Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:17

Душанбега яна тобут келди


Юртига "ёғоч от"да қайтган раҳматли Салоҳиддин рус миллатчилари қўлида ҳалок бўлган ўнлаб тожикистонликларнинг бири, холос.
Юртига "ёғоч от"да қайтган раҳматли Салоҳиддин рус миллатчилари қўлида ҳалок бўлган ўнлаб тожикистонликларнинг бири, холос.

Россияда боши танасидан жудо қилинган Салоҳиддин Азизов жасади жойланган тобут 17 декабр тонгида Москвадан Душанбега олиб келиниб¸ яқинларига топширилди

20 ёшли тожикистонлик Салоҳиддин Азизов 11 декабр куни рус миллатчилари томонидан Москва яқинидаги шаҳарчаларнинг бирида боши танасидан жудо қилинган эди.

Салоҳиддиннинг жасади жойланган тобутни қабул қилиб олиш учун унинг яқинлари билан бир қаторда рус скинхедларининг навбатдаги ваҳшийлигидан даҳшатга тушган ўнлаб тожикистонлик ёшлар Душанбе шаҳар аэропортида йиғилдилар.

Тонг қоронғусида шаҳар аэропортига чиққан ўнлаб тожик ёшлари Салоҳиддин ва унинг каби рус миллатчилари қўлида қурбон бўлган ватандошлари ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб митинг уюштиришни режалаштирган эканлар.

Аммо шаҳар аэропорти милиция ходимлари йиғилганларни тарқатиб юбориб, ортиқча изоҳсиз собиқ меҳнат муҳожири Салоҳиддиннинг тобутини унинг яқинларига топширдилар.

Салоҳиддин Азизовнинг яқинлари юрак-бағри эзилган кўйи унинг тобутини қабул қилиб олдилар.

- Салоҳиддин эндигина 20 ёшга кирган эди. У ўрта мактабни битиргандан сўнг Россияда ишлаб, пул топиш учун жўнаб кетганди. Уни ким ва қай йўсинда қатл қилгани ҳақида тўла маълумот йўқ. Ҳозирда Россияда қолган яна уч укамнинг тақдири нима бўлади - шу нарса мени хавотирга солади, - дейди марҳум Салоҳиддиннинг акаси Наврўз Азизов.

Салоҳиддинни ўлдирган ўша гуруҳ аъзолари 11 декабр куни марҳум Салоҳиддиннинг қариндоши бўлган Жамшед Алиевга ҳам тўппончадан икки марта ўқ узганлар.

- Кечки соат 6 эди. Онамлар билан телефонда гаплашаётгандим. Шу пайт номаълум кишилар менга ўқ узишди. Ўқ бармоқларим ва телефонга келиб тегди. Хушимдан кетдим. Аммо қаердандир пайдо бўлиб, додлай бошлаган рус чолнинг овозидан ўзимга келсам, улар мени тепишаётган экан. Ҳалиги рус чолнинг шарофати билан қутилиб қолдим. Улар мени ҳам Салоҳиддин каби ўлдирмоқчи эдилар, - дейди Салоҳиддиннинг қариндоши Жамшед.

Айни пайтда Салоҳиддин билан бирга Россияда ишлаган бошқа акаси Вазир Азизов Россия ҳуқуқ-тартибот идора ходимларининг минтақа давлатларидан келган меҳнат муҳожирларини ўлдираётган рус миллатчиларини тутиш ва уларни жазолаш уринишлари натижасиз қолаётгани ҳамда улар доираси тобора кенгаяётганини айтади.

- Интернетда ўқидик. Улар меҳнат муҳожирларига нисбатан бундай ҳаракатларни янада кучайтиришни таъкидлаганлар. Тунов куни ҳам метрода 6 кишини ўлдирган эдилар. Бунақа даҳшатли фожеалар деярли ҳар кун содир бўлиб туради, - деди Вазир Азизов.

Россияда анча вақт ишлаган Олмахон Вазирнинг айтганларини қувватлар экан, рус миллатчилари қўлида асосан тожикистонлик ва ўзбекистонликлар қурбон бўлаётганини таъкидлайди.

Олмахон скинхедлар асосан шу икки миллат вакилларига тажовузни кучайтирганини ўзбек ва тожик расмийларининг ўз фуқаролари хавфсизлигига бефарқлиги билан изоҳлайди.

- Биз тожикистонликлар Россияда калтаклансак ҳам ўз ватанимизда гапимиз ўтади. Ишлаб топганимизга ҳеч ким эгалик қилолмайди. Аммо ўзбекистонликларга қийин экан. Мана, биз билан бирга ишлайдиган ўзбекистонлик йигитлар бор. Улар ватанига борса, уйига етмай мелисалари талар экан, пулини, сумка-сумка юкларини тортиб олишар экан. Уйга қуруқ кириб борамиз, дейишаяпти ўзбекистонликлар. Бечораларнинг ватанида тортган азоби Россияда қийналганидан ҳам ўтиб кетади, - дейди Олмахон.

Қайд этиш ўринлики, бугун Душанбе аэропортига қўнган йўловчи ташувчи самолёт Салоҳиддиннинг тобути билан бирга 32 ёшли бошқа бир меҳнат муҳожири Расул Ватаниевнинг ҳам тобути ватанига олиб келди.

Душанбе шаҳар ҳуқуқ-тартибот идора ходимларининг маълум қилишларича, Расул бир неча кун аввал Свердловск шаҳрида рус миллатчилари томонидан қатл этилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилнинг ўтган 10 ойи давомида Тожикистонга меҳнат муҳожирлари жасади жойланган 600 та тобут олиб келинган. Улардан 84 нафари айнан скинхедлар қўлида ҳалок бўлгани таъкидланади.
XS
SM
MD
LG