Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:56

Туркманистон газ заҳираси кутилганидан анча катта


Хитойга ëтқизилиши режаланган газ қувурларининг биринчи рамзий қисми.
Хитойга ëтқизилиши режаланган газ қувурларининг биринчи рамзий қисми.

Туркманистон ҳукумати мамлакатдаги табиий газ заҳиралари ҳажмини аниқлаш учун Британия ширкатини ёллаган эди. Бундан мақсад газ етказиб бериш ҳақида чет давлатлар билан имзоланган шартномаларни бажара олиш имкониятини аниқлашдан иборат эди. 13 октябрь куни эълон қилинган тадқиқот натижаси кутилганидан аъло бўлди.

Ашхобод расмийлари Туркманистон дунёдаги йирик табиий газ заҳираларидан бирига эга экани ҳақида анчадан бери мақтаниб келаётган эди. Мамлакат газ заҳирасининг ҳажми фақат туркманистонлик мутахассислар томонидан белгилангани боис кўпчилик Ашхобод расмийларининг мақтовга эътибор бермай келаётган эди.
Туркманистон ҳукумати мамлакатнинг табиий газ заҳираси ҳажми хорижлик мутахассислар томонидан аниқланишини хоҳлади ва бу ишга Британиянинг Gaffney, Cline & Associates (GCA) ширкатини жалб қилди. Ғарблик мутахассислар Туркманистоннинг газ конларида йил давомида мустақил тарзда текширув ўтказди. Натижа эса кутилганидан аъло бўлди
“Маълумот учун, Йолотендаги газ заҳираси ҳажми Давлатободдагига қараганда кўп бўлса, беш марта катта. Шу боис, Йолотен-Усмон дунёдаги тўртинчи ёки бешинчи энг йирик газ хавзаси бўлиши мумкин” – деди, текширув натижасини душанба куни эълон қилган GCA компанияси менежери Жим Жиллет.
1,4 триллион куб метр газ борлиги тахмин қилинган Давлатобод хавзаси ҳозирга қадар Туркманистондаги энг йирик газ заҳираси ҳисобланар эди. Туркманистон ҳукумати шунга асосланиб чет давлатлар билан қатор шартномалар имзолаган. Аммо Британия ширкати мутахассислари ўтказган текширув натижалари Туркманистоннинг биргина Жанубий Йолотен-Ўсмон хавзасида тўрт триллиондан ортиқ газ заҳираси бўлиши мумкинлигини кўрсатди:
“Тўпланган маълумотларга асосланиб Gaffney/Cline шуни маълум қиладики, Йолотен хавзасида камида тўрт ёки олти триллион куб метр газ бор. Бизнингча, у ердаги газ заҳираси кўпи билан 14 триллион куб метр бўлиши мумкин” – деди GCA вакили.
Таққаслаш учун газ заҳираси бўйича дунёда биринчи ўринда бўлган Россияда газ заҳираси ҳажми 48 триллион куб метрни ташкил этади. Иккинчи ўринда бўлган Эронда газ заҳираси 26 триллион куб метрни ташкил этади. Европа Иттифоқи давлатлари эса йилига 300 миллиард куб метр газ сарфлайди.
Туркманистоннинг Йолотен хавзасида 14 триллион куб метр газ заҳираси бўлмаслиги мумкин. Аммо у мамлакатда мавжуд бўлган бир неча газ хавзаларидан биридир. Жим Жиллет ўз ширкати мутахассислари текширув ишларини давом эттираётганини ва яқин фурсатда бу хавзадаги газ заҳирасининг ҳажми аниқ бўлишини айтди.
Туркманистон ҳукумати Россияга йилига 50 миллиард, Хитойга 40 миллиард ва Эронга саккиз миллиард куб метр газ экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаган. Европа Иттифоқи ҳам Каспий энергиясидан фойдаланиш мақсадида Nabucco ва White Stream деб номланган лойиҳалар ишлаб чиққан.
Ўтган ҳафта Ашхобод расмийлари 2015 йилга қадар Туркманистон газ экспорт қилиш хажмини йилига 125 миллиард куб метрга етказишни режалаётганини билдирди.
Туркманистонда инсон ҳуқуқлари аянчли аҳволда экани ҳаммага яхши маълум. Шу боис Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ғарб давлатларини фундаментал демократик ислоҳотлар ўтказиш учун Туркманистон ҳукуматига босим ўтказишга чақириб келмоқда. Жорий йилда Туркманистон ҳукумати билан олиб борилган музокаралар энергияга бўлган эҳтиёж инсон ҳуқуқларини иккинчи даражага суриб қўйгани маълум бўлди.
Туркманистонда улкан табиий газ заҳираси борлиги мустақил ғарблик ширкат томонидан тасдиқланган бир пайтда, афтидан Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари масаласига Ғарбнинг эътибори сусаядиган кўринади.
XS
SM
MD
LG