Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:03

“Wall-Mart” ўзбек пахтасидан воз кечди


Америкадаги энг йирик улгуржи савдо дўкони ҳисобланган “Wal-Mart” ўз таъминотчиларига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан фойдаланмаслик ҳақида кўрсатма берди. Бундан кўзланган мақсад пахта етиштиришда болалар меҳнатидан воз кечиш учун Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатилаётган босимни кучайтиришдан иборат.

“Wal-Mart” эълон қилган расмий баёнотда: “Биз Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйиш учун АҚШдаги пахта ва пахта билан боғлиқ савдонинг 90 фоизини ташкил этувчи ширкатлар вакилларидан иборат коалиция тузишга муваффақ бўлдик. “Wal-Mart” таъминотчилари болаларни мажбурий меҳнатга жалб этувчиларга тоқат қила олмайди” – дейилган.
Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жулиетт Уильямс Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш учун анча вақтдан бери халқаро миқёсда кампания олиб бормоқда.
Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилиш ташаббусчиси бўлган мазкур ташкилот раҳбари “Wal-Mart” қабул қилган қарорни олқишлади:
““Табиат ва адолат” жамғармаси “Wal-Mart” қабул қилган қарорни қутлайди. Биз Америкадаги бу ширкат билан қарийиб 18 ойдан бери сўзлашув олиб бораётган эдик. Биз бундай қарор эълон қилинишини кутаётган эдик. Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш мақсадида бундай амалий чора кўрилганидан мамнунмиз. Дунёдаги энг йирик улгуржи савдо дўкони ҳисобланган “Wal-Mart” қабул қилган бу қарор Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳозиргидек давом этмаслиги кераклиги борасида Ўзбекистон ҳукуматига йўлланган аниқ ва равшан муждадир” – дейди Жулиетт Уильямс.
Унинг фикрича, Ўзбекистонда пахта етиштириш яхши механизациялаштирилмагани сабабли пахта теримига жуда кўп бола жалб этилмоқда. Шу боис Уильямс ўз ташкилоти пахта етиштирувчи бошқа давлатларга нисбатан Ўзбекистонга асосий эътибор қаратаганини айтди.
“Биз Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига барҳам бериш борасида Германия, Голландия каби Европадаги манфаатдор томонлар билан яқиндан иш олиб боряпмиз. Сўнгги икки ой давомида Ўзбекистон ҳукумати ёш болалар пахта теримига жалб этилмаслиги тўғрисида жуда қизиқ баёнотлар эълон қилди. Афтидан бу пахта теримига болалар жалб этилишининг тан олинишига ишора. Авваллари ҳукумат бундай муаммо борлигини рад қилиб келган. Аммо биз амалда ўзгариш бўлаётганини кўраётганимиз йўқ. Биз болалар ҳозир ҳам пахта далаларига мажбуран чиқарилаётгани ҳақида маълумотлар оляпмиз” – дейди Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жулиетт Уильямс.
Ғарб ширкатлари Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бирин-кетин бойкот эълон қила бошлаганига жавобан 12 сенябр куни Ўзбекистон бош вазири болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқловчи халқаро конвенцияларни амалга татбиқ этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Шунга қарамай¸ болалар ва талабаларни пахта теримига жалб этиш амалиëти бу йил ҳам давом этмоқда.
Яқинда Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз туманидаги коллежларнинг бирида ўқийдиган талаба пахта теримидан қочиб келган. Озодлик мухбири билан суҳбатда ўз исмини айтмасликни сўраган талаба яшаш шароити аянчли бўлгани учун пахтадан қочганини айтди.
Ўзбекистонда болалар меҳнати эвазига етиштирилган пахтадан фойдаланмаслик ҳақида ўз таъминотчиларига кўрсатма берган Америкадаги энг йирик улгуржи савдо дўкони ҳисобланган “Wal-Mart” агар Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда болаларни мажбурий меҳнатга жалб этишдан воз кечса ва бу мустақил манбалар томонидан тасдиқланса, ўз таъминотчиларига берилган кўрсатма ўзгартирилишини маълум қилган.
Бир йил илгари қатор Ғарб ширкатлари мажбурий бола меҳнатидан фойдаланилгани боис ўзбек пахтасини бойқот қилишни бошлаган эдилар. Британиядаги "Tesco" ва "Marks & Spenсer" ширкатлари Ўзбекистон пахтасини сотиб олишдан воз кечдилар.
XS
SM
MD
LG