Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:08

Қозоғистонда диндорлар эркин...ми?


Қозоғистон ҳукумати мамлакатда динлар ўртасидаги уйғунлик мавжудлигини даъво қилади.
Қозоғистон ҳукумати мамлакатда динлар ўртасидаги уйғунлик мавжудлигини даъво қилади.

Олмаотада жаҳон динлари етакчилари қурултойи котибиятининг VII йиғилиши ўз ишини бошлади. Анжуманда Қозоғистон расмийлари мамлакатда сиёсий тизим ва жамиятдаги барқарорлик сабаб мамлакатда турли дин вакиллари учун барча шароитлар яратилганини алоҳида қайд этдилар. Бироқ кузатувчилар Қозоғистонда минтақадаги бошқа мамлакатлар каби диний эътиқод эркинлиги вазияти аввалги йилларга нисбатан анча ёмонлашганини таъкидламоқдалар.

Ҳельсинки халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина Қозоғистонда сўнгги 5 йил мобайнида турли дин вакилларига берилган эркинлик йўқолганини қайд этади.

- Эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонун ташаббускорлари янги дин вакиллари келиб, азалий қадриятларимизга путур етказаётганини, қозоқлар насронийлик, буддавийлик ва кришнавийликка ўтишга даъват этиб, авраётганларини билдирмоқдалар, - дейди Н. Фокина.

Аммо, унга кўра, бу каби асоссиз айбловлар мамлакатда бундан 5 йил аввал мавжуд бўлган эркин диний муҳитни тиклашга тўсқинлик қилмоқда. Фокина хоним бу кўринишлар қанча фоизни ташкил қилишию унинг оқибатлари қандай бўлиши бўйича ҳеч қандай тадқиқот ўтказилган эмаслигини қайд этади.

Айни пайтда қозоғистонлик таҳлилчилар Қозоғистондаги диний эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазият тобора қўшни Ўзбекистондаги вазиятга ўхшаб бораётганини таъкидламоқдалар. Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовга кўра эса, Ўзбекистонда мусулмонлардан ташқари бошқа дин вакилларига ҳам тазқийлар ўтказиш ҳоллари мавжуд.

- Қорақалпоғистондан уларни рўйхатдан ўтказишмаган, тазқийлар бўлган. Хоразмда кришнавийларга миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари томонидан тазқийлар бўлгани маълум. Бизда бошқа дин вакилларига тазйиқлар ўтказиш каби ҳолатлар бор, аммо улар маҳаллий ОАВ ларида бериб борилмайди, - дейди C. Икромов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг бундай диндорларни таъқиб қилишига расмийлар прозелитизмни асос сифатида келтирганлар.

- Биласизми, шунақа воқеалар бўлдики, айниқса Хоразм ва Қорақалпоғистонда мусулмон динига эътиқод қилувчилар насроний динига ўтиб кета бошлади. Менимча, айнан шу нарса миллий хавфсизлик хизматини чўчитган, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, ўтган асрнинг 90-йилларида диндорлар мамлакат расмийлари учун қандайдир хавф туғдирган деб ҳисобланса-да, ҳозир бундай хавотирга ўрин йўқ. Аксинча, ўша давр акс-садоси шу кунда ҳам оддий диндорларнинг хотиржамлигига тўсиқ бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG