Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Малайзия Бош вазири Ўзбекистонга келади


Малайзия бош вазири ташрифи чоғида Ўзбекистон энергетикасига сармоялар жалб қилиш кутилмоқда
Малайзия бош вазири ташрифи чоғида Ўзбекистон энергетикасига сармоялар жалб қилиш кутилмоқда

Душанба куни Малайзия бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бошланади.

Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Бош вазир 16 ноябр куни келишини, аммо у етакчилигидаги делегациянинг айрим вакиллари аллақачон Тошкентга етиб келганларини айтди:

- Бош вазир эртага келади. Аммо Малайзия делегациясининг айрим аъзолари Тошкентга келишган, - деди элчихона вакили.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, душанба куни Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва ҳукуматнинг бошқа раҳбарлари билан учрашиши режаланган. Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифидан мақсад ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш эканини айтди.

- Ўзбек пахтаси бойкот қилинишига қарамасдан, Малайзия Ўзбекистондан пахта, пахта толаси, пахта толасидан ишлаб чиқарилган хом-ашëларни сотиб олади. Бундан ташқари, Малайзия баъзи бир лойиҳаларни кўриб чиқиб, инвестиция ëтқизишни ўзига мақсад қилиб қўйган. Шуларнинг ҳаммасини эътиборга олиб, алоқаларни ривожлантириш мақсадида Малайзия бош вазирининг Ўзбекистонга келишига кўпроқ пропагандистик аҳамият бериб, Ўзбекистон билан ташқи давлатлар савдо алоқаларини, сиëсий алоқаларни ривожлантиради, деган бир фикрни жамиятда туғдиришга ҳаракат қилишади, - деди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавийнинг Тошкентга расмий ташрифидан асосий мақсад энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, деган фикрда.

- Малайзия сармоядорлари бир неча йил олдин Ўзбекистонда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича нефть-газ корхонаси қуришмоқчи эди. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги газ конларини кавлаш билан ҳам боғлиқ. Биласизми, битта давлатни альтернатив сифатида кўриш Ўзбекистон ҳукуматида одат бўлиб қолган. Малайзиядан ҳаддан ташқари кўп нарсани кутиш нотўғри бўлади. Менимча, Ўзбекистон иқтисодиëтига Малайзиядан кўра, бошқа Осиë мамлакатлари ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Дейлик, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон. Жанубий Корея ҳам ҳозир Фарғона конларида ишлаяпти. Шунинг учун мен буни ҳаддан ташқари жиддий эътибор, деб тушунмайман. Чунки бу эътибор ўзини оқламаслиги мумкин, - деди Малик Абдураззоқов.

Маълумотларга кўра, расмий Тошкент Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифига катта аҳамият бермоқда. Боиси Малайзия Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига катта сармоя ётқизиш режалагани экани айтилмоқда.

СА-Ньюс ахборот агентлиги хабарига кўра, Малайзиянинг Петронас ширкати 2009 йилда қиймати бир миллиард 160 миллион АҚШ долларига тенг бўлган иккита лойиҳа доирасида Ўзбекистонда углеводород қазиб чиқаришни режалаган. Айни пайтда Петронас Ўзбекистон билан ҳамкорликда Устюртдаги газ ҳавзаларини ўзлаштириш учун 50 миллион доллар маблағ ётқизишни мўлжалланган.

Бундан ташқари, Петронас Сурхондарё вилоятида қиймати 660 миллион доллар бўлган газ қазиб чиқариш лойиҳаси бўйича 2008 йил охиригача шартнома имзолаши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG