Ҳамюртфуруш Иброҳимов
Маълум бўлишича, асли наманганлик бўлган 45 ёшли Иброҳимов фамилияли шахс ярим йил мобайнида Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги кишиларни Қозоғистонга олиб келиб сотиш ишлари билан шуғулланган.
Қулфурушлик билан шуғулланмиш ўзбекистонликни куни кеча қўлга олишга муваффақ бўлган Олмаота шаҳар Ички ишлар департаменти тарқатган хабарномада айтилишича, Иброҳимов махсус тўда ташкил қилган, мазкур тўда аъзолари эса узоқ вақт давомида одам савдоси билан шуғулланиб келганлар.
Ҳозир ушбу уюшган тўданинг 4 нафар аъзоси халқаро қидирувда экани маълум бўлди.
Қўшимча маълумотлар ҳозирча берилмайди
Олмаота шаҳар Ички ишлар департаменти вакиллари мазкур ҳодиса бўйича тергов юргизилаётгани рўкач қилиб, бу ҳақда қўшимча маълумотларни ошкор қилишни истамадилар.
Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда Қозоғистонга ишлаш учун келиб, мажбурий эксплуатацияга дучор бўлаётган ўзбекистонликларнинг бундай ҳолатга йўлиқишларига аксар ҳолларда ўз ватандошлари сабаб бўлмоқда.
- 5-6 одамни йиғиб, бригадир бўлиб, уларни Қозоғистонга олиб келаяпти. Ўзбекистонликларни бу ердагиларга топшириб, пулни олиб, қочиб кетаяпти, - дейди ўзбекистонликларни Қозоғистонга ишлаш учун олиб келадиган қозоғистонликлардан бири.
Шунга қарамай…
Иложсизлик асоратга тушиш хавотиридан ҳам устун келмоқда
Қулликка маҳкум бўлиш каби нохуш истиқбол эҳтимоли ҳам Ўзбекистондан Қозоғистонга тирикчилик мақсадида келаётган ўзбекистонликлар оқимини камайтираётгани йўқ. Суҳбатдошимиз Фарғона водийсидан ва бошқа жойлардан келаётган кишилар Ўзбекистонда фақат пахта далаларидагина иш борлиги, одамлар ўз меҳнати эвазига ун ва мойдан бошқа нарса ололмаслигидан шикоят қилишларини гапириб берди.