Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:50

Тошкентдан Ашхободга таклифнома борди


Кузатувчилар ўзбек-туркман алоқаларининг кучаювини икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро энергетик альянс барпо этиш уриниши ўлароқ баҳоламоқдалар.
Кузатувчилар ўзбек-туркман алоқаларининг кучаювини икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро энергетик альянс барпо этиш уриниши ўлароқ баҳоламоқдалар.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов туркманистонлик ҳамкасби Қурбонғули Бердимуҳаммедовни Тошкентга таклиф қилди. Бу ҳақда CA-news агентлиги хабар тарқатди.

Собиқ президент Сапармурод Ниёзов давридагига қараганда икки давлат ўртасидаги борди-келдининг қуюқлашиб қолгани эса минтақадаги қўшнилари билан унчалик чиқиша олмайдиган Ўзбекистон раҳбарияти ўзига янги иттифоқчи топган кўринади, демоқда баъзи таҳлилчилар. Хўш, Ўзбекистон-Туркманистон иттифоқчилиги икки давлат ва минтақадаги сиёсат учун нимани англатади?

“Ўзбекистон Туркманистон билан ён қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган кўп қиррали муносабатларнинг ривожланиб бораётганини юқори баҳолайди.

Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги вақт синовидан ўтган дўстона алоқалар ва ҳамкорликнинг ҳамда минтақавий ҳамда халқаро масалаларда ўз сиёсатларимизни яқиндан мувофиқлаштириш ва уйғунлаштиришга оид ижобий тажрибанинг изчил ривожланиб бораётганинини алоҳида қайд этмоқчиман”, деб иқтибос келтиради CA-news (Марказий Осиё янгиликлари) агентлиги президент Каримовнинг туркман раҳбарига йўллаган мактубидан.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркманистон президенти Қурбонғули Бердимуҳаммедовга 24-25 феврал кунлари Тошкентга расмий ташриф амалга оширишини сўраган. Агар бу таклиф қабул қилинса, февралда ўз президентлигининг икки йиллигини эндигина нишонлаб бўлган Бердимуҳаммедов Тошкентга иккинчи марта келиши мумкин.

Марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниёзов ўзининг 21 йиллик президентлиги даврида Ўзбекистонга икки марта ташриф буюрган ва у пайтлари икки давлат ўртасидаги муносабатларни Каримовнинг мактубида ишлатилган сифатларда тасвирлаш қийин эди.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов минтақадаги қўшнилари билан унчалик чиқиша олмайдиган президент Каримов туркманбоши вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган Бердимуҳаммедов билан бошданоқ муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилганини айтади.

- Ҳар битта давлат раҳбари янги шахс бўлар экан¸ муносабатларни қайтадан кўриб чиқиш имконияти пайдо бўлади.

Ўтган сафар Бердимуҳаммедов жуда катта дабдаба билан¸ дунëнинг катта лидерлари кутиб олинаëтгандай кутиб олинган эди. Бу, ўз навбатида, Бердимуҳаммедовда ҳам маълум бир таассуротлар қолдирган эди.

Туркманбоши билан Каримов ўртасидаги муносабатлар жуда совуқ эди. Чунки 2000 йилнинг бошларида уюштирилган бамисоли давлат тўнтаришида Ўзбекистон ва Россиянинг қўли бор, деган айблов илгари сурилган эди¸ - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг “катта қадамлар” билан ривожланиб бориши, баъзи таҳлилчилар фикрича, собиқ Иттифоқ ўрнида вужудга келган Россия назоратидаги тузилмалардан узоқлашишига ҳаракат қилаётган Тошкентнинг бу тузилмаларга аралашмай келган Ашхободни ўзига иттифоқчи қилиш ниятлари билан шартланган.

Бундай иттифоқчилик эса, дейди таҳлилчилар, Россиянинг Марказий Осиё минтақасидаги стратегик манфаатларига путур етказиши мумкин.

Ўзбекистоннинг яқинда Россия назоратидаги Евросиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиққани, Остонадаги МДҲ ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида қатнашишдан бош тортгани, ўтган ҳафта эса Россиянинг “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллернинг Ашхободга бориб, президент Бердимуҳаммедовнинг ҳузурига кира олмай қайтгани бундай тахминларни янада кучайтирмоқда.

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Тошкент-Ашхобод яқинлашуви биринчи навбатда табиий ресурсларни четга сотишда ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришга имкон бериши мумкин.

- Бу иккала давлат газ ва бошқа экспорт қилинувчи соҳаларда ҳамкор бўлиши мумкин бўлганлиги учун мана шундай координация ҳозир кузатилаяпти. Албатта, бу мустақил сиëсат юритишга интилиш.

Ўзбекистон ва Туркманистонда сотиладиган газларнинг трубасининг ҳаммаси Россия орқали ўтади. Шунинг учун Россия бу минтақани назорат қилиш орқали ўзининг қудратли энергетик империяси бўлиш стратегиясини амалга ошира олади.

Бу Ўзбекистон ва Туркманистон манфаатларига маълум бир маънода зид. Улар нархларни мустақил ўрнатишни хоҳлайди. Бу эса Россиянинг манфаатларига тўғри келмайди.

Бу ерда Россиянинг транспортировка, яъни “газ қувурлари бизники-ку”, деган аргументи бор. Шу нуқтаи назардан, Россия ва Марказий Осиë газ экспортëрлари ўртасида маълум бир зиддият мавжуд.

Агар Ўзбекистон ва Туркманистон айрим бўладиган бўлса¸ Москванинг босимига дош бера олмаслиги мумкин.

Агар улар бирлашиб сиëсат юритадиган бўлса¸ Москва ҳаммага бир алфозда босим ўтказиш ресурсига эга эмас, - дейди таҳлилчи Раббимов.

Ўзбекистон янги йилдан бошлаб ўз газинининг ҳар минг куб метрини 300 АҚШ долларидан сотишини эълон қилди.

Туркманистон ҳам Россияга сотиладиган газни жаҳон бозоридаги нархларда сотиш ниятларини билдирган. Алексей Миллер Ашхободда айнан нархлар ҳақида келишиб олмоқчи эди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институнинг Россия ва Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси профессор Юрий Фёдоров бу давлатлар ўз газининг каттагина қисмини Россиядан ўтадиган қувурлар орқали сота олишини билса-да, Россиянинг ҳам улар илгари сураётган шартларга кўнишдан бошқа иложи йўқлигини яхши тушунади, дейди.

- Россияда газ саноатининг ўсиши кузатилгани йўқ. Келажакда эса билишимча¸ унинг қисқариши кутилмоқда. Россия халқаро шартномалар доирасида қолаверса¸ россиялик истеъмолчиларни газ билан таъминлаш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариш учун эса, жумладан, Ўзбекистондан ҳам газ сотиб олишга ва Ўзбекистон газ секторини ривожлантириш учун сармоя ëтқизишга мажбур бўлади. Каримовнинг эса бунга ақли етади албатта, - дейди профессор Фёдоров.

Ана шу маънода, собиқ иттифоқ ҳудудидаги сиёсатда нисбатан каттароқ тажрибага эга президент Каримовнинг табиий бойликлар бўйича Марказий Осиёнинг энг муҳим давлатларидан яна бири бўлмиш Туркманистонни ўз томонига оғдириш ниятлари муваффақиятли бўлса, минтақадаги геосиёсий ўйинлар қоидасига жиддий ўзгартириш киритиши мумкин, дея хулоса қилади суҳбатдошларимиз.
XS
SM
MD
LG