Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:39

Туркманча демократия намунаси


14 декабр куни туркманистонликлар президент эмас¸ балки парламент депутатларини сайлаган бўлса-да¸ мазкур сиëсий тадбир арафасида туркман шаҳар ва қишлоқлари президент Бердимуҳаммедовнинг улкан суратларига чулғанди.
14 декабр куни туркманистонликлар президент эмас¸ балки парламент депутатларини сайлаган бўлса-да¸ мазкур сиëсий тадбир арафасида туркман шаҳар ва қишлоқлари президент Бердимуҳаммедовнинг улкан суратларига чулғанди.

Туркманистон расмийлари¸ 14 декабр кунги сайловларни демократик прогресс далили ўлароқ кўкларга кўтармоқдалар.

Туркманистоннинг тўлиғича давлат назоратидаги матбуоти сайловларнинг мамлакатдаги демократияни янада кучайтиргани¸ сайловчиларга кенг кўламли танлов имкони бергани ҳақида бири қўйиб¸ бири олиб олқиш ëғдирмоқда.

Туркман телевидениеси дикторига кўра¸ парламент сайловларида туркманларнинг энг яхши ва энг ақлли намояндалари ўзаро беллашишган.

- Демократик бошқарув қарор топишининг зарурий шартларидан бири ўлароқ¸ бу сайловлар очиқ ва шаффоф шаклда кенг муқобиллик асосида ташкил этилди. Депутатликка энг лойиқ¸ халқ хизмати учун астойдил бел боғлаган¸ ўз ватандошларининг юксак ҳурмат ва ишончини қозонганларгина сайловларда ўз номзоди қўйишга муваффақ бўлди¸ - деди туркман телевидениеси сухандони жумладан.

Туркманистон Марказий Сайлов комиссиясига кўра¸ 14 декабр куни мамлакат овоз берувчиларининг 94 фоизга яқини сайлов қутилари олдига келган ва бу 2004 йилги парламент сайловларидаги кўрсаткичдан қарийб 20 фоизга кўпдир.

Давлат телевидениеси намойиш қилган сайловчилар эса¸ овоз беришдан ниҳоятда мамнунликларини изҳор қилдилар.

- Туркман фуқаролари¸ ўқитувчи ва талабалар бу сайловларда кўтаринки руҳ билан иштирок этдилар ва ўзлари танлаган номзодга овоз бердилар. Мен ўзим овоз берган номзоднинг дастури билан танишиб чиққач¸ унга овоз бериш учун бу ерга келдим¸ - деди сайлов участкасидан туриб давлат телеканали мухбири билан суҳбатлашган туркманистонликлардан бири.

Туркманистон парламент сайловларини ЕХҲТ нинг кичик сонли мутахассислар гуруҳи кузатди¸ аммо мазкур гуруҳ сайловлар ҳақида ҳисобот эълон қилмаслигини билдирди.

Тадбирни кузатган МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбари Сергей Лебедев эса дарҳол¸ сайловларнинг эркин ва адолатли ўтгани ҳақида баëнот берди.

- Парламент сайловларидаги барча амаллар мамлакат қонунчилиги ва сайловларга оид халқаро нормаларга тўла мос тарзда ўтди¸ - деди Лебедев жумладан.

Аммо Озодликнинг туркман хизмати суҳбатлашган туркманистонликлар сайловлар ҳақида бошқача фикр билдирдилар.

- Мен номзодларнинг бирортаси ҳақида маълумотга эга эмасман. Мен ҳокимиятга ҳам бордим. У ерда ҳам на номзодлар сурати ва на таржимаи ҳоли бор¸ - деди оддий сайловчилардан бири.

Яна бир туркманистонлик эса¸ Озодлик билан суҳбатда сайлов участкасида гувоҳ бўлган қизиқ воқеани айтиб берди.

- Бир рус аëл келиб¸ сайлов нозирларига ўзининг туркман тилини билмаслигини айтиб¸ улардан номзодлар ҳақида маълумот беришни сўради. Нозирлар эса¸ бу ҳақда кўп бош қотирмай¸ тўғри келган номзодга овоз беришни маслаҳат беришди¸ - дейди яна бир туркман сайловчиси.

Маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ëритиш институтига кўра¸ Туркманистондаги миллий озчилик¸ хусусан маҳаллий ўзбеклар 14 декабр кунги парламент сайловларида деярли қатнашмаганлар.

Президент Қурбонғули Бердимуҳаммедовнинг парламентга турли миллий ва диний гуруҳ вакиллари киражаги ҳақидаги ваъдаларига қарамай¸ сайловда номзоди қўйилганлар орасида ўзбеклар деярли кўринмаган.

Шу боис¸ ўзбеклар жамоаси ўзини сиëсий ҳаëтдан четга сурилган каби ҳис этмоқда¸ деб ëзди мазкур манба.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси¸ сайлов натижаларининг аввал айтилгани каби 10 кун эмас¸ балки бир-икки кун ичида эълон этилажагини билдирди.

Аммо бу натижалар эълон этилмасиданоқ¸ ҳам оддий туркманистонликлар¸ ҳам халқаро кузатувчилар¸ янги туркман парламенти таркибининг президент Қурбонғули Бердимуҳаммедовга садоқатли расмийлардан иборат бўлишини билиб турибди.

XS
SM
MD
LG