Бу куни одатда миллатчи яҳудийлар мусулмонлар яшовчи кўчалардан ўз байроқларини кўтариб ўтадилар. Мусулмонлар бу юришни “фитна қўзғатиш ҳаракати” деб баҳолайди.

10 май куни Исроил суди Ал Ақсо яқинидаги мавзеда яшовчи фаластинликларнинг уйларини босиб олиниши юзасидан ўз қарорини чиқариши кутилаётган эди. Аммо Исроил бош прокурорининг илтимоси билан суд бу ишни кўриб чиқишни бошқа кунга қолдирди.

Ҳозирча суд қачон бўлиши номаълум. Камида 70 нафар фаластинлик Ал Ақсо ҳудудидаги уйларидан ҳайдаб чиқарилишларига қарши судга апелляция аризаси киритган.

Толибон ҳайит муносабати билан оташкесим эълон қилди

Ҳайит куни масжидда номоз ўқиётган мусулмонлар.

Толибон 10 майда Ийд ал Фитр муносабати билан уч кунлик оташкесим тўғрисида эълон қилди. Толибон жангариларига “Ҳайитнинг биринчи кунидан учинчи кунигача мамлакат бўйлаб душманга қарши барча жанговар ҳаракатларни тўхтатиш”га буйруқ берилди.

Толибоннинг билдирилишича, жанговар ҳаракатлар “тинч ва хавфсиз муҳитни яратиш”, одамларга байрамни муносиб кутиб олиш имкониятини бериш мақсадида тўхтатилмоқда.

“Лекин душман ҳужум қиладиган бўлса, биз ўзимизни ва ўз ҳудудларимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз”,-дейилади баёнотда.

Жорий йилда Рамазон ҳайити 12 ёки 13 май кунига тўғри келади. Ҳукумат Толибоннинг мазкур баёнотига ҳозирча муносабат билдирмади.

Кобулдаги қизлар мактабига 8 майда қилинган террор ҳужумида камида 50 киши ҳалок бўлган ва 100 киши яраланган эди. Толибон мазкур террорга алоқаси йўқлигини билдирган.

Лукашенко ўлимидан кейин ҳокимият кимга топширилишига оид декретни имзолади

Беларусь президенти Александр Лукашенко 9 май куни ўзининг ўлимидан сўнг мамлакатни бошқариш механизмлари баён қилинган “Суверенитет ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги декретга имзо чекди. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, ҳужжат аллақачон кучга кирган.

“Ҳужжат давлат раҳбари суиқасд, теракт, ташқи тажовуз ёки бошқа зўравонлик хуружлари оқибатида ҳалок бўлган тақдирда, барча давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари Хавфсизлик кенгаши қарорларига мувофиқ ҳаракат қилиши, Кенгаш йиғилишларига эса бош вазир раислик қилишини назарда тутади. Шу билан бирга, зудлик билан мамлакат ҳудудида фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий қилинади”, дейилган хабарда.

Ҳужжатда айтилишича, янги сайловларни ўтказиш бўйича қарорни ҳам Хавфсизлик кенгаши қабул қилади.

Беларусь конституциясида президент вафот этган ёки ўз ваколатларини бажаролмай қолган тақдирда, унинг вазифасини бош вазир бажариши қайд этилган, бироқ бу ўринда Хавфсизлик кенгаши номи тилга олинмаган.

Апрель ойида, Беларусь махсус хизматлари Лукашенкога қарши ҳозирланган суиқасднинг олди олинганини маълум қилгач, у ўзи вафот этган тақдирда ҳокимият Хавфсизлик кенгашига топширилиши кўзда тутилган ҳужжатни имзолашини айтганди. Мазкур декретни у ўз ҳаётидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири, деб атаган.

Беларусь Хавфсизлик кенгашига Лукашенкодан ташқари 8 киши киради, улардан тўрт нафари куч ишлатар идоралар вакилларидир.

Ғарб мамлакатлари ўтган йил август ойида Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларининг легитимлигини тан олмайди. Расмий натижага кўра, Лукашенко олтинчи марта сайланган ушбу сайловлардан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Расмийлар аҳоли норозилигини куч билан бостириб келмоқда.

Бабиш ЕИ мамлакатларини “ҳеч йўқ бир нафардан” россиялик дипломатни бадарға қилишга чақирди

Чехия бош вазири Андрей Бабиш

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Европа Иттифоқидаги бошқа мамлакатлар раҳбариятларига мурожаат қилиб, уларни Врбетица қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборидаги портлашларга оид иш бўйича Чехия билан бирдамлик аломати ўлароқ ҳеч бўлмаганда бир нафардан россиялик дипломатни ўз мамлакатларидан бадарға қилишга чақирди. Бу ҳақда Бабиш журналистларга Португалиядаги ЕИ президентлари ва бош вазирлари норасмий саммитида билдирди.

“Биз ЕИга аъзо бир давлат ҳужумга учраган пайтда бу феълан барча аъзоларга ҳужум эканини ҳар доим англашимиз керак. Мен улардан камида бир нафардан дипломатни бадарға қилиш масаласини кўриб чиқишларини сўрадим”, деди Бабиш.

Чехия бош вазирига кўра, Портудаги саммитнинг илк кунида ЕИга аъзо мамлакатлар лидерлари йили Врбетицада содир бўлган портлашларга оид масалани муҳокама этганлар. Бу масала муҳокамасига Европа кенгашининг май ойи охирида бўлиб ўтадиган саммитида қайтиш режаланган.

Май ойи бошида Андрей Бабиш Врбетицадаги портлашлар масаласини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан муҳокама қилган.

Чехия махсус хизматлари Врбетица қишлоғидаги ҳарбий омборда 2014 йил октябрида содир этилган портлашларга Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) ходимларини алоқадор, деб ҳисоблайдилар. Чехия Ташқи ишлар вазирлиги ва махсус хизматлари баёнотига кўра, қўпорувчилик амалиёти Россиянинг Прагадаги элчихонасидан туриб махсус хизмат ходимлари амалга оширганлар.

Исроил бош вазири полициянинг фаластинликларга қарши ҳаракатини дастаклади

Қуддусдаги тўқнашувлардан лавҳа

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Қуддусда икки давом этган тўқнашув ортидан полициянинг фаластинликларга қарши амалиётини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Нетаняҳунинг таъкидлашича, ҳукумат радикал унсурларнинг шаҳардаги осойишталикни бузишига йўл қўймайди.

Аввалроқ Қуддусдаги тўқнашувларда 200 чоғли одам тан жароҳати олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Тўқнашувлар чоғида фаластинликлар Масжидул-Ақсо олдида исроиллик полициячиларга қарата тош отишгани, полициячилар эса уларга резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ билан жавоб бергани айтилмоқда.

Қуддусда содир бўлаётган воқеалар юзасидан аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва БМТ ўз хавотирларини изҳор этишган.

Қуддусда бу каби тўқнашувлар Рамазон ойи бошидан бери бир неча бор содир бўлган. Фаластин миллий мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос шу важдан 22 майга белгиланган умумхалқ сайловини бошқа муддатга қолдирган. Дастлабки тўқнашув Исроил полицияси фаластинликларнинг Рамазон ойи муносабати билан Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида ифторга йиғилишини тақиқлаб қўйганидан сўнг содир бўлганди.

Кейинчалик таранглик ортишига фаластинликларнинг бир неча оиласини Шарқий Қуддусдаги мавзелардан биридан бадарға қилиш уриниши сабаб бўлди. 7 май куни полиция у ерда йиғилган намойишчиларни шовқинли гранаталар билан тарқатиб юборган.

Покистон Ҳиндистонни “ҳафа қилишдан тийилаётган” Саудия Арабистони билан муносабатларни яхшиламоқчи

Покистон Бош вазири Имрон Хон.

Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг 8 майда Саудияга қилган икки кунлик сафари давомида бир неча ойдан бери таранглашган муносабатларни яхшилаш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Икки давлат жиноятда айбланаётганлар билан ўзаро алмашиш, наркотик ноқонуний савдосига қарши кураш, инфраструктура ва бошқа соҳаларга оид шартномаларни имзолайди.

Саудия ва Покистон ўртасидаги муносабатлар Кашмир масаласи кун тартибига чиқарилганидан сўнг ёмонлашган эди.

Покистон асосан мусулмонлар яшайдиган Кашмирда Ҳиндистон инсон ҳуқуқларини бузаётганини билдириб, бу масалада Саудия Арабистонини ҳинд ҳукуматига босим кўрсатишга чақирган.

Саудия эса ўз навбатида “асосий нефть сотиб олувчи бўлган Ҳиндистонни ҳафа қилиб қўймаслик учун” Покистоннинг илтимосини эътиборга олмаган.

Бундан ташқари Саудия Покистондан 3 миллиард долларлик қарзини тўлашни кескин талаб қила бошлади. Бунинг оқибатида Покистон Хитойдан молиявий кўмак сўрашга мажбур бўлган.

2019 йилнинг 5 август куни Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг ташвишига сабаб бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг Покистон Ҳиндистон билан муносабатлар даражасини пасайтирган, савдо-сотиқ ва транспорт қатновини чеклаган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери ядровий қуролга эга бўлган икки давлат- Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтиришга ваъда берди

Россия ва Тожикистон президентлари Москвада 9 май арафасида учрашди.

Президент Владимир Путин 8 май куни ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтириш ва мустаҳкамлаш масаласида бош қотираётганини маълум қилди.

Путин, шунингдек, Россия “Тожикистон армиясининг қудратли бўлишига ҳам кўмаклашиш” ниятида эканини таъкидлади.

Айни пайтда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши ортидан мазкур мамлакатда вазият кескинлашиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Тожикистондаги учта ҳарбий базага Россия 201-дивизиясининг 7 мингдан ортиқ ҳарбийси жойлашган.

Президент Эмомлаи Раҳмон Москвага Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш учун борган. Марказий Осиёнинг қолган давлатлари раҳбарлари мазкур парадга бормаслигини билдирганлар.

Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда

Фаластинликларга ўқ отаётган Исроил полициячиси.

Фаластинликларнинг Исроил полицияси билан тўқнашувлари 8 май куни яна қайта бошланди. Бунга Исроил полицияси Рамазон ойида яҳудийлар ўзиники эканини иддао қилаётган ерлардан мусулмонларни мажбурий равишда кўчириб чиқаришга ҳаракат қилаётгани сабаб бўлмоқда.

Бундан бир кун аввал Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда 205 фаластинлик ва Исроил полициясининг 18 ходими яраланган эди. 8 май куни полиция минглаб норози фаластинликларни тарқатиш учун резина ўқлар, кўздан ёш сиздирувчи газ, шовқинли гранатларни қўллади.

8 майдаги тўқнашувларда 68 фаластинлик яралангани, улардан 11 нафари касалхонага ётқизилгани хабар қилинди.

Исроил полицияси билан тўқнашувлар 90 минг мусулмон Қуддусдаги Ал Ақсо масжидига Лайлатул қадр тунини нишонлашга йиғилгани ортидан бошланиб кетди. Ислом динидаги муқаддас жойлардан бири ҳисобланадиган Ал Ақсо масжиди ҳудудида жойлашган тепаликни яҳудийлар ҳам ўзларига тегишли муқаддас жой ҳисоблашади.

Ўша куни Ал Ақсо масжиди яқинидаги мавзедан ўнлаб фаластинликлар ўзларини уйларидан қувиб чиқмоқчи бўлган яҳудийларга қаршилик кўрсата бошлаган.

9 май куни томонлар ўртасидаги низолашув янада кучайиши мумкин экани таҳмин қилинмоқда. 9 май куни яҳудийлар Шарқий Қуддусни босиб олганларини тантанали нишонлашади ва бу кун Қуддус куни деб аталади. Бу тантана 10 майгача давом этади.

10 май куни Исроил суди Ал Ақсо яқинидаги мавзеда яшовчи фаластинликларнинг уйларини босиб олиниши юзасидан ўз қарорини чиқариши кутилмоқда.

Афғонистон пойтахтидаги қизлар мактабига қилинган ҳужумда камида 50 киши ҳалок бўлди

Кобулдаги қизлар мактабига 8 майда ҳужум қилинди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги 9 май куни Кобулдаги қизлар мактабига 8 майда қилинган террор ҳужумида камида 50 киши ҳалок бўлгани ва 100 киши яраланганини билдирди.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Тариқ Ориён мина ўрнатилган автомашина Кобулнинг шиа хазарлар яшайдиган Дашти Барчи туманидаги Сайид ал Шухада мактаби ёнида портлатилганини айтди. Бундан ташқари, ўқувчилар ваҳимада қоча бошлаган пайтда яна иккита бомба портлатилган.

Ҳозирча мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Толибон гуруҳи расмий баёнот тарқатиб, ўқувчи қизларнинг ўлдирилишига ҳеч қандай тарзда алоқадор эмаслигини билдирди.

Шунга қарамай, президент Ашраф Ғани ҳужум учун Толибонни айблади, аммо у ҳеч қандай далил-исботларни келтирмади.

Covid-19: Ҳиндистонда ўлганлар сони 3 ойда 1 миллионга етиши мумкин

Ҳиндистонда коронавирусдан ўлганлар мурдаларини ёқиш патйи. 6 май. 2021 йил.

8 май куни Ҳиндистонда коронавирусдан нобуд бўлганлар сони бўйича антирекорд ўрнатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир сутка ичида 4 187 нафар бемор нобуд бўлганини билдирди. Бу билан Ҳиндистонда бугунга қадар коронавирус туфайли ўлганлар сони 240 мингга яқинлашди.

Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институтининг тахминларига кўра, мамлакатда августгача 1 миллион COVID-19 билан боғлиқ ўлим қайд этилишини кутиш мумкин.

Шанба куни мамлакатда 401 078 та вирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Бу билан бугунга қадар коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 21,9 миллионга етди.

Шу сабабдан Ҳиндистон бўйлаб карантин чекловлари кучайтирилмоқда. Аммо мамлакатда умуммиллий карантин жорий қилингани йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG