Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:11

Парижер: "Мен жим ўтирмайман!"


Бундан аввал ҳам Озодлик радиосига бир неча бор мурожаат қилган Парижер¸ ўз вазиятининг ëмонлашаëтганидан шикоят қилмоқда.
Бундан аввал ҳам Озодлик радиосига бир неча бор мурожаат қилган Парижер¸ ўз вазиятининг ëмонлашаëтганидан шикоят қилмоқда.

Бекободдаги қамоқхонада сақланаётган Россия ва Исроилнинг қўшфуқароси Валерий Парижер аҳволидан шикоят қилиб¸ Ўзбекистон президентига очиқ хат йўллади.

Хат муаллифи ўзига нисбатан ноҳақлик мисолида Ўзбекистон қамоқларидаги аянчли вазият ҳақида Ўзбекистон раҳбарини хабардор қилганини айтди Озодлик радиоси билан суҳбатда.

“Мен Россия фуқароси Парижер Валерий Семёнович Ўзбекистон президенти Ислом Абуғаниевич Каримовга мурожаат қилмоқчиман.

Жаноб президент, нега генерал Иноятов, генерал Қодиров ва генерал Матлюбов сизнинг номингизни рўкач қилиб, фашист ва одамхўрлар сингари ҳаракат қиляпти?

Ўзбекистон лагерларининг бошлиғи Шодиев Швейцарияда қилган чиқишида, ўзбек қамоқларида инсон ҳуқуқларига риоя қилинаётгани ҳақидаги ёлғонни бутун дунёга тарқатди. Бу фашистлар одамларни ўлдирмоқда, қийноққа солмоқда.

Лагерларда махбуслар қўлларини нажас тўлдирилган бочкаларга солишга мажбурланади ва шу тарзда хўрланади. Ундан кейин тўқмоқлар билан калтакланиб, мадҳияни айтишга мажбурланади. Бу генераллар яқинда маҳбуслар қонига ғарқ бўлади.

Улар ёлғонларни рўкач қилиб, барча халқаро келишувларни бузмоқда. Улар нафақт Ўзбекистон фуқаролари балки хориж фуқароларини ҳам хўрлаяпти.

Мен ҳеч қачон Ўзбекистон фуқароси бўлмаганман. Лекин ёлғон ҳужжат ва далиллар билан олти йилдан бери қамоқдаман. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати оилам аъзолари ёнига қандайдир араб миллатидаги кишиларни юборган. Бу араблар оиламга таҳдид қилиб, менинг жим ўтиришимни талаб қилишган.

Менинг ўзимни икки марта ўлдирмоқчи бўлишди. Менга ҳозир ҳам доимий равишда таҳдид қилишмоқда. Мен бу таҳдидлардан қўрқмайман. Мен Россия фуқаросиман ва жим ўтирмайман.

Ўзбекистон қамоқхоналарида газ камералари ва печларни қўйиб, уларни Освенциум ва мэдхаузен, деб номлаш керак. У ердаги вазият аллақачон фашист концлагерларидан фарқ қилмай қўйган”, деб ўқиб берди Парижер президент Каримовга йўллаган очиқ хатидан.

Эслатиб ўтамиз, Бекободдаги УЯ 64/21 колониясида қамоқ жазосини ўтаётган Россия ва Исроилнинг қўшфуқароси бўлган Валирей Парижер ўзининг айтиши бўйича 2000 йилда Ўзбекистонга шартнома асосида келган.

Уни Тошкентдаги лок бўёқ заводига бош директор ўринбосари лавозимида ишлаш учун корхонанинг ўша пайтдаги хўжайини, Ўзбекистонда криминал авторитетлардан бири, деб танилган Ғофур Раҳимов таклиф қилган.

Парижернинг гапига кўра, икки йил ишлаганидан кейин Ғофур Раҳимовга тегишли ширкатлардан бири билан келиша олмай, ишдан кетмоқчи бўлганида уни қамоққа олишган ва саргузаштлари ўшанда бошланган.

Ўтган йилнинг ноябрида Валерий Парижер Россия ва Исроил матбуотида баъзи шов-шувли маълумотларни эълон қилганидан кейин у билан суҳбатлашган эдик.

Унинг айтишича, айнан Озодлик радиосида берилган иккита лавҳадан кейин унинг Исроилда яшаётган оила-аъзолари ёнига араб миллатига мансуб бир гуруҳ одам келиб, Парижернинг ортиқча гапирмаслигини талаб қилишган.

- Улар сиз билан суҳбатлашганимдан кейин оила аъзоларимга таҳдид қила бошладилар. Мендан жим ўтиришимни, ҳеч қаерга шикоят қилмаслигимни талаб қилишяпти, дейди Бекобод қамоғининг маҳбуси.

Унинг таъкидича, унинг ихтиёрида Андижон воқеаларига оид сирлар бор ва бу маълумотларни Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматига бермоқчи бўлган, лекин унга ҳеч ким қулоқ солмаган.

Айнан шу сабабдан, деб иддао қилади Парижер, унинг қамоқда қолишида нафақат собиқ рақиблари бўлмиш криминал авторитетлар¸ балки Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти ҳам манфаатордир.

Бу иддаоларни Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматидан тасдиқлаш ёки инкор қилишнинг иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG