Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:20

Салафийлар баҳсга сабаб бўлди


Тожикистон масжидларида Салафия оқими вакиллари энди бошқалар ажралиб турувчи шаклда намоз ўқимайдиган бўлди.
Тожикистон масжидларида Салафия оқими вакиллари энди бошқалар ажралиб турувчи шаклда намоз ўқимайдиган бўлди.

Тожикистон Олий суди қарори билан Cалафия диний оқимининг мамлакат ҳудудида таъқиқланиши жамоатчилик ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Мухолифатдаги Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийси Сайидумари Ҳусайни Олий суднинг бу қароридан ташвишда эканини айтди.

- Бундан бир йил аввал ҳукумат расмийлари Салафия мамлакат миллий хавфсизлигига ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини эътироф этган эдилар. Аммо орадан бир йил ўтгач салафийлар ўта хавфли диний оқим экани эълон қилинди ва уларнинг масжидларда ўз қоидаларига мувофиқ намоз ўқишлари таъқиқланди.

Бу қарорни биз мамлакат мусулмонлари ҳуқуқларининг поймол қилиниши ва виждон эркинлигини бўғиш сифатида баҳолаймиз.

Бу қарор Тожикистоннинг дунёвий ва демократик давлат эканини ҳам шубҳа остига қўймоқда, деди Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъули Ҳусайни.

Салафийлар Тожикистон ҳудудида энди пайдо бўла бошлаганида бу оқимнинг тожик жамиятидаги Эрон нуфузини камайтириш мақсадида Ғарб давлатлари томонидан молиялаштирилиши борасида турли гап -сўзлар пайдо бўлган эди.

“Салафийлар тожик жамиятида кучая бошлаган шиа мазҳабига зарба бергани”ни таъкидлаётган айрим кузатувчилар¸ Олий суднинг мазкур қарори ҳам Ғарб ва Ислом олами ўртасида низолар кучаяётган бир вақтга тўғри келганини айтадилар.

- Дарҳақиқат¸ салафия оқимининг тожик жамиятида янада кучайиши Эрон, Америка ва Саудия Арабистони ўртасидаги ташқи низоларни Тожикистон ичкарисига олиб кириши мумкин эди. Бу шубҳа асослидир.

Аммо Бош прокурор шу даражада масалани таҳлил қила олгани ва унинг даъвоси асосида бугун шундай бир қарорнинг имзоланганига ақлим етмайди, дейди мустақил кузатувчи Абдуллоҳи Раҳнамо.

Олий суднинг йил бошида қабул қилган бу қарори оддий тожикистонликларни ҳам бефарқ қолдирмади.

Суҳбатдошимиз Муқаддамхон ая Душанбе шаҳрининг марказида жойлашган Жомеъ масжиди яқинида яшайди.

Суҳбатдошимиз бундан тахминан икки - уч йил аввал калта иштон кийган, соқол қўйган, аммо бошяланг эркакларнинг масжидга қатнашларини кўриб ҳайрон бўлганини айтади.

Одамлар оғзидан булар салафий экани ва улар ҳанафий мазҳабига эргашувчиларнинг намозларидан нуқсон излашларини эшитган онахон Олий суд қарорини олқишлайди.

- Болаларимиз ҳам шуларнинг йўлига кирармикин, деб хавотирда эдим. Ҳукуматимиз салафийларни таъқиқлаганидан хурсандмиз.

Ўзимиз, болаларимиз тинч. Ҳукумат бундан кейин ҳам шундай яхши қарорларни қабул қилаверсин, дейди Муқаддамхон.

Абдураҳим исмли суҳбатдошимиз эса салафийлар республикадаги барча масжидларида ҳанафийлар билан бир қаторда намоз ўқиб, уларга намозлари Ислом қоидаларига тўғри келмаслигини айтиб келгани ва натижада оғзаки баҳслар муштлашувларга айланганини эслайди.

- Буларнинг асосий мақсадлари Ислом динини бузиш, мусулмонлар орасида низо тарқатиш бўлган.

Улар кўпинча ёшларимизни ўз таъсирига киритиш билан машғул эдилар. Чунки ёшларимизнинг аксарияти Ислом дини бўйича етарли билимга эга эмаслар, Салафийлар эса бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишарди, дейди Абдураҳим.

Аммо суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги ҳукумат масъуллари аввалги йилларда кўпинча салафийларга минбар бериб келганини ҳам эслатиб ўтдилар.

Бундай фикр билдирган суҳбатдошларимизнинг айримлари салафийлар оқими таъқиқланганига қарамай, Тожикистондаги дин эркинлиги вазияти Ўзбекистонга нисбатан яхшироқ эканини эътироф этадилар.

-Ўзбекистонда тез-тез бўлиб тураман. Кўп бўлмаса-да бир оз бу мамлакат сиёсатидан хабардорман.

Ўзбекистонда ҳар қандай бегона дин, мазҳаб ёки оқимларга умуман минбар берилмайди. Сал изи сезилса¸ олиб бориб қамаб қўяди.

Бизда аввал эркинлик берилади, кейин халқ орасида тарқалган турли миш-мишларга асосланган ҳолда таъқиқлаб қўяди, дейди Насибахон исмли суҳбатдошимиз.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти тарқатган маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда диний эғтиқоди учун 7 минг киши озодликдан маҳрум этилган. Тожикистонда эса бу борада аниқ маълумотлар мавжуд эмас
XS
SM
MD
LG