Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:40

Отлар кечувда алмаштирилмайди


АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясидаги давомийликни сақлаб қолиш ниятида Барак Обама Роберт Гейтсни Мудофаа вазири лавозимида қолдирадиган кўринади.
АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясидаги давомийликни сақлаб қолиш ниятида Барак Обама Роберт Гейтсни Мудофаа вазири лавозимида қолдирадиган кўринади.

2006 йил республикачи президент Жорж Буш томонидан АҚШ Мудофаа вазири этиб тайинланган Роберт Гейтс¸ Обама маъмуриятида ҳам ўз лавозимини сақлаб қоладиган бўлди.

Янги сайланган президент Барак Обама ўз миллий хавфсизлик командаси рўйхатини расман келаси ҳафта эълон қилади. Аммо АҚШ матбуотининг ëзишича¸ бу гуруҳдаги белгиловчи лавозимларнинг кимга берилиши қарийб аниқ бўлган.

Матбуот хабарларига кўра¸ Барак Обама Роберт Гейтсдан Мудофаа вазири лавозимида қолишни сўраган ва Пентагон раҳбари бу таклифни қабул қилган.

Гейтснинг Мудофаа вазири лавозимида қолиши¸ Барак Обаманинг сайловолди кампанияси давомида берган ваъдаси устидан чиқаëтгани ва ўз маъмуриятидаги асосий лавозимлардан камида биттасини республикачилар вакилига бераëтганини кўрсатади.

Бу янгиликни изоҳлаëтган шарҳловчилар¸ Гейтснинг Пентагон раҳбари сифатида қолиши президентлар алмашуви даврида ҳам миллий хавфсизлик вазияти устидан назоратнинг силлиқ кечиши ва Афғонистон ва Ироқдаги қўмондонлик давомийлигини таъминлашини таъкидламоқдалар.

Роберт Гейтсга яқин манбага кўра¸ у Мудофаа вазири лавозимида яна бир йилча ишлаши мумкин.

Ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмаган Роберт Гейтс¸ АҚШ ҳарбийлари учун 2009 йилга белгиланган Афғонистон президентлик сайловлари хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифа эканини таъкидлади.

- Ҳозирча бу сайловлар янаги йил кузи¸ балки сентябрга белгиланган. Биз баримиз халқаро кучлар кўмагида афғон ҳукумати сайловларга қадар мамлакатдаги хавфсизлик вазиятида илгари силжишга эришиши лозимлигини яхши англаб турибмиз. Сайловлар олдидан биз Афғонистонга хавфсизликни яхшилашга ҳисса қўшиш мақсадида қўшимча жанговор бригада юборишни истаймиз. Аммо бу масала ҳозирча муҳокама этилмоқда ва қўшимча бригаданинг айнан қачон юборилиши борасида узил-кесил қарорга келингани йўқ¸ - деди Гейтс.

Роберт Гейтснинг АҚШ Мудофаа вазири лавозимини сақлаб қолиши баробарида АҚШ матбуоти Обама миллий хавфсизлик командасидаги бошқа муҳим лавозим эгалари номларини ҳам эълон қилмоқда.

Ассошиэйтед пресс агентлигига кўра¸ Обама истеъфодаги генерал Жеймс Жонсни миллий хавфсизлик кенгаши раҳбарлигига таклиф қилган.

64 яшар генерал Жонс¸ Буш маъмуриятининг уруш стратегияси¸ хусусан Афғонистондаги стратегиясининг жиддий танқидчиларидан биридир. Таҳлилчилар¸ Обама ва генерал Жонснинг миллий хавфсизлик соҳасидаги устивор вазифалар ҳақидаги қарашлари бир-бирига яқинлигини қайд этишмоқда.

НАТОнинг Европадаги олий қўмондони лавозимида хизмат қилган генерал Жонс шунингдек¸ Буш маъмуриятининг Яқин Шарқ тинчлик жараëни бўйича махсус маслаҳатчиси ҳам бўлган.

Обама миллий хавфсизлик командасидаги асосий шахслар кимлигига қараб Америка шарҳловчилари¸ янги маъмуриятнинг бу соҳадаги асосий мақсади ўтиш даврининг имкон қадар силлиқ кечишига эришиш¸ деган хулосага келмоқдалар.

XS
SM
MD
LG