Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:35

Ўзбек йигитлари Қозоғистонда қулликда


Ўзбекистонлик мардикорлар Қозоғистонда асосан хусусий қурилиш ишларига жалб қилинаëтир.
Ўзбекистонлик мардикорлар Қозоғистонда асосан хусусий қурилиш ишларига жалб қилинаëтир.

Қашқадарёлик икки ўзбек йигити қозоқ қулфурушлари томонидан тутқинликда тутиб турилибди. Бу ҳақда “Эзгулик” жамиятига маълум қилган яқинлари уларнинг тақдиридан жиддий хавотирдалар.

Ўғли бедарак кетган ота ҳасрати

Қашқадарё вилоятининг Нишон туман Гулистон фермер хўжалигида яшайдиган 60 яшар Бекмурод ака бундан салкам бир йил аввал Қозоғистонга пул ишлаш учун кетиб, бедарак йўқолган Умар Панжиевнинг отаси. “Озодлик” мухбири билан телефон орқали суҳбатда у ўғлининг синфдоши билан бирга 2007 йил 2 декабрида Остонага кетганини маълум қилди. Аммо Бекмурод ака ўғлининг айнан қайси фирмада ишлаганини билмайди. У 25 яшар ўғлининг Қозоғистонга бир ўзи кетмаганини айтади:

- Етти бола эди улар. Бештаси қайтиб келди, иккитаси қолиб кетган Остонада. Энди ўша вақтда совхоздан кўп болалар бориб ишлаб келди-да, айнан Остонада эмас, Чимкент тарафларда. Бу ерда бекорчи эди, иш йўқ эди, бекор ўтиргандан кўра, озроқ ишлаб келай, деган мақсадда кетганди. Биз буни қандай касофатларга олиб боришини тушунмаганмиз-да, - деди Бекмурод ака.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидан Қозоғистонга ишлаш учун кетган етти йигит қўшни мамлакатда қурилиш ишларида ишлаганлар. Аммо орадан бир неча ой ўтгач, қозоқ иш берувчисининг ўзбекистонлик ишчиларга иш ҳақи тўлаш нияти йўқлигини, ўзларининг алданиб қолганини тушуниб етган етти йигитнинг бештаси Қозоғистондаги қулфурушлар қўлидан аранг қочишга муваффақ бўлган. Умар Панжиев ва Улуғбек Ўтаев эса Қозоғистонда қолиб кетган. Ҳозирда уларнинг қай манзилдалиги, аҳволи қандайлигини ҳеч ким аниқ билмайди.

Қулликдан қочиб келганлар ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилдилар

Қозоғистондан юртига қайтиб келган беш йигит Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилотига электрон хат ёзиб, икки дўстининг ҳозирда Остона шаҳридаги Новостройка поселкасида яшайдиган маҳаллий иш берувчининг қўлида эканини маълум қилганлар ҳамда уларни қутқариш учун ташкилотдан ёрдам сўраганлар. Электрон мактубда ёзилишича, Умар Панжиев ва Улуғбек Ўтаев қулфурушлар томонидан Қозоғистон фуқароси Серик Байжановга сотиб юборилган.

- Ишхонамизга келиб, йиғлаб гапиришаяпти. Умуман имкони йўқ уларнинг Қозоғистонга боришларига, - деди “Эзгулик” вакили Абдураҳмон Ташанов.

“Эзгулик” вакилининг айтишича, ҳозирда қулфурушлар қўлида бўлган икки йигитнинг дўстлари ва оила аъзоларида Қозоғистонга бориб келиш учун молиявий имконият йўқ, бундан ташқари, бегона юрт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ишончсизлик ҳам қашқадарёликларни Остонага боришдан тўсиб турибди. Шу сабабли улар Умар Панжиев ва Улуғбек Ўтаевни Қозоғистонда асоратда тутиб турилгани ҳақида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишдан нарига ўтолмаяптилар.

Дард устига чипқонми?..

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик Умар Панжиев ва Улуғбек Ўтаевларнинг Қозоғистон пойтахтида маҳаллий иш берувчилар томонидан мажбуран тутқунликда ушлаб турилгани бўйича жиноий иш қўзғатган, айни пайтда мазкур иш юзасидан тергов кетмоқда.

Бироқ Абдураҳмон Ташанов маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг одам савдоси қурбонлари ва улар яқинлари билан муомала қилишда қўполликка йўл қўяётганини маълум қилди.

- Ота-оналарига босим қилинаяпти, яъни “Нима учун болангни қўйиб юбординг, энди қозоқларнинг қўлида ўлиб кетса нима бўлади?” ёки “Бор ўзларинг топиб келларинг”, деган мазмунда терговчилар тазйиқ ўтказаяпти. Улар Қозоғистон расмий идоралари ёки Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига мурожаат қилиб, ўша болаларни олиб келишга ҳеч бир конкрет ҳаракат қилаётгани йўқ. Лекин жиноят иши очилган, қанақадир бир сабабни келтириб, улар топилмади, деб бу ишни ёпиб юборишлари ҳам мумкин, - деди Ташанов.

Қозоқ полицияси қулфурушларнинг изига тушган

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан фарқли ўлароқ, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакат ҳудудида ўзбекистонлик икки йигитнинг тутиб турилишига бефарқлик билан ёндошаётгани йўқ – улар мазкур иш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини бошлаб юборганлар:

- Биз нафақат ўша икки йигитни озод қилишимиз, балки Ўзбекистон фуқароларини тутқунликда ушлаб турган кишиларни ҳам жавобгарликка тортишимиз керак, - деган Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Олег Ивашченко бу иш бўйича керакли чоралар кўрилаётгани, бироқ қидирув тафсилотлари қулфурушлар изини йўқотмаслик ва уларни чўчитиб юбормаслик учун ҳозирча ошкор қилинмаслигини қўшимча қилди.

Сўнгги икки йил мобайнида Қозоғистонда юзга яқин ўзбекистонлик одам савдоси қурбонига айланди. Аммо бу Қозоғистонга мардикор сифатида келаётган ўзбекистонликлар оқимини камайтираётгани йўқ.

Кузатувчилар эса¸ қозоғистонлик иш берувчилар орасида арзон иш кучига бўлган талаб ҳамда Ўзбекистондаги қашшоқлик билан боғлиқ вазият оз бўлса-да ўнгланмагунича, одам савдоси каби иллатни бартараф этиб бўлмаслигини таъкидламоқдалар.

XS
SM
MD
LG