Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:40

Қозоғистон - Хитой ҳамкорлиги қочқинлар тақдирида


Хитой ва Қозоғистон президентлари хавфсизлик соҳасидаги ўз сиëсатларини айни йўналишга солаëтган кўринади.
Хитой ва Қозоғистон президентлари хавфсизлик соҳасидаги ўз сиëсатларини айни йўналишга солаëтган кўринади.

Ўтган ҳафта Остонада бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар бош вазирлари учрашуви чоғида Қозоғистон ва Хитой террорчилик, экстремизм ва айирмачилик каби иллатларга қарши биргаликда курашишини маълум қилди.

Кузатувчиларга кўра, икки давлатнинг бу ҳамкорлиги, энг аввало, Қозоғистон ҳудудида юрган қочқинлар вазиятига салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли катта.

Қозоғистонда бошпана топган ўзбек қочқини Алишер Жумаев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг террорчилик, экстремизм ва айирмачилик каби иллатларга қарши кураши аслида ушбу ташкилотга аъзо давлат ҳукуматларининг ўз ҳудудларидаги ўзгача фикрловчиларга қарши кураши эканини айтади.

- Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ҳеч қандай террорчи йўқ. Булар ўзлари террорчиларни яратишаяпти. Кейин терроризмга қарши кураш баҳонасида ўзларининг рақибларини қирғин қилишаяпти, қатағон қилишаяпти. Ўзбекистон ҳам, Россия ва Хитой ҳам... Қозоғистон ҳам ана шулар қаторида, нисбатан яхши бўлса ҳам, - деди А. Жумаев.

Ўтган ҳафта Остонада бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарларининг учрашуви чоғида Хитой Бош вазири Вэнь Цзябао мамлакатнинг Қозоғистон билан террорчилик ва диний экстремизмга қарши кураш асносида Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманида ташкил этилган “Шарқий Туркистон” партияси аъзоларини овлаш ва жазога тортиш ишлари ҳам йўлга қўйилишини билдирганди.

Эслатиб ўтсак, “Шарқий Туркистон” партияси Хитой ҳукумати томонидан мамлакатнинг Шинжон-Уйғур мухтор тумани ҳудудида Ислом давлати барпо этиш ва унинг таркибига Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни ҳам киритиш таклифини илгари сурганликда айбланиб келинади.

Алишер Жумаев эса ҳозирнинг ўзида Қозоғистон ҳудудида юрган уйғур қочқинларининг вазияти оғирлашганини айтади.

- Яқинда “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлимига интервью берган уйғур қочқинини олиб бориб, КНБ ходимлари тергов қилишган. “Нега “Озодлик”ка интервью бердинг, яхши бўлсанг, юртингга сиғардинг”, дейишган. Ҳаётига хавф солишган. Кейин унга бир телефон номерини бериб: “Бизга ана шу номерга телефон қиласан, кейин яна учрашамиз”, дейишган. У БМТ ходимлари билан маслаҳатлашиб, у ерга бормади. Агар борганида, уни тутиб, бериб юборишлари мумкин эди, - деди А. Жумаев.

Унинг айтишича, ҳозир Қозоғистон ҳудудида яширинган нафақат уйғур қочқинлари, балки ўзбек қочқинлари ҳам ўз ҳаётларидан хавфсирай бошлаганлар.

- Чимкент тарафларда қочқинлар қолмаяпти. Ўзбекистон ҳукумати ўғирлаб олиб кетади, деб қўрқиб, Олмаота ва Остонага кўчиб келишаяпти. Энди Олмаота ва Остона ҳам улар учун хавфли жойга айланиб қолса керак, - деди Алишер Жумаев.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис ҳам Қозоғистонда яшаётган ўзбек ва уйғур қочқинларининг хавотирлари асосли эканини таъкидлайди:

- Ўзбекистон ёки Хитой махсус хизматлари бу ердаги қочқинларни ушлаб, уларни бемалол юртига қайтариб, олиб кетаётганларига ишонмайман. Бундай ҳолатлар содир бўлади, бироқ Қозоғистон томони уларга кўз юмибгина қолмай, балки бу ишда иштирок ҳам этади, - деди қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG