Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:31

Ўзбекистонлик асиралар уйига қайтарилди


Алмати кўчаларида ëш фоҳишаларнинг бозори куппа-кундузи ҳам чаққон...
Алмати кўчаларида ëш фоҳишаларнинг бозори куппа-кундузи ҳам чаққон...

Расмий хабарга кўра¸ Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туманидаги фоҳишахоналарнинг бирида сақланиб келинган ўзбек аёллари куни-кеча тутқунликдан озод қилинган.

Жанубий Қозоғистон вилоят прокуратурасининг билдиришича, ўзбекистонлик аёлларнинг ёнида ҳужжатлари бўлмаган ва улар қўшни давлатга фирибгарлар томонидан яхши маошли иш ваъда қилиниб, алдов йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда қўшмачилар қўлидан озод қилинган ўзбекистонлик 8 нафар аёлнинг юртига қайтарилгани маълум бўлди.

Айни пайтда Жанубий Қозоғистон Ички ишлар департаменти ходимлари вилоятда мавжуд бошқа яширин фоҳишахоналарни аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.

Аниқланишича, 8 нафар ўзбекистонлик хотин-қизлар Қозоғистонга яхши маошли иш ваъда қилиниб, олиб келинган.

Кузатувчилар эса Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга алдов йўли орқали олиб чиқиб кетилаётган аёллар аксар ҳолларда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланаётганини билдирмоқдалар.

Бухоро вилоятида одам савдосига қарши кураш билан шуғулланган “Саҳройи шерлар” нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган Алишер Жумаев Бухоро вилоятидаги хотин-қизлар хорижий давлатларга турли алдовлар билан олиб чиқиб кетилишини айтади:

- Сизни Англия, Америка ё бошқа давлатларга олиб кетамиз самолётда, мана Бухородан учасиз, ноқонуний бўлганида бу ердан учмаган бўлардик, бизга ишонинг, дейишган. Сиз истаган соҳангиз бўйича имтиҳон топшириб ўқийсиз, дейишади. Бечора қизлар келиб имтиҳон топширишган. Имтиҳон баҳонасида улар ўзларига керакли бўлган, чиройлироқ қизларни танлаб олишган, - деди Жумаев.

Аввалги лавҳаларимизда биз Қозоғистоннинг йирик шаҳарларидаги қаҳвахона, ресторан ва меҳмонхоналарда ойига 300-400 долларлик маош ваъда қилиниб, олиб келинган ўзбекистонлик хотин-қизларнинг сўнг фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилингани ҳақида ҳам хабар қилгандик.

Бундай миқдордаги маош балки ўзбекистонлик хотин-қизларга бахтдек туюлган бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 28040 сўм, яъни тахминан 20 АҚШ долларини ташкил қилган бир пайтда ўзбекистонликларнинг давлат идоралари ва шахсий корхоналарда ишлаб ҳам ойига 300 доллар маош олиши амримаҳол.

Миграция ишлари бўйича халқаро ташкилотининг ходимаси Екатерина Бадикова ўзбекистонлик аёлларнинг Қозоғистонда жинсий эксплуатация қурбонларига айланаётганига изоҳ бераркан:

- Биз ўзбекистонликларга ёрдам берган ҳолларимизда, кўпинча улар орасида кейинчалик Бирлашган араб амирликларига юборилиши режалаштирилган аёллар ҳам бўлганининг гувоҳи бўлдик. Аммо аксар ҳолларда уларнинг кўпчилиги Қозоғистоннинг ўзида жинсий эксплуатация учун келтирилган, - деди кузатувчи.

Қозоғистондаги “Аёлларни қўллаб-қувватлаш” маркази раҳбари Алина Орлова эса сўнгги йиллар давомида қозоғистонлик аёлларни жинсий эксплуатация учун хориж давлатларига юбориш қўшни Ўзбекистондагига нисбатан анча камайганини айтади:

- Агар Қозоғистон ва Ўзбекистонда аёлларни жинсий эксплуатацияга учрашини қиёсласак, бизда сўнгги 3-4 йил ичида бундай ҳодисалар анча камайганига гувоҳ бўламиз, - деди кузатувчи.

Орлова хоним буни қозоғистонлик аёлларда ўз юртида ҳам пул ишлаб топиш имконияти пайдо бўлгани билан изоҳлайди.

Аксар ўзбекистонлик кузатувчилар эса ўзбек аёлларининг хорижий мамлакатларда жинсий эксплуатация қурбонига айланиш ҳоллари камаймаётганига кўпроқ Ўзбекистондаги иқтисодий танглик туртки бўлаётганини таъкидлайдилар.
XS
SM
MD
LG