Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:25

АҚШ молия тизими янги эгасини топди


Тимоти Гайтнер номи кенг жамоатчиликка унча маълум бўлмаса-да¸ у молия дунëсида энг билағон мутахассис сифатида обрў топган.
Тимоти Гайтнер номи кенг жамоатчиликка унча маълум бўлмаса-да¸ у молия дунëсида энг билағон мутахассис сифатида обрў топган.

Молиявий бўҳрон ва иқтисодий пастлаш жаҳон эртасига соя ташлаб турган бир пайтда¸ Америка янги молиявий сиëсатини белгилаш ваколати 47 яшар Тимоти Гайтнерга топширилди.

Ҳозиргидек мисли кўрилмаган мураккаб иқтисодий- молиявий вазиятда дунë учун АҚШ президентидан кейин иккинчи муҳим ўрин – АҚШ Молия вазирлиги тепасига ким келиши глобал миқëсда фавқулодда аҳамият касб этади.

Янги сайланган президент Барак Обаманинг бу лавозимга Марказий банкнинг Ню-Йорк бўлимига етакчилик қилган 47 яшар Тимоти Гайтнерни тайинлаши матбуотда ўз тасдиғини топди ва шу билан бу борадаги тахмин ва башоратларга нуқта қўйилди.

Нуфузли Файнаншл Таймс газетасининг ëзишича¸ Обама келажак йиллар давомида молиявий бўҳронга ечим топиш билан шуғулланиш жараëнига етакчилик қиладиган Молия вазирлигига энг мақбул шахсни танлаган.

“Тимоти Гайтнер босиқ¸ прагматик ва сиëсий жиҳатдан бетараф одам. Марказий банк раиси Бен Бернанке билан молиявий бўҳрон устида яқиндан ишлаб келган Гайтнер¸ ҳам мутахассислар¸ ҳам сиëсатчиларнинг ниҳоятда катта ҳурматини қозонган шахс. Унинг Молия вазири этиб тайинланиши хабари матбуотга чиқиши билан¸ молия бозори бу янгиликка жуда ижобий муносабат кўрсатди“¸ - деб ëзди душанба куни Британиянинг Файнаншл Таймс газетаси.

Сайловолди кампанияси давомида Барак Обама ўз президентлигининг илк куниданоқ америкаликлар¸ қолаверса бутун дунë аҳолиси кундалик ҳаëтига салбий таъсирини кўрсата бошлаган молиявий бўҳрон ва иқтисодий таназзулдан чиқиш уринишларига киришажагини таъкидлаб келди. 20 январ куни АҚШ нинг 44-президенти сифатида қасамëдга келтириладиган Обама¸ ҳозирда айни ўша кундан бошлаб фаол ишга тушишга ҳозир иқтисодий командасини шакллантириш билан машғул.

Бу жараëндаги энг муҳим қарор – Молия вазирлигига кимнинг келиши аниқ бўлиши баробарида¸ АҚШ матбуоти Билл Клинтон даврида Молия вазири бўлиб ишлаган Лоуренс Саммерснинг Милий иқтисодий кенгаш раислигига тайинланганини ҳам маълум қилди.

Ўз соҳасининг энг билимдон ва тажрибали мутахассиси саналмиш Саммерснинг Обама маъмуриятидаги муҳим лавозимга келиши ҳам ўзгаришлар мавсумидан саросимага тушаëтган молия бозори томонидан ижобий қарши олинди.

Обама ўз иқтисодий командасига кирган мутахассислар рўйхатини душанба куннинг иккинчи ярмига белгиланган матбуот брифинги чоғида расман эълон қилади.

Аммо бу гуруҳдаги белгиловчи шахслар номи аëн бўлиши билан¸ жаҳон молия ҳамжамияти Обама командасининг дунëдаги энг зўр талантлардан жамланганини таъкидлай бошлади.


XS
SM
MD
LG