Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:49

АҚШ қудрати заифланмоқда


АҚШ разведкаси ҳисоботига кўра¸ Американинг жаҳондаги иқтисодий¸ ҳарбий ва сиëсий қудрати борган сари булут остига кирмоқда...
АҚШ разведкаси ҳисоботига кўра¸ Американинг жаҳондаги иқтисодий¸ ҳарбий ва сиëсий қудрати борган сари булут остига кирмоқда...

АҚШ разведка агентликлари башоратига кўра¸ келаси 20 йил ичида жаҳонда Америка ҳукмронлиги барҳам топиб¸ Хитой¸ Ҳиндистон¸ Россия ва Эрон янги қудратга айланиши мумкин.

“2025 йилга қадар глобал йўналишлар: Дунë ўзгарди“ деб номланган 121 саҳифалик ҳисобот Америка разведка идораларининг етакчи таҳлилчилари томонидан ҳозирланган.

Мазкур ҳисоботда тилга олинган йўналишлар АҚШ президентлигига янги сайланган Барак Обамани ўз олдида турган мураккаб муаммолардан¸ ўзига хос огоҳлантирувдек.

Ҳисоботга кўра¸ 2025 йилга бориб¸ халқаро муносабатлар вазияти глобал иқтисод¸ бойликнинг Ғарбдан Шарққа кўчиши¸ Осиë давлатлари қудратининг ошиши¸ ҳамда нодавлат ўйинчилари таъсирининг бениҳоя кучайиши сабаб¸ таниб бўлмас даражада ўзгаради.

Гарчи АҚШ 2025 йилда ҳам ер юзидаги энг қудратли иқтисодий¸ ҳарбий ва сиëсий ўйинчи бўлиб қолса-да¸ жаҳонда у билан ҳам иқтисод¸ ҳам ҳарбий соҳада беллаша оладиган бошқа давлатлар юзага келади ва бу ўз навбатида Америка имконидаги таъсир устунлари қулашига сабаб бўлади¸ дейилади разведка ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифлари АҚШ долларининг 20 йиллик тақдирини ҳам олдиндан чамалаб¸ унинг 2025 йилга бориб дунë иқтисодини бошқарадиган ягона қудратли валюта мақомидан ажраб¸ қиммати тенг бўлган халқаро пул бирликлари рўйхатида биринчи ўринга тушишини башорат қиладилар.

2025 йилга бориб¸ савдо¸ сармоя ва технологик кашфиëтлар соҳасидаги рақобат ниҳоятда кескинлашади ва бу курашда 19 асрдаги каби қуролланиш пойгаси¸ ҳудудий экспансия ва ҳарбий рақобатнинг қайта юзага чиқишини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди¸ деб огоҳлантиради Америка разведкаси таҳлилчилари.

Ҳисоботда айтилишича¸ яқин 20 йил ичида Хитой ва Ҳиндистоннинг ривожланиб бораëтган иқтисоди АҚШ нинг дунëдаги энг қудратли иқтисод деган мақомига ҳам соя ташлайди. Агар бунинг устига Хитой ҳарбий қудрат жиҳатдан ҳам АҚШ билан тенг даражага чиқа олса¸ бу Америка миллий хавфсизлиги ва иқтисодий имконлари учун мисли кўрилмаган мураккабликлар яратади¸ дейилади ҳисоботда.

Келаси 15-20 йил ичида дунëдаги бирор давлат халқаро майдонда Хитойчалик таъсирга эга бўлолмайди. Агар ҳозирги жараëнлар ўзгаришсиз давом этса¸ 2025 йилга бориб Хитой дунëдаги энг йирик иккинчи иқтисод ва етакчи ҳарбий қудратга айланади. Бу кетишда Хитой шунингдек¸ табиий заҳираларнинг энг йирик импортчиси ва дунëни энг кўп ифлослантирувчи давлат ҳам бўлади¸ ўқиймиз ҳисоботда жумладан.

АҚШ разведка агентликларига кўра¸ Ҳиндистон ҳам келаси 20 йил давомида иқтисоди энг тез ривожланаëтган давлат бўлади¸ аммо бу мамлакатдаги қашшоқлар ва бойлар ўртасидаги ўтиб бўлмас жарнинг янада кенгайиши¸ жиддий ижтимоий-сиëсий муаммоларни бошлаб келади.

2025 йилга бориб¸ ўз қудратига тобора бино қўядиган Хитойнинг АҚШ билан очиқча душманлик оҳангида гаплашиш эҳтимоли кучайишини қайд эта туриб разведка таҳлилчилари¸ Ҳиндистоннинг келажакда ҳам Америка билан дўстона муносабатлар олиб боришига ишонч билдирадилар.

Ҳисобот муаллифлари¸ келажак 20 йил ичида Индонезия¸ Туркия ва Эроннинг дунëдаги энг қудратли мусулмон давлатлари бўлажагини башорат қилади.



XS
SM
MD
LG