Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:23

Ўзбек протестантлари ҳайдалди


Марказий Осиëнинг анъанавий мусулмон бўлиб келган аҳолиси орасида айрим молиявий кўмак эвазига ўзга дин ва секталарни қабул қилиш ҳолатлари тобора тез-тез кўзга чалинмоқда.
Марказий Осиëнинг анъанавий мусулмон бўлиб келган аҳолиси орасида айрим молиявий кўмак эвазига ўзга дин ва секталарни қабул қилиш ҳолатлари тобора тез-тез кўзга чалинмоқда.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат ҳудудида ноқонуний фаолият юритган насроний миссионер ва унинг ўзбек муридларини бадарға қилди.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Чимкент шаҳар Абай туман прокуратураси матбуот хизмати ходими Мирзахмет Дюсенов маълум қилди.

- Чимкент шаҳар Абай туман прокуратураси томонидан Россия Федерацияси фуқароси бўлмиш Светловнинг ўзбекистонлик 15 фуқарога маъруза ўқиб, диний йиғилиш ўтказгани аниқланди. Тингловчиларга насроний дини ақидасини тарғиб қилиш бўйича асосий қонун-қоидалар ўргатилган. Россия фуқароси миссионер сифатида масъул органлардан рўйхатдан ўтмагани учун унинг олиб борган фаолияти ноқонуний, деб топилган. Унинг маъмурий жавобгарликка тортилиб, мамлакат ҳудудидан бадарға қилиниши кутилмоқда, - деди прокуратура матбуот хизмати ходими Мирзахмет Дюсенов.

Шунингдек, прокуратура расмийси қўлга олинган миссионерларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эканини ҳам маълум қилди:

- Диний йиғилишда иштирок этган 15 нафар ўзбекистонликнинг ҳаммаси ўзбек миллатига мансуб. Уларнинг ҳаммаси эркаклар бўлиб, ҳозирда улар мамлакатдан бадарға қилинди, - деди Мирзахмет Дюсенов.

Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистонда сўнгги беш йил мобайнида турли дин вакилларига берилган эркинлик йўқолганини қайд этмоқдалар. Уларга кўра, бунга эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонун ташаббускорларининг янги дин вакиллари келиб, азалий қадриятларга путур етказаётгани, қозоқларни насронийлик, буддавийлик ва кришнавийликка ўтишга даъват этиб, авраётганлари каби иддаолари сабаб бўлган.

Мавзуни ўрганиш чоғида биз қозоғистонликларнинг мамлакат ҳудудида юрган миссионерлар фаолиятига муносабати қандай эканини билишга уриндик.

Олмаоталик суҳбатдошларимиздан бири бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

- Улар динга даъват қилиш баробарида одамга хиралик қилиб, жонга тегишади. Бу менинг асабимга тегади. Инжилда бунақа кўрсатма йўқ. Улар бизга ёт бўлган тушунчаларни тарғиб қилишади. Уларнинг ақидалари бошқача. Масалан, улар вафот этган яқинларининг, ҳатто ота-оналарнинг қабрларига бормаслик кераклигини уқтиришади. Бунақалар Қозоғистонда жуда кўпайиб кетди. Уларни бадарға қилиб, тўғри йўл тутаяптилар, - деди олмаоталик суҳбатдош.

Бироқ Ҳелсинки халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси раисаси Нинель Фокина маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзлари хорижлик миссионерларнинг қонуний фаолияти юритишига тўсқинлик қилишини айтади:

- Уларни рўйхатдан ҳам ўтишга мажбур қилмай, дарров тутиб мамлакатдан бадарға қилишмоқда. Ҳозир бу жуда кенг тарқалган. Сўнгги икки-уч ой давомида мамлакатдан 20 дан зиёд хорижлик миссионер депортация қилинди, - деди Фокина.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов эса Озодлик мухбири билан суҳбатда Қозоғистонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мусулмонлардан ташқари бошқа дин вакилларига ҳам тазйиқ ўтказиш ҳоллари мавжудлигини айтади.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, махфий хизмат ходимларининг мамлакатдаги христиан дини оқими бўлмиш протестантларга нисбатан босим ўтказишига уларнинг прозелитизм (бошқа дин вакилини ўз динига даъват қилиш) билан шуғуллангани сабаб бўлган.

- Биласизми, айниқса Хоразм ва Қорақалпоғистон автоном республикасида шунақа воқеалар бўлган - Ислом динига мансуб бир неча киши негадир ўша христианликни қабул қила бошлаганлар. Бу эса Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан таҳдид сифатида қабул қилинган бўлса керак, - деди Икромов.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур воқеани Қозоғистонда эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви сифатида баҳоламоқдалар.

XS
SM
MD
LG