Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Глобал молиявий бўҳрон: шохига урсанг¸ туëғи зириллайди


Глобал молиявий бўҳрон оқибатида аксар ўзбекистонликлар учун қудратли кўринган АҚШ доллари¸ қолаверса Россия рубли ҳам қийматини йўқотиб¸ тобора бебарака бўлиб бормоқда.
Глобал молиявий бўҳрон оқибатида аксар ўзбекистонликлар учун қудратли кўринган АҚШ доллари¸ қолаверса Россия рубли ҳам қийматини йўқотиб¸ тобора бебарака бўлиб бормоқда.

“Танганинг орқаси” дастурининг бу галги сонида ҳам ҳамон давом этаётган жаҳон иқтисодий бўҳрони ҳақида гаплашамиз. Бугунги суҳбатимизнинг мавзуси ўлароқ, халқаро молиявий инқироз шаротида Ўзбекистондаги ёпиқ иқтисодий тизимнинг афзалликлари, агар бундай афзалликлар бўлса албатта, ёхуд салбий томонларини таҳлил этишга ҳаракат қиламиз.

Бугунги суҳбатимиз аслида, “Танганинг орқаси” дастурида кўтарганимиз мавзуларнинг мантиқий давомидир.

Халқаро иқтисодий бўҳрон дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларида кутилган ва кутилмаган жараёнларга сабаб бўлаётган бир пайтда, бир неча мамлакат, жумладан, Ўзбекистонда бу жараёнларнинг салбий оқибатлари унчалик сезилмаётгани айтилмоқда.

Ўтган дастурларимиздан бирида Уолл Стритда (Wall Street) молиявий масалалар бўйича таҳлилчилик қилаётган ўзбекистонлик иқтисодчи Фарҳод Иноғомбоев, бунинг асосий сабабини Ўзбекистон иқтисодининг жаҳон молиявий тизимидан ажралгани билан изоҳлаган эди.

- Мен Ўзбекистон иқтисодининг жаҳон капитал бозорларига катта боғлиқлиги бор деб ўйламайман. Бизда жуда ҳам консерватив молиявий сиëсат. Яъни мен ҳукуматимизнинг сармоявий сиëсатини жуда ҳам консерватив деб биламан. Бу айрим ҳолда тўғри натижалар беради.

Хўш, ҳақиқатан ҳам шунақами? Бугунги глобализация шароитида бундай ёпиқ иқтисодга эга бўлиш афзалроқми? Тўғрироғи, иқтисодий бўҳрон оқибатларидан ёпиқ иқтисодий тизим билан ҳимояланиш мумкинми?

Биз суҳбатлашган ўзбекистонлик таҳлилчиларнинг барчаси бу саволга, бир овоздан йўқ, деб жавоб берди. Бу саволни кўтаришимизга сабаб бўлган фикрни илгари сурган таҳлилчи Иноғомбоевнинг ўзи ҳам, инқирознинг Ўзбекистонга бевосита бўлмаса-да, билвосита оқибатлари бўлишини ишонч билан айтган эди, ўтган дастурларимизда.

Ўзбекистондаги Осиё тараққиёт банки ваколатхонасининг иқтисодий таҳлилчиси ҳам, ҳозирча глобал молиявий инқирознинг таъсири мамлакат иқтисодий ҳаётида бевосита акс этмаётган бўлса-да, узоқ муддатда бу жараёнлар Ўзбекистонда ҳам из қолдириши шубҳасиз, дейди.

- Шу масала бўйича ягона фикр йўқ. Мисол учун айрим иқтисодчилар иқтисодиëтнинг либерализацияси яхши дейишади. Айримлар эса ëмон дейишади.

Маълум сабабларга кўра, суҳбатдошимизнинг исмини ошкор қилмаймиз.

- Бу менимча узоқ вақтда иқтисодиëтни либерализацияга олиб борилиши керак. Лекин мисол учун бу ислоҳотлар, ҳозир биз кўраяпмиз, шок терапияси бўлмаслиги керак. Ислоҳотларга кўпроқ аста-секинлик билан амал қилиниши керак, дейди Осиё тараққиёт банки таҳлилчиси.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров, Ўзбекистоннинг иқтисодий тизими жаҳон иқтисодига унчалик боғланмагани, унинг ютуғи деб қаралмаслиги лозим, дейди.

- Ўзбекистон иқтисодий тизимининг умумжаҳон тизимга интеграциялашмагани, албатта, бугун давом этаётган бўҳрон шароитида қандайдир ютуқли вазият яратаётгандир. Чунки масалан, қўшни Қозоғистоннинг банк тизими ғарбдан олинган катта-катта кредитлар ҳисобидан ишлайди ва жаҳон бозорида вужудга келган вазият Қозоғистон учун ютуқли эмас. Бу ҳолатнинг ижобий ёки салбий томонига диққатни қаратмоқчи эмасман. Ҳозир мавжуд вазиятда Ўзбекистон жаҳон молиявий инқирозидан камроқ зарар кўради, демоқчиман. Лекин, албатта, Ўзбекистоннинг қолган дунёдан ажраб қолганини унинг учун ютуқ, деб ҳисобламаган бўлардим, дейди иқтисодчи.

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксанов, Ўзбекистон жаҳон молиявий бўҳронининг кўпроқ билвосита оқибатларидан зарар кўришини айтаётган ҳамкасби Поваровдан фарқли ўлароқ, бугунги глобаллашув шароитида, Ўзбекистон каби, иқтисоди ёпиқ давлатлар инқироздан энг катта йўқотишлар билан чиқади, деган ишончда. Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида бўҳрон оқибатларининг ҳозирча сезилмаётгани, дейди Таксанов, бўҳрон Ўзбекистонга етиб бормади, дегани эмас.

- Биринчидан, Ўзбекистон иқтисоди жаҳон иқтисодига етарли равишда интеграциялашмагани тўғри. Жаҳон биржаларида Ўзбекистонга тегишли бирорта ширкатнинг акциялари савдога қўйилмайди ва жаҳон биржаларидаги кўрсаткичларнинг тушиши, Ўзбекистонга зарар келтирмайди. Лекин, Ўзбекистон асосан хом-ашё экспортидан кун кўрадиган давлат эканини унутмаслигимиз керак. Ўзбекистон ички ялпи маҳсулотининг учдан бир қисми, хом-ашё савдосидан тушадиган даромаддан иборат. Молиявий инқироз оқибатида, жаҳон бозорида хом-ашё маҳсулотлари, жумладан нефть, газ, пахта, олтин, яъни Ўзбекистон ташқарига сотадиган хом-ашёнинг нархи тушса, дунёдаги бўҳрондан қандай қилиб, ҳимояланиш мумкин?

Эсингизда бўлса, 1996-98 йилларда, жануби-шарқий осиёда рўй берган иқтисодий бўҳронни эсланг.Ўшанда Ўзбекистонда конвертация бирданига бекор қилинди ва пахта нархи икки баробарга тушиб кетди. Бундан ташқари, биласиз, бугун ўзбекистонликларнинг камида 5-6 миллиони мамлакатдан ташқарида ишлаб кун кўради. Улар йилига Ўзбекистонга камида 3-4 миллиард АҚШ доллари юборади, яъни бу ҳам ички ялпи маҳсулотнинг каттагина қисмини ташкил қилади. Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган мардикорларнинг даромадининг тушиб кетиши, инқирознинг бевосита таъсири эмасми?, дейди иқтисодий шарҳловчи Таксанов.

Лекин нима бўлганда ҳам, жаҳон молиявий бўҳрони авж олган сари, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги иқтисодчи ва сиёсатчиларнинг ваҳимага тушаётганига оид манзарани Ўзбекистонда кузатмайсиз. Бутун жаҳон учун кейинги бир йилнинг асосий мавзусига айланган молиявий инқироз ўзбекистонликларни унча хавотирга солмаётгандек.

- Менинг хабарим йўқ лекин. Шу нарсани ҳозир эшитаяпман. Америкада бўлаëтганидан хабарим бор эди. Бизда унақа гаплар йўқ. Энди кимлардир гапираëтган бўлиши мумкину, лекин асосий халқнинг ичида ундай гап йўқ, дейди фарғоналик тадбиркор Муҳаммаджон.

Ўзбекистон расмий матбуотини кўздан кечириб кўрсангиз, ўзбекистонликларнинг глобал иқтисодий бўҳрондан бехабар қолганининг сабабини билиб олишингиз мумкин. На телевидение, на газеталар ва на интернет нашрларда бу мавзуда бирор хабар топа оласиз.

Наманганлик Алишер исмли бошқа суҳбатдошимиз ҳам жаҳон молиявий инқироздан унчалик хабари йўқ. Лекин унинг айтишича, кейинги бир йил давомида тирикчилик қилиш сезиларли қийинлашган.

- Йўқ, тирикчиликдан, қориндан, кийим-кечакдан ортмаяпти. Ўзимизга қоринга етказаяпман. Кўпроқ қолаëтган эди. Масалан 500 минг топсак, 300 минги етаëтган эди. Ҳозир шу 500 мингни ҳаммаси кетаяпти. Ўтган йил 500 минг соф фойда қолаëтган бўлса, ҳозир 200 минг қолаяптида. 300 минг қоринга, бола-чақага кетиб қолаяпти.

Алишер Таксанов, ўзбекистонликларнинг жаҳон молиявий бўҳронига пинагини бузмаётганига яна бир сабаб, Ўзбекистон мустақиллик йиллари давомида доимий иқтисодий инқирозни бошдан кечираётгани, уларда бу инқирозларга дош бериш кўникмасини ҳосил қилганида, дейди.

- Ўзбекистон мустақиллик йилларида жаҳон иқтисодидаги ривожланишдан фойда кўришни ўрганмади. У ўзини четга олиш, изоляция қилиш йўлидан борди. Иқтисодий ислоҳотлар фақат қоғозда бор. Амалда эса, Ўзбекистонга сармоялар кириб келиши учун ҳеч қандай шароит яратилмади. Кириб келган хорижий сармоялар эса, коррупциялашган ҳокимият аралашувисиз Ўзбекистон бозорида қололмайди, дейди Таксанов.

Ўзбекистоннинг глобаллашув жараёнидан ўзини четда қолдираётгани, фақатгина ҳокимият тепасидагилар учун фойдалидир, дейди таҳлилчилар.

Умумжаҳон молия тизимидан ўзини четга олиш сиёсати Ўзбекистон каби давлатларни бу тизимда рўй бераётган жараёнлардан ҳимоя қила олмайди. Бунинг салбий оқибатини эса, биринчи навбатда оддий аҳоли ўзида сезади.

Масалан, ўтган ҳафта Ўзбекистонда АҚШ доллари курсининг кўтарилиши жаҳон молиявий бозоридаги жараёнлар, хусусан, кейинги бир йил давомида анча арзонлашиб қолган доллар яна кўтарила бошлагани билан бевосита боғлиқ ҳолдир. Ўзбекистонда олди-сотди операциялари ва нарх-наволарга бевосита таъсир қилувчи бу жаҳон валютаси кўтарилишига, яъни инфляцияни жиловлашнинг энг синалган усули эса, миллий валюта, яъни сўмдаги нақд пулни маъмурий равишда чеклаб қўйишдир, дейди иқтисодчи Поваров.

- Бу одатда қўлланиладиган усулдир. Нақд пул миқдорини чеклаш орқали, инфляциянинг белгиланганидан ошиб кетмаслигини таъминлашга ҳаракат қилинади.

Бу сиёсатнинг салбий оқибатлари эса, яна оддий ўзбекистонлик бошига тушади. Нақд пул чеклангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши билан, Ўзбекистонда нафақа ва ойлик маошлар вақтида ва тўлиқ берилмаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Ўзбекистоннинг ўзини глобаллашув жараёнидан четга олиш сиёсати ҳақида гапирар экан, иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов, унинг яна бир ютқизиқ жиҳати борлигини таъкидлади.

- Ўз иқтисодини маъмурий воситалар билан назорат қилиб глобал жараёндан четда қолаётган Ўзбекистон, дунё давлатлари молиявий бўҳронни бошдан кечириш билан бирга орттираётган тажрибадан ҳам четда қоляпти. Яъни бу давлатлар, келгусида бундай иқнирозларда ўзларини қандай тутишни, қандай чоралар кўришни ўрганмоқда. Ўзбекистон эса, бўҳроннинг бевосита оқибатларини бошдан кечираётганига қарамасдан, ундан сабоқ чиқариш имконидан мосуводир, дейди ўзбекистонлик иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксанов.

XS
SM
MD
LG