Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:30

Чегараларда ўқ узишлар кўпаймоқда


Минтақадаги давлат чегараларидан ўтаётган фуқаролар сўнгги пайтларда чегарачиларга қўриқчи сифатида эмас, аксинча талончи сифатида чўчиб қарайдиган бўлганлар
Минтақадаги давлат чегараларидан ўтаётган фуқаролар сўнгги пайтларда чегарачиларга қўриқчи сифатида эмас, аксинча талончи сифатида чўчиб қарайдиган бўлганлар

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, 6 декабр куни Ўзбекистондан қайтаётган уч тожикистонлик ўзбек чегарачилари томонидан ўққа тутилган.

Мазкур ҳодиса Тожикистоннинг Зафаробод туманига қарашли Уяс қишлоғи яқинидаги ўзбек-тожик чегара масканида юз бергани хабар қилинмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрийнинг Озодлик мухбирига маълум қилишича, чегара масканларида тожикистонлик фуқароларнинг ҳуқуқи поймол қилиниши сўнгги пайтларда кўп кузатилмоқда.

- Бу ҳолат нафақат Тожикистоннинг Ўзбекистон билан, балки Қирғизистон билан ҳам чегараларида тез-тез рўй беради. Бундан бир неча кун илгари икки давлат чегарасидан ўтаётган фуқароларимиз маст аҳволда бўлган қирғиз чегарачилари томонидан отилган ўқдан ярадор бўлгандилар. Кўп ҳолларда фуқароларимиз давлатлараро имзоланган шартномага мувофиқ 5 кун давомида қўшни давлат ҳудудида юриш ҳуқуқига эга бўлишларига қарамай, афсуски, чегараларда инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётганига доир кўплаб шундай маълумотларга эгамиз, - деди тожик дипломати.

Вазирлик масъулига кўра, давлат чегараларида рўй бераётган бу можаролар расмий каналлар орқали ҳал этилаётганига қарамай, чегараларда инсон ҳуқуқларини поймол қилиш муаммоси ҳамон ўз ечимини топмай қолмоқда.

Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги ходими Нўъмонжон Фахриддиновнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати тожик фуқароларининг чегарадан ўтишини маълум даражага қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу эса, Нўъмонжон Фахриддиновга кўра, нафақат тожикистонлик, балки ўзбекистонлик фуқароларнинг давлат чегараларидан эркин ўтиб-қайтишида яна янги муаммолар туғдираётибди:

- Ўзбекистон Тожикистондан ўтадиган фуқаролар сонини камайтириш тўғрисида янги қарор имзолабди. Мен бугун шу хабарни таржима қилдим. Давлат томонидан расмий равишда шу хилдаги ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин чегаралардагилар албатта шу қарорларни бажариши керак-да. Таъқиқлайдиган қарорлар қанчалик кўп бўлса, формадаги кишилар учун мўмай пул ундириш йўллари шунчалик кенгаяверади, - дейди Нўъмонжон Фахриддинов.

Айтиб ўтиш жоизки, 2000 йилдан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида виза тартиби жорий этилганидан сўнг азалдан бир-бири билан қуда-анда тутиниб келган бу икки халқ бир-бирининг уйига эркин кириб бориш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Айни пайтда ўзбек-тожик чегараларида сарсону саргардон бўлганидан, чегара хизматчилари томонидан калтакланганидан, сўроқ-саволга олинганидан шикоят қилувчилар сони ортгандан ортиб бормоқда.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Самарқандидан Тожикистонга келин бўлган Марҳабо ўтган уч йил мобайнида яқинлари дийдорини кўра олмаётганини айтади.

- Йўлда жудаям азоб беради. Ҳаддимиз йўқ бориб келишга. Ўзбекистонда режим ўзгаришини истаймиз, - дейди суҳбатдош.

Дилафрузхон ҳам Тожикистонга келин бўлган самарқандликлардан.

- Мен уйимизга борсам, уйимизнинг эшиги тагигача мелисалар қийнашади. Фақат сумкаларимни ахтаради, болаларимни қийнайди, -дейди Дилафрузхон.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси расмийси Миродил Абдураззоқов эса ўзаро суҳбатда фуқароларнинг бу иддаоларини рад этди.

- Агар кимки виза расмийлаштирган бўлса ва барча ҳужжатлари Ўзбекистон қонунлари талабига жавоб берса, чегараларда ҳеч қандай муаммога дуч келмайди. Аммо йиллар давомида ватанига ўтиб-қайтишга қийналаётганидан шикоят қилаётган ўзбек фуқароларининг гаплари асоссиз, деб биламан. Ҳозирга қадар бу борада бизга бирор киши расман мурожаат қилгани йўқ, - деди ўзбек дипломати.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон саноат молларини Тожикистонга олиб кириш билан шуғулланиб келаётган айрим тожикистонлик тижоратчилар ўз ҳуқуқлари кўпинча тожикистонлик чегарачилари томонидан поймол қилинаётганини таъкидладилар:

- Ҳар ўн беш кунда бир бориб келардик Ўзбекистонга. Мана, бир ойдан ўтиб кетаяпти - боролмаймиз. Сабаби - тожик чегара постларида коррупция дегани чиққан. Молингиз расмийлаштирилган бўлса ҳам пул олади, кейин жавоб беради. Нима бўлса, ўзимизнинг ичимизда бўлиб ётибди, ташқарида эмас. Биз кимга айтамиз дардимизни, ҳеч кимга айтолмаймиз, - дейди ўз номини айтмаган тижоратчи аёл.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчилар дунё давлатлари бирлашаётган бир пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара можароларининг тобора кучайиб бораётгани икки давлат раҳбарларининг бир-бирларига ишончсизлигидан далолат эканини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG