Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:19

Миллат миясини бой бермоқда


Моддий ва маънавий муҳитнинг ночорлиги сабаб Ўзбекистон олий ўқув юртларини муваффақиятли битирган аксар ëшлар¸ ўз билимлари билан ривожланган давлатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқдалар.
Моддий ва маънавий муҳитнинг ночорлиги сабаб Ўзбекистон олий ўқув юртларини муваффақиятли битирган аксар ëшлар¸ ўз билимлари билан ривожланган давлатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқдалар.

Ўз ватанида ишлаш учун моддий ва маънавий рағбат топмаган ўқимишли ўзбек ëшлари яхшироқ имкон излаб хорижга чиқиб кетмоқда.

Бишкекдаги университетларнинг бирида таҳсил олаётган андижонлик Фазлиддин исмли суҳбатдошимизнинг айтишича, уни Ўзбекистонни тарк этиб, чет элда ўқишга мажбур қилган илк сабаб¸ бу мамлакатда авж олган порахўрликдир.

- Гарчи чет элда ўқиётган бўлсам-да, Ўзбекистонга қайтиб бориб ишлагим бор. Борганимдан кейин, биринчи навбатда, дипломимни бошоғриқ қилишади, “дипломинг ўтмайди”, дейишади. У ҳам майли.

Шахсий корхона очаман десам, бизнес юритиш Ўзбекистонда жуда қийин, айниқса ёшларга. Чунки катталар ўрганиб қолган таниш-билишчиликка.

Ёшлар оддий иш бошлайман деса, илож йўқ. Ўзимни таниш-билишларим очган ишлари бор. Солиқчи келади, нозир келади, участка милиционеридан тортиб то ҳокимгача ҳаммаси пул сўрайди, дейди ўзбекистонлик бу суҳбатдош.

Ҳозир Россияда тирикчилик ғамида юрган ўзбекистонлик Бобур исмли суҳбатдошимиз туғилган юртини бундан уч йил аввал тарк этиб, ҳозир Россияда компьютер дастурчиси бўлиб ишлайди.

Олий маълумотга эга бўлган бу суҳбатдошимиз Ўзбекистондан кўра хорижий мамлакатда яшаб, ишлашни афзал кўрганини айтар экан¸ бунинг сабабини компютер дастурчиси касбининг Ўзбекистондан кўра хорижда кўпроқ қадрланиши билан изоҳлайди.

- Гап шундаки, Ўзбекистонда бугунги кунда реал касб тури, бу киракашлик. Машинанг бўлса, мўмай даромад, бошқа касб турлари бу жуда қийин, дейди Бобур.

Ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра¸ ҳар йили мамлакат ўрта мактабларини 450 мингга яқин ўқувчи битириб, улардан тахминан 45 минги, яъни битирувчиларнинг 10 фоизи олий ўқув юртларига қабул қилинади.

Олий ўқув юртларига кириш имконидан маҳрум бўлган ёшларнинг қолган қисми эса¸ ишсизлар армияси сафларини тўлдиради¸ ёхуд мардикорлик қилиш учун чет элга чиқиб кетади.

Ўзбекистон олий ўқув муассасаларини битиргач ҳам¸ мустақил кузатувчиларга кўра¸ пора беришга қурби етмаган¸ ëки қудратли таниш-билиши бўлмаган ëшлар ишсизликка маҳкум қолмоқда ва шу боис ўз омадини яқин ва узоқ хорижда синаб кўришга мажбур бўлмоқда.

Шу боис¸ дейди суҳбатдошимиз Бобур¸ ҳозирда Ўзбекистон хориж мамлакатларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлайдиган экспортчи ўлкага айланмоқда.

- Бу маънода мен Ўзбекистонни бир катта товуқхонага ўхшатаман, инкубатор товуқхонага. Ҳозир Ўзбекистон ўзидан кучли бўлган давлатлар учун жўжа ишлаб чиқиб бераяпти.

Тухумдан чиқариб, уни тарбиялаб, вояга етказиб, ўқитиб, оёққа тургандан кейин ҳаммаси “нариги” дунёга кетиб қолишаяпти. “Нариги” дунё деганимда тушунгандирсиз - бу Россия, Қозоғистон, яъни яхши ҳаёт бор “нариги” дунё.

Афғонистон жангарилар етиштираётган плацдарм вазифасини ўтаб бераётган бўлса, Ўзбекистон бошқа давлатларга кучли кадрлар етиштириб бераётган плацдарм вазифасини ўтаяпти, дейди ўзбекистонлик Бобур.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толибовга кўра, ҳозирда хорижий давлатларга кетаётган ўзбек меҳнат мухожирларининг айнан неча фоизини олий маълумотли кадрлар ташкил қилаётгани борасидаги статистика аниқ эмас.

Шунга қарамай, таҳлилчи Ўзбекистонда ёш кадрларнинг мамлакат ичида сақлаб қолиш чоралари кўрилмоғи даркорлигини таъкидлайди.

- Истеъдодли, қобилиятли ёшлар қолмаса ёки камайиб борса, буни ижобий баҳолаб бўладими? Бу қобилият ва истеъдодини ватан учун қўлламаса, ватанга сарфламаса, унда илм-фан, таълимнинг тақдири нима бўлади?

Бунинг кўлами қандай эканини кузатишимиз керак, олдини олиш учун, албатта, Ўзбекистонда тегишли чораларни кўриш керак.

Авваломбор, олий таълим соҳасида энг керакли шароитларни яратиш, даражани кўтариш, ойликни ошириш каби чораларни кўриш керак, дейди Фарҳод Толибов.
XS
SM
MD
LG