Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:15

Душанбе аҳолиси газсиз қолди


Табиий газ учун Ўзбекистон марҳаматига қарам бўлиб қолган тожикистонликларнинг аксари совуқдан омон қолишнинг энг қадимги усулига қайтмоқдалар.
Табиий газ учун Ўзбекистон марҳаматига қарам бўлиб қолган тожикистонликларнинг аксари совуқдан омон қолишнинг энг қадимги усулига қайтмоқдалар.

Тожикистоннинг газ учун миллионлаб долларлик қарзи боис¸ Ўзбекистон Тожикистонга узатиладиган табиий газ ҳажмини яна 30 фоизга қисқартирди.

“Тожикгаз” давлат унитар корхонаси раис ўринбосари Шавкат Шоимовнинг билдиришича, Тожикистоннинг Ўзбекистон олдидаги табиий газдан қарзи 12 миллион долларни ташкил этади.

Аммо “Тожикгаз” масъулининг маълум қилишича, Тожикистондаги бир қатор йирик корхоналар, жумладан, “Барқи тожик”, “Тожик цемент” ва “Тожик азот” корхоналари фойдаланилган газ пулини тӯлай олмаётганлари сабабли ҳам Ўзбекистон олдидаги қарзни қайтариш имкони йўқ.

- 2008 йили Ўзбекистон билан табиий газ импорти юзасидан имзоланган шартномага мувофиқ, биз жорий йилда 650 миллион куб метр табиий газ сотиб олишимиз керак эди. Шу кунга қадар 500 миллион куб метр газ олганмиз. Аммо қолган 150 миллион куб метр табиий газни сотиб олиш учун зарур маблағ йўқ, - деди Шавкат Шоимов.

Унга кўра, табиий газ қарзининг тўртдан бир қисми Душанбе шаҳар аҳолисига тегишли бўлгани сабабли қарздор оилалар бугундан эътиборан газ таъминотидан узиб қўйилди.

Аммо душанбеликлар газ пулини ўз вақтида тўлаб турганларига қарамай, газ берилмай қўйганидан норозилик билдирмоқдалар.

- Газ пулини ҳар ой тўлаб турибмиз. Боз устига, ҳар ой бир марта газчилар 25 сомонийдан йиғиб кетишади, негалигини айтишмайди. Қурбон ҳайитидан буён газ берилиб турган эди. Аммо кеча келишиб, “газдан қарздорсизлар”, деб газимизни ўчириб қўйишди. Яхшиям светимиз бор. Акс ҳолда, бу кўп қаватли уйларда газсиз, электрсиз болалар билан жуда қийналиб қоламиз, - дейди пойтахтлик Ҳабибахон.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон газ ҳажмини қисқартириши ортидан Душанбе шаҳар аҳолиси нафақат табиий газ, балки иссиқ сув таъминотидан ҳам узилиб қолади.

Мавзу юзасидан биз билан суҳбатлашган душанбеликларнинг кўпчилиги шу кунларда газ билан бирга иссиқ сув ҳам муаммо бўлиб турганини билдирдилар.

- Газ, иссиқ сув, отопление йўқ. Ҳайронман, қандай яшаш мумкин. Марказда яшаймиз тағин. Шаҳар ҳокимлигига сим қоқиб, “муаммоларимиз қачон ҳал бўлади?” деб сўрасак, “газ масаласи оғир, ҳали-ҳозир ҳал бўлмайди”, деб айтишди, - дейди ўзини Абдуқодир Қосимов деб таништирган суҳбатдошимиз.

2008 йилда Ўзбекистон Тожикистонга табиий газнинг ҳар минг куб метрини 145 доллардан белгилаган.
2009 йилда эса Ўзбекистон томони газнинг ҳар минг куб метрини Тожикистонга 300 доллардан сотишини билдирган.

“Тожикгаз” давлат унитар корхона масъуллари бунча пулни на аҳоли ва на саноат корхоналари тўлай олмаслигини қайд этишиб, янги йилда Тожикистоннинг Ўзбекистон олдидаги табиий газдан қарзи 2008 йилдагидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Тожикистонда ўртача иш ҳақи 60 сомоний ёки салкам 25 долларни ташкил этади. Бундай даромад билан газ пулини умуман тўлай олмасликларини айтаётган оддий душанбеликлар “Душанбегаз” корхонасига мурожаат қилишиб, янги йилдан эътиборан ўз уйларига тортилган газ қувурларини кесиб ташлашини сўраяптилар.

Айни пайтда¸Тожикистон Ўзбекистон томонидан табиий газ нархини бироз бўлса-да арзонлатишни сўраб, музокараларни давом эттираётгани сабабли 2009 йил учун табиий газ етказиб бериш бўйича иккиёқлама шартнома шу кунга қадар имзоланмай қолмоқда.
XS
SM
MD
LG