Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:33

Контрабанда камаймаяпти


Кузатувчиларнинг айримлари Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ташкил қилмоқчи бўлган эркин иқтисодий ҳудуд икки давлат чегарасидаги контрабанданинг дамини кесиши мумкинлигига умид қиладилар.
Кузатувчиларнинг айримлари Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ташкил қилмоқчи бўлган эркин иқтисодий ҳудуд икки давлат чегарасидаги контрабанданинг дамини кесиши мумкинлигига умид қиладилар.

Ўзбек-қозоқ давлат чегарасида - Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманидаги “Абай” қишлоғи яқинида икки контрабандачи қўлга олинди.

Маълум бўлишича, икки нафар қозоғистонлик тракторга ортилган катта миқдордаги спорт кийимлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини қўшни Ўзбекистонга ўтказишга ҳаракат қилганлар.

Ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари суриштирув-тергов ишларини олиб бормоқдалар.

Жанубий Қозоғистондаги “Ўнтистиқ” минтақавий чегара бошқармаси ходими Эрик Росляковга кўра, қонунбузарлар чегарадан қонуний йўл билан ўтишни истамасликлари боис, турли қонунбузарликларга йўл қўядилар:

- Улар назорат-ўтказиш пунктлари орқали расман ўтишни истамайдилар,- деди чегара хизмати ходими.

Баъзи кузатувчилар ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги контрабанда ҳолатларининг камаймаётганига чегарадан олиб ўтиладиган товарларга ўрнатиладиган бож тўловларининг катталиги сабаб бўлаётганини айтадилар.

Эслатиш жоизки, жорий йил бошида Остонага қилган ўз расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов икки давлат ўртасида ўзаро эркин савдо ҳудуди ташкил этиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтганди. Ноябрга келиб эса Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам ўзбекистонлик ҳамкасби таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бу ҳолатни изоҳлаган айрим кузатувчилар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ташкил этиладиган эркин савдо ҳудуди фақат икки қўшни давлат иқтисодиётини ривожлантирибгина қолмай, балки ўзбек-қозоқ чегарасидаги контрабанда ҳолатларининг камайишига ҳам ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

- Ўзбек-қозоқ давлат чегарасида содир бўлаётган контрабанда икки давлат товар нархларидаги тафовут туфайли юзага келмоқда. Бундан чегара ҳудудларига катта зарар етаяпти. Иқтисодий чегараларни очиш, яъни ягона иқтисодий ҳудуд ташкил этиш билан нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистоннинг ҳам иқтисодиётини кўтариш мумкин. Мазкур ҳудуд шарофати билан икки давлат иқтисодига зарар етказаётган контрабанда миқдорини камайтирса бўлади, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин.

Бироқ қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро эркин савдо ҳудуди ташкил этиш ҳақидаги фикрлар шунчаки қуруқ гап эканини айтаркан, турли иддаоларга қарамай, ҳамма нарса “эски ҳаммом, эски тос” қабилида қолаверишини таъкидлайди:

- Икки давлат ўртасида эркин савдо ҳудуди ташкил этилишига шубҳа қиламан. Эркин савдо ҳудудини мазкур ҳудудга асос қилиб олинган келишувлар бажарилишини назорат қилувчи ва бошқарувчи орган ҳам пайдо бўлишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш лозим. Бу орган битта давлатга бўйсунадиган орган бўлмаслиги керак. Ўйлашимча, Ўзбекистон бунга кўнмайди. Чунки ҳеч бир давлат иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига ўз суверен ҳуқуқларидан маҳрум бўлишни истамайди, - дейди Сатпаев.

XS
SM
MD
LG