Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:29

Демократия ва нефт қарғиши


Марказий Осиëда йирик хориж ширкатларининг нефт конларини фаол ўзлаштираëтгани бу юртлардаги аксар халқ ҳаëтига демократия ва фаровонлик олиб келганича йўқ.
Марказий Осиëда йирик хориж ширкатларининг нефт конларини фаол ўзлаштираëтгани бу юртлардаги аксар халқ ҳаëтига демократия ва фаровонлик олиб келганича йўқ.

Ҳудудидан нефт топилган демократик давлат янада демократлашади. Аммо қора олтин мустабид юртдан топилса¸ бу юртда мустабидлар бойиб¸ бошқарув демократиядан узоқлашаверади.

“Нефт қарғиши” мавжуд эканига шубҳа қилувчи ҳар қандай киши нефт экспорт қилувчи дунёдаги 10 етакчи давлатдаги вазиятга назар ташласа бўлди - ҳамма нарса кундек равшан бўлади.

Бу ўнликдаги Норвегия ва Мексиканигина демократик давлат дейиш мумкин холос. Бу давлатларда нефт топилишидан олдин ҳам демократия бўлган.

Россиядан то Форс Кўрфазигача бўлган ҳудуддаги мамлакатларда нефт топилганидан кейин авторитар ҳукуматлар пайдо бўлди¸ борлари янада мустабидлашди. Нефт туфайли бу давлатлар бой бўлди¸ аммо эркин бўла олмади.

Ўз навбатида бу нефтдан олинадиган катта даромад эркинроқ жамият қуришга ёрдам беради, деган умидларни савол остига қўйди.

Нефт экспорт қилувчи давлатлар тарихини атрофлича ўрганган АҚШнинг Калифорния университети таҳлилчиси Майкл Росс буни шундай изоҳлайди:

- Статистик маълумотларга асосланиб¸ ушбу ҳукуматларнинг сўнгги 50 йилдаги ҳатти-ҳаракатлари таҳлил қилинганида¸ демократик бўлмаган ҳукуматлар нефт ёки бошқа минерал ресурслардан даромад қозонса, улар ҳокимият тепасида узоқ муддат қолишга ва демократик босимлардан нарироқ бўлишга ҳаракат қилганларини кўрдим.

Шуни айтиш керакки¸ бундай ҳукуматлар ўз халқига кўп ғамхўрлик, катта манфаат келтирган ва жуда кам солиқ солган. Катта фойда кўрган ва кам солиқ тўлаган халқ эса ҳукуматдан олдингидек масъулият ва ҳисоб-китоб талаб қилмаган¸ – дейди америкалик олим.

Айни пайтда¸ нефт экспортидан тушган катта даромад автократик режимларга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай мухолиф кучни бостириш учун хавфсизлик структураларини кучайтириш имкониятини яратган.

Нефт савдосидан тушган фойданинг нималарга сарфланаётгани тўғрисида халқнинг ҳукуматдан ҳисоб талаб қилмагани¸ жамият шаффофлигига путур етказган.

Бундай ҳолатни Марказий Осиё республикаларида ҳам кузатиш мумкин.

Туркманистонлик фаол Қурбондурди Дурдиқулиев ҳам дунëдаги энг катта табиий газ заҳираларига эга экани айтилаëтган Туркманистонда бу бойликдан келаëтган даромад манбаи сирлигича қолаëтганини айтади.

- Нефт ва газ масаласида ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлиши керак. Яъни қанчадан сотиляпти¸ қанча даромад кўрилди¸ фойдани қандай ишларга сарфлаяпмиз. Бизда буларнинг ҳаммаси номаълум.

Давлат бошқа соҳалардаги даромад ҳақида ҳам ҳисобот бериши керак. Агар иқтисодиётимиз ҳукумат иддао қилганидек 22 фоизга ўсаётган бўлса, бизнинг турмуш даражамиз Қувайтдагидек бўлиши керак эди¸ – дейди туркманистонлик фаол.

Ëнилғи заҳираларига бой бўлган Россия, Эрон, Озарбайжон ва Қозоғистонда ҳам оддий одамлар нефтдан қанча даромад кўрилаётгани ва у қаерга сарфланаётгани ҳақида маълумотга эга эмас.

Қозоғистонда мухолифат аъзолари ва нодавлат ташкилотлари ҳукуматдан нефтдан тушган даромад ҳақида халққа ҳисоб беришни талаб қилиб келмоқда.

Мухолифат вакили Серикбўлсин Абдилдин одамлар нефтдан тушган фойда ижтимоий соҳага сарфланмаётгани сабабини билишни хоҳлашини айтади.

- Нефт - кўп пул дегани. Биз нефт сотиш орқали катта пул қозондик. Аммо президентимиз ҳозиргача халқ эҳтиёжи учун ўша пулнинг бир тийинини ҳам сарфламади.

У бу пулларни хорижий банкларда сақлаяпти. Бу 40 миллиард доллардан ортиқ маблағдир. Мамлакатимизда эса тоза сув ичиш имкониятига эга бўлмаган, ўз болаларини мактабда ўқита олмаётган, турли касалликлардан азият чекаётган одамлар бор. Улар нефтдан тушган катта фойданинг ҳатто соясини ҳам кўришмаган¸ – дейди қозоқ мухолифати вакили Серикбўлсин Абдилдин.

- Нефтдан катта фойда кўраётган авторитар ҳукуматларга камбағал давлатлар ҳавас билан қараши мумкин.

Аммо чиндан ҳам демократияни хоҳлаётган давлатлар учун нефтдан олинаётган даромад уларнинг демократия йўлидан узоқ муддат юришини таъминлайди¸ холос¸ – дейди АҚШнинг Калифорния университети ходими Майкл Росс.
XS
SM
MD
LG