Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:14

Қўйнидан тўкилса¸ қўнжига...


Москва¸ Париж ва Дубайдаги зодагонлар кўнгилхушлигини Тошкентга кўчиришга уринаëтган Каримова хоним¸ афтидан шу кунларда Ўзбекистонда ўзига мукофот топширишнинг дабдабали маросимига ҳозирлик устида ишламоқда.
Москва¸ Париж ва Дубайдаги зодагонлар кўнгилхушлигини Тошкентга кўчиришга уринаëтган Каримова хоним¸ афтидан шу кунларда Ўзбекистонда ўзига мукофот топширишнинг дабдабали маросимига ҳозирлик устида ишламоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи¸ бир пайтнинг ўзида ҳам сиëсатчи¸ ҳам олима¸ дизайнеру қўшиқчи бўлишни орзу қилган Гулнора Каримова ўз ташкилоти мукофотига номзод бўлди.

Ўзбекистон санъат ва маданият форуми ҳамда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилаëтган ТВ Марказ таъсис қилган M&TVA-Award мукофотига номзодлар рўйxатида президентнинг тўнғич қизи ҳам бор.

M&TVA-Award мукофоти тақдимоти шу йилнинг 25 декабрида Тошкентдаги Навоий театрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова энг зўр либос рассоми деган номинацияга лойиқ кўрилган.

Гулнора Каримованинг xос сайтида эса унинг деярли либоссиз суратлари илова қилинган.

Буни кўрган ўзбекнинг xаëлига “Бўзчи белбоққа ëлчимайди” деган гап келса керак.

Ўзбекистон санъат ва маданият форуми ташкил қиладиган бу тадбирнинг Гулнора Каримовани улуғлаш учун бир восита эканлигини¸ айни ташкилотнинг исми номаълум қолишини истаган ходими маълум қилди.

Манбага кўра ¸Гулнора Каримова ўзи таъсис қилган ташкилот тарафидан Ўзбекистоннинг энг зўр либос рассоми деган мукофотга лойиқ кўрилган.

Бу мукофот айнан Гулнора Каримова учун махсус ўйлаб топилди¸ бундан олдинги тадбирларда бундай номинация йўқ эди¸ деб таъкидлади суҳбатдошимиз.

Газета-журналларда ва ТВ орқали Гулнора Каримова номзоди учун овоз бериш жараëни бошлаб юборилган. Суҳбатдошимизга кўра¸ Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ëшлари шуурида жозибали образини яратиш учун ҳам ана шу усул танланган.

Гулнора Каримованинг собиқ иш бошқарувчиси Фарҳод Иноғомбоев бу ҳолатни ўзига маҳлиë бўлиш¸ дея баҳолади.

- Гулнора агар аëл сифатида қарасангиз ҳақиқатан ҳам жозибали. Гулнора ўзини одамлар орасида ажралиб турадиган қилиб тутишни жуда ҳам яхши билади. Умуман олганда Гулнора жуда ҳам ақлли. Лекин ўша ақлини¸ энергиясини тўғри оқимга солмайди¸ аксинча қарама-қарши йўналишда олиб кетади. Мана шу гаплар¸ муаммолар¸ танқидлар Гулнорага бўрондай ëғилади.

Фарҳод Иноғомбоев айтган танқидлар бўрони ўзбекистонлик потенциал сайловчилар шуурини банд қилмаслиги учун ҳам Гулнора Каримова бир вақтнинг ўзида турли қиëфаларда намоëн бўлмоқда. Гўзал либослар учун улги чизадиган баҳрул хаëлли рассом¸ гўзал мисраларни қофия маржонига тергувчи шоира¸ оқ ҳарир либосда¸ оқ булутлар узра малаклар каби хониш қилиб юракни эзгувчи хонанда.

Ўзбекистонлик шоир Усмон Азимов ўз шеърларини Каримовнинг қизи тилидан қўшиқ бўлиб тўрт тарафга таралаëтганидан хурсанд.

- Бу қўшиқлар энди озми-кўпми мумтоз хазинага айланиб қолган. Каримовнинг қизлари айтди. Ўзбекча қилиб айтишди. Мен жуда ҳам хурсанд бўлганман.

Гулнора Каримова куйлаëтган қўшиқларнинг асл ижрочиси¸ ҳозир эътибордан четда қолдирилган Кумуш Раззоқова ҳам таъна тошларини отаëтгани йўқ.

- Энди мен буни тушунаман. Ўша айтаëтган одамлар мен Қашқадарë тарафга концертга борганда эшитган¸ яна фильмда¸ радиоларда эшитиб¸ юрагида қанақадир ҳиссиëтлар пайдо бўлган бўлса керак. Шунинг учун балки ҳавас қилгандир. Энди ҳозир катта бўлиб¸ орзу бўлиб қолган нарсани рўëбга чиқаргандир. Мен юрагига ëққан бўлса¸ ҳар доим яхши қўшиқларни айтиб ўрганишсин дейман.

Гулнора Каримованинг қиëфаси "Жаннатмакон" деган ялтироқ журналнинг ҳар варағидан мўраласа-да¸ бу журнал кўпчилик таъбига ўтиргандек.

Кекса журналист Шароф Убайдуллаев гапиради.

- Сизнинг “Жаннатмакон” деган журнал чиқаëтганидан хабарингиз борми?

Озодлик: Хабарим бор.

- Бу журнал анча қиммат бўлишига қарамасдан¸ мен шу журналдан сизга бир қанча материалларни айтишим мумкин.

Озодлик: Менда бир сони бор. Ўша ерда ҳамма варақлар Гулнора Каримова шаънига мақтовлардан иборат. Гулнора Каримова рассом¸ Гулнора Каримова ошпаз¸ Гулнора Каримова трактор ҳайдаяпти¸ Гулнора Каримова диндорларни қабул қилаяпти¸ намоз ўқияпти¸ қўшиқ айтаяпти.

- Майли энди бундайда. Дорининг одамга фойдаси жуда катта¸ лекин агар дори ачиқ бўлса¸ унга озроқ ширинлик¸ яхши¸ муаттар ҳидлар қўшиб¸ дори тайëрланади¸ капсулалар тайëрланади. Энди бу ҳам четлаб ўтиб бўлмайдиган мавзу. Ўша дорини ўтказиш учун нимадир йўлларни қилиш¸ бу табиий.

Суҳбатдошимиз¸ кекса журналист¸ Гулнора Каримовани ўзбек жамият ичиши зарур бўлган аччиқ дорининг чучмал омухтаси дея атади.

Гулноранинг мавжудлигига нафақат ўзбек жамияти¸ балки дунë ҳам кўника бошлагандай.

Жаҳонда таълим-тарбия ва маданиятни тарғиб қилувчи Британ Кенгаши Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳомийлик қиладиган “Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми жамғармаси” билан ҳамкорлик борасида келишувни имзолади.

Ню-Жерси маҳкамаси қарорига кўра¸ ушланган жойида қамоққа олиниши керак бўлган Каримова хоним учун Париж ва Женевадаги саройлар эшиклари ҳам бирин - кетин очилмоқда.

Ҳозирча бу саройларда Гулнора Каримовани мукофот кутмаяпти. Султон суягини хўрламас деганидек¸ мукофот ўзи ташкил қилган ташкилотдан келадиган бўлди.
XS
SM
MD
LG