Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:52

Навбатдаги шиор: “Соғлом авлод - юртимиз келажаги!”


Болаларни эмлаш аксар юртларда ҳукумат зиммасидаги вазифа саналади.
Болаларни эмлаш аксар юртларда ҳукумат зиммасидаги вазифа саналади.

Болалар саломатлиги муаммоси собиқ иттифоқнинг аксарият республикалари каби, Ўзбекистонда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Россияда болалар ва оналар саломатлиги муаммоси мамлакатда кузатилаётган демографик инқирознинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Россия ҳукумати оиладаги иккинчи ва ундан кейинги ҳар бир болага 250 минг рубл (тахминан 10 минг АҚШ доллари) ёрдам пули ваъда қилганига қарамасдан, мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги 2050чи йилга келиб, аҳоли сони 30 фоизга камайиб кетишидан огоҳлантирмоқда. Ён қўшнилар Қозоғистон, Қирғизистон ёки Тожикистонда ҳам вазиятни рисоладагидек, деб айти бўлмайди. Ўтган йили Қозоғистонда юздан ортиқ болалар касалхонада одам иммун-тақчиллик вирусини юқтириб олганини бунга мисол қилиш мумкин.

Лекин, болалар саломатлиги ҳақида гапирганда, Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасида принципиал фарқ борки, у ҳам бўлса қўшни мамалкатларда муаммони ҳал қилишга озми-кўпми холис ният бор. Ўзбекистонда эса, муаммони ҳал этишга қаратилган миллий дастурлару, уларни тарғиб этадиган шиорлар бор холос, дейди мутахассислар. Айни кунларда давом этаётган 2008 йилги пахта мавсумида болаларнинг яна далаларга оммавий ҳайдалишидан “Соғлом авлод - юртимиз келажаги!” хитобида самимият йўқлигини яна бир бор кўрдик. Саломатлик дастурининг навбатдаги сонига айни мавзуни танлаганимизнинг боиси ҳам шунда.

Болалар меҳнати ва пахта мавсуми нозик мавзу бўлгани боис, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидаги болалар саломатлиги билан шуғулланувчи мутасаддилар мавзу хусусида биз билан гаплашишни истамаганини тингловчимизга айтиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Бу йилги пахта мавсумида болаларни мажбурлаб ишлатмасликка оид ҳукумат қарори эълон қилиб, президент ҳам муаммога жиддий эътибор қаратгани айтилганига қарамасдан, болалар шу пайтгача қандай ишлатиб келинган бўлса, бу йил ҳам шундай ишлатилгани ҳақида Озодлик радиоси билан суҳбатда бўлган болаларнинг ўзларидан эшитдик.

“Пахта териш нормаси 50 кило бўлди. Кейин бизни ëтган жойимиз ҳам молхона. У ерда узун кўрпача тўшаб ерга ëтдик. Таги бетон. Захлаб кетган. Шароит йўқ, сувидан балчиқни ҳиди келади. Сувини ичган кўп кишилар касал бўлди. Берадиган овқати эса сувга қайнатилган қуруқ макарон холос. Ичида гўшт йўқ. Битта буханка нон тўртта болага бўлинади. Бунга ким тўяди? Оч бўлсак ҳам ўқитувчилар теришга мажбур қилишарди. Терган пахталаринг ҳеч бўлмаса еган овқатларингни пулини қопласин дейишар эди”, дейди шароитларга чидай олмасдан пахтадан қочиб келган бола.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё бўлими вакили Карим Бозорбоев, болаларнинг пахтага олиб чиқилиши, ҳукуматни нафақат болалар меҳнати муаммосини ҳал қилиш, балки уларнинг саломатлиги ҳам қизиқтирмаслигини яна бир бор намойиш қилди, дейди.

“Бу йилги пахта мавсумимиз ҳар йилгидан шижоаткорроқ ва тез йиғиштириб олиш жараëни билан кечган экан. Мен ўзим шахсан болаларимизнинг 8, 10 километр жойга пиëда бориб, пахта териб келишганини кузатдим. Мана нечталаб болаларимиз пахта жараëнида жабр кўришди. 9 ой қорнида кўтариб юриб, уни авайлаб катта қилиб, кейин пахтадан ногирон ҳолда олиб келиш ота-оналарга қаттиқ таъсир қилмайдими?”

Юқорида айтилганидек, Россияда ота-оналарга болалар келажагини таъминлашга ёрдам бериш мақсадида оиладаги иккинчи ва ундан кейинги ҳар бир болага 10 минг доллардан берилади. Ёки Қозоғистонда ОИТВнинг оммавий юқтирилишидан азият чеккан оилаларга ҳам давлат моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернет сайтида эълон қилинадиган хабарларда айтилишича, Ўзбекистонда ҳам болалар саломатлигига катта эътибор берилади. Хусусан, душанба куни эълон қилинган хабарлардан бирида ҳам Ўзбекистоннинг еттита вилоятида амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” номли дастур ҳақида ёзилган.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла айтилаётган дастур ва лойиҳалар шунчаки кўзбўямачилик холос, амалда келажак авлод соғлом бўладими йўқми, ҳукумат учун бунинг қизиғи йўқ, дейди.

“Ҳозир Ўзбекистон ҳукуматида бепарволик кузатилаяпти. Бизни келажакка қолдирадиган ëш авлоддан бошқа нимамиз бор? Майли биз ҳозир ўтиш давридамиз, аммо давлат бу болалар ҳақида бугун қайғурмас экан, эртага бу давлатни кимлар бошқаради? Кимлар уни ривожлантириб, юқори даражага олиб чиқади? Бу соҳага эътиборсизлик кундан-кунга кучайиб бормоқда. Баъзи жиҳатлари билан одамни даҳшатга солувчи кўламдор маъно касб эта бошлади бу».

Ҳукумат ўзи кўтариб олган “Соғлом авлод – юртимиз келажаги” шиорига бепарволик қилишда давом этса, оқибатлари мудҳиш бўлади, дейди префессор Суҳбат Абдулла.

“Деградация яъни миллатнинг майдаланиб, парчаланиб кетиши деган жуда бир даҳшатли бир нарса бор. Худди шу нарса ўзбек миллатида рўй беради ва ўзбек миллати аста-секин тор-мор бўла бошлайди. Пахта даласида биз болаларни соғлигини қолдирдик. Келгуси авлодни ҳаëтини хавф остига қўйдик”.


Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили Ўзбекистон ҳукумати ярим миллиондан ортиқ болани пахта далаларига хайдайди. Бу йилги пахта мавсумида 4 нафар бола ҳалок бўлди.

Энди диққатингизни Тожикистонга қаратимиз. Қўшни мамалкатда сўнгги пайтларда ҳар хил нуқсонлар билан туғилаётган чақалоқлар сони кўпаяётгани кузатилмоқда. Тиббиётчилар бунинг асосий сабабчиси, ҳомиладор аёлларнинг генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотларни истеъмол қилишлари эканини тахмин қилишмоқда.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги йиллар мамлакатда турли жисмоний нуқсонлар билан туғилаётган чақалоқлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда.

Ўзини Саломат, деб таништирган суҳбатдошимиз, тўртинчи фарзандини туғруқхонада ташлаб кетганини айтади.

«Мен биринчи кундаëқ болани кўришни ва қўлга олишни истамадим. Чунки унинг ярим йиртиқ лаблари ва ғалати кўринишидан қаттиқ қўрқиб кетдим»,-дейди Саломат, аламидан кўзларига ёш олиб.

Тожикистон Республика болалар ва ўсмирлар пластик жарроҳлиги бўлими марказининг ходими Абдулло Абдураҳимов нуқсонлар билан туғилаётган болалар сони йил сайин ошиб бораётгани ташвишли ва жиддий муаммодир, дейди.

«Ҳомиладорликнинг аввалги уч ойи давомида аёлларнинг ҳаддан ортиқ асабийлашишлари, фойдали моддаларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилмаслиги, тиртиқ лаб, танглай ва юқори милкларсиз туғилаётган болалар сонининг ошишининг асосий сабаларидан биридан»,- дейди пластик жарроҳ.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси Дилшод Мағзумов, Тожикистонда нафақат тиртиқ лаб, милк ва танглайсиз чақалоқлар, балки кўринишдаги ғайиротдий болалар ҳам туғилаётганини таъкидлайди.

«Бундан тахминан бир ой аввал республика туғруқхоналарининг бирида ана шундай қизалоқ туғилган эди», дейди соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили.

Қизалоқнинг жинсий органлари ёнидаги бошсимон юмалоқ безни кўрган доялар аввалига икки бошли чақалоқ туғилди, деб ўйлашган.

Безни чақалоқнинг танасидан жарроҳлик йўли билан олиб, очиб кўришганда ичида соч толалари, тирноқ, суяк майдалари борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, она эгизларга ҳомиладор бўлиб қолган, эгизларнинг бири ривожланмай қолган ва туғилган бола танасига ёпишиб қолган.

Чақалоқнинг онаси Робия Холова ҳомиладорлик пайтидаги касаллик туфайли кўп дори-дормон қабул қилгани бунга сабаб бўлганини тахмин қилади:

«Асабийликдан даволаниш учун ҳомиладорлик пайтимда ҳаддан ортиқ дори дармон ичар эдим. Албатта мендан туғилган болани кўриб жуда қўрқиб кетдим. Аввалига шифокорлар бола танасида сув тўпланганини айтиб мени тинчлантиришди. Кейинчалик билсам, у шаклланмай қолган эгизак экан»,- дейди аёл.

Душанбе шаҳар она ва бола саломатлиги марказининг ходими Гулжаҳон Ғойипова физиоллогик нуқсонлар билан болалар туғилишининг асосий сабаби, кейинги пайтларда генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотлар кенг савдога чиқарилганида, деб ҳисоблайди.

«Ҳомиладорликнинг аввалги ойлариданоқ биз аёлларга хориждан олиб келинаётган мева ва сабзавотлар, ичимликлар, жумладан, Пепсикола ва чипслар (қовурилган картошка) истеъмол қилмасликни тавсия этамиз. Хориждан олиб келинаётган мева ва сабзовтларнинг аксарияти генетик таркиби ўзгартирилганини аёлларимизнинг кўпчилиги тушунишмайди. Лекин, аёлларнинг кўпчилиги тавсияларимизни жиддий қабул қилишмайди ва оқибати мана шундай нуқсонли чақалоқлар туғилишига олиб келади», - дейди шифокор.

Бироқ, Душанбе шаҳар марказий туғруқхонаси қошидаги ирсий касалликлар ташхис билимининг бошлиғи Ольга Романова эса, айнан генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотлар бундай салбий салбий оқибатларга олиб келишига оид фикрларга қўшилмаслигини айтади:

«Генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотларнинг инсон соғлиғига таъсири бўлиши мумкин, агар бу махсулотлар ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилинса. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, у фақат қон ва тери касалликлари ёки аллергияга сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, айнан шу маҳсулотларни еган аёлдан нуқсонли болалар туғилаётгани борасида бонг уришга ҳали эрта. Чунки Тожикистонда ҳали бу борада бирор илмий тадқиқот ўтказилган эмас», - дейди ирсий касалликлар ташхис бўлими бошлиғи Романова.






XS
SM
MD
LG