Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:11

Дунё иқтисодиётини қутқариш ҳаракатлари давом этмоқда


Парижда фавқулодда мажлис ўтказаётган Европа етакчилари жаҳон молия бозоридаги бўҳронга Европа Иттифоқи миқёсидаги чораларни кўриш масаласини муҳокама қилмоқда.

ЕИнинг амалдаги раҳбари Франция президенти Николя Саркози йиғиндан аввал Буюк Британия бош вазири Гордон Браун билан учрашди. Буюк Британия евро ҳудудига кирмайди, лекин Франция раҳбари фикрича, бўҳронга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун муҳим давлатдир.

Буюк Британия аллақачон молиявий идораларни қисман давлат назоратига ўтказишга оид режани эълон қилиган. Бу режага кўра, давлат банклар ўртасидаги кредитларни кафолатлайди ва улардаги улушларнинг бир қисмини сотиб олади.

Г.Браун ЕИдаги бошқа ҳамкасбларини ҳам бу каби режани қабул қилишга кўндира олишига умид қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, бу молия бозоридаги ишончнинг тикланишига ҳисса қўшиши лозим. Ўтган ҳафта жаҳон молия бозорида кузатилган қулашлар 1929 йилда рўй берган “буюк депрессия”дан бери энг йирик бўҳрон, деб аталмоқда.

ЕИ етакчилари душанба куни молия биржалари иш бошлашидан аввал бўҳронга қарши умумий режани ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Шу пайтгача иттифоққа аъзо давлатларнинг ҳар бири ўзларидаги иқтисодий шароитлар бир-биридан фарқ қилгани боис, бўҳронни ўзича ҳал этишга уринаётган эди.

Ўтган ҳафта Франция, Буюк Британия, Германия ва Италия раҳбарларининг иқтисодий инқирозга оид режани ишлаб чиқишга бағишланган саммити натижасиз якунланганди.

Айни пайтда Вашингтонда қудратли давлатлар молия вазирлари учрашувида “мувофиқлаштирилган ҳаракат”га оид баёнотлар қилинмоқда.

Жаҳондаги энг бадавлат ва ривожланаётган 20 давлатни бирлаштирувчи 20лик гуруҳи раиси Бразилия молия вазири Гуидо Матеня бўҳронга қарши биргаликда чора кўриш муҳимлигидан таъкидлади.

“Халқаро валюта жамғармаси ва 20лик гуруҳи учрашувининг натижаси рўй бераётган бўҳронга оид биргаликда чора кўриш, кўплаб мамлакатлар томонидан ҳал этилиши лозимлиги жаҳон бўйлаб эътироф этилаётганидадир. Менимча, барча муаммоларни келтириб чиқараётган бу бўҳроннинг ижобий бир жиҳати борки, у ҳам бўлса, худбинлик ва миллатчиликни камайтириб, мамлакатларимизнинг муаммоларни биргаликда ҳал қилишда яқинлашишига хизмат қилади”,- деди Бразилия молия вазири.

Халқаро валюта жамғармаси раиси Доминик Штраус-Каан АҚШ ва Европадаги молиявий идораларга нисбатан ишончнинг камайгани жаҳон молия бозорини “жар ёқасига” олиб келганини айтди.

ХВЖ раиси АҚШ ва ЕИ расмийларининг бўҳронни ҳал этишга оид ҳаракатлари бозорни тинчлантириш учун етарли бўлмаганини билдирди.

“Мавжуд вазиятда яқин кунлар ичида турли молиявий идораларнинг мазкур учрашув қарорларига ижобий муносабат билдириб, музлатиб қўйилган бозорларни очиши ва кредитлар бера бошлаши жуда муҳим бўлади”,- деди Штраус-Каан.
XS
SM
MD
LG