Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:17

"Муҳими рақам эмас... "


Мустақил кузатувчиларга кўра¸ агар Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджетининг кирим ва чиқим қисмига оид рақамларни элга ошкор қилса¸ шунча олтинимиз¸ газимиз¸ пахтамиз¸ ипагимиз қайдан келиб¸ қайга кетади¸ деган ҳукумат учун нохуш саволлар туғилиши аниқ.
Мустақил кузатувчиларга кўра¸ агар Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджетининг кирим ва чиқим қисмига оид рақамларни элга ошкор қилса¸ шунча олтинимиз¸ газимиз¸ пахтамиз¸ ипагимиз қайдан келиб¸ қайга кетади¸ деган ҳукумат учун нохуш саволлар туғилиши аниқ.

Жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодидаги муҳим жараëнларга бағишланган дастуримизнинг янги йилдаги биринчи сони учун 2009 йилги Ўзбекистон давлат бюджетини мавзу этиб танладик.

Ўзбекистон давлат бюджети ёпиқ мавзу ва бюджет ўзи нима, уни нима билан ейиш керагу, неча пул туради, деган саволлар мустақилликнинг 18 йили давомида соҳадан йироқ оддий ўзбекистонликларни ўйлантиравериб, зериктириб юборган бўлса ҳам керак.

Бугунги дастуримизни тайёрлашни Ўзбекистоннинг 2009 йил учун давлат бюджетига оид хабарларни кўздан кечиришдан бошладик.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги интернет саҳифасидан биттагина, 4 декабр куни Олий мажлис Сенатининг давлат бюджетини кўриб чиқишни бошлагани ҳақидаги хабарни топа олдик¸ холос.

Бюджетга алоқадор расмий идоралар ҳам мавзу хусусида гапиришни исташмади. Биз ҳам гапириб беринг¸ деб туриб олмадик.

Чунки мавзудан яхши хабардор суҳбатдошларимиз каби, Ўзбекистонда давлат бюджетининг давлат сири даражасига яқинлашаëзган кенг жамоатчилик учун ёпиқ мавзу эканини биламиз ва уларнинг давлат сирини ошкор қилиб, балога қолишини истамаймиз¸ албатта.

Давлат сири, деганда вазиятни бўрттириб бу атамани кўчма маънода ишлатаётганимиз йўқ. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида давлат бюджетининг давлат сирлари рўйхатига киритилгани рост.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими¸ ҳозирда Олмотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жўраев гапиради.

- Ўзбекистон бюджети ҳамма давлатнинг бюджетига ўхшаб қабул қилинади. Лекин минг афсус¸ 1992 йил май ойида Вазирлар маҳкамасининг қарори чиққан. Бизнинг давлат бюджетимиз махфий ҳужжат ҳисобига киритилган. Шунинг учун унинг кўрсаткичлари ҳеч қаерда очиқ эълон қилинмайди. Бу тўғрисида фақат фоиз ҳисобида гап юритса бўлади¸ дейди Сапарбой Жўраев.

Шу сабабдан, йиллик бюджетнинг давлат сири экани расман айтилмаса-да, ундаги рақамларни матбуотда эълон қилиш у ёқда турсин, бу рақамлардан бюджетни қабул қилаётган Олий мажлис депутатларининг ўзи ҳам бехабардир¸ деб давом этади Молия вазирлигининг собиқ ходими.

- Декабрнинг охирларида бизнинг депутатларимиз уни қабул қилади. Лекин депутатлар миқëсида ҳам фақатгина Ўзбекистон бюджети қабул қилинсин¸ деган кичкинагина қонун чиқади. Унинг батафсил тушим томонлари¸ яъни фойда томонлари¸ чиқим томонларининг ҳаммасининг ëзилгани Вазирлар маҳкамаси қарорида чиқар эди¸ дейди Молия вазирлигининг собиқ ходими.

Сапарбой Жўраевнинг бу фикрларини бундан икки йил аввал, 2007 йилнинг бюджети қабул қилинганида уни ишлаб чиқишда қатнашган Олий мажлис сенатори Абдурашид Олтиев билан бўлиб ўтган суҳбат ҳам тасдиқлайди.

Озодлик: Абдурашид ака¸ мана бу эълон қилинган хабарномада Ўзбекистоннинг 2007 йил учун бюджети умумий миқдорда қанчалиги айтилмаган. Бу йилги бюджет неча пул бўлди?

Абдурашид Олтиев: Бюджет параметрлари Сенатда жуда маъқулланди. Параметрлар¸ макроиқтисодий кўрсаткичлар¸ бюджет солиқ сиëсатининг прогнозлар доирасида даромад қисми ҳам¸ харажат қисми ҳам шаклланган.

Озодлик: Конкрет рақамларда айтадиган бўлсак неча пул бўлди?

Абдурашид Олтиев: Рақамлар муҳиммаску энди. Сизга асосий йўналишлари керакку.

Озодлик: Мен Ўзбекистоннинг 2007 йилга мўлжалланган бюджетига неча пул ажратилганини билмоқчиман¸ холос. Дейлик 100 миллиард сўмми¸ 100 триллион сўмми. Тахминан бўлса ҳам конкрет бир рақам борми?

Абдурашид Олтиев: Уни тахминан айтмаймиз. Рақам муҳим нарса эмаску. Аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиши¸ корхоналарнинг молиявий аҳволининг яхшиланиши¸ солиқ сиëсатида............

Мутахассислар¸ Ўзбекистон бюджетини ишлаб чиқиш бошқа давлатларникидан фарқ қилмайди, унинг бошқаларникидан камчилик жойи йўқ, дейди. Молия вазирлигининг собиқ ходими Сапарбой Жўраев гапиради.

- Молия вазирлиги¸ Солиқ қўмитаси¸ Иқтисодиëт вазирликлари бюджет бўйича жаҳонда нима иш қилиниши керак бўлса¸ ҳаммасини қилишади. Яъни солиқларни ҳисоблайди¸ уларни бошқариш жараëни¸ жойларга етказиш жараëни¸ ҳаммаси ҳисобланади¸ дейди Сапарбой Жўраев.

Давлат бюджети сир сақланса-да, мутахассислар мамлакат ички ялпи маҳсулот ҳажми ва бошқа омиллардан келиб чиқиб, тахминий рақамларни чиқариб беради. Хусусан¸ АҚШ Марказий разведка хизмати ҳисоб- китобларига кўра, Ўзбекистон бюджетининг кирим қисми тахминан 6,3 миллиард, чиқими эса 6¸5 миллиард долларни ташкил қилади.

Қиёслаш учун, аҳолиси деярли икки баробар камроқ (тахминан 15,3 миллион киши) бўлган Қозоғистон бюджетининг кирим ва чиқим қисми қарийб уч ярим баробар кўпроқдир (25 миллиард АҚШ доллари).

Лекин, дейди Ўзбекистонлик иқтисодий шарҳловчи Дмитрий Поваров, бюджетни самарали сарфлаш жиҳатидан Ўзбекистон дунёдаги кўплаб давлатлардан қолишмайди.

- Ҳамма мамлакатлар қатори бизнинг бюджетимиз ҳам ижтимоий соҳага йўналтирилган, дейилади одатда. Лекин Ўзбекистоннинг¸ ўз бюджети ихтиёридаги чекланган маблағлар билан яхшими-ёмонми ижтимоий тизимни издан чиқиб кетишдан сақлаб қолаётгани кўп нарсани англатади.

Бюджет мамлакат молиявий тизими таназзулга учрашининг олдини олишга қаратилган бир воситадир. Менимча, Ўзбекистон ҳозирча бу воситадан самарали фойдаланмоқда, дейди Поваров.

Хўш, Ўзбекистон давлат бюджети бошқаларникидан қолишмас экан¸ нега энди ўзбекистонликларнинг асосий қисми ўзлари тўлаётган солиқлардан ташкил топадиган бюджетнинг қанчалигини билмасликлари керак?

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Абдувоҳид Паттаев гапиради.

- Бу Ўзбекистон ҳукуматининг ўзининг сиëсати. Менинг фикримча¸ эълон қилинса яхши бўлади. Халқ билиб турса яхши бўлади. Масалан валюта жамғармаси¸ олтин жамғармаси ва бошқа жамғармалар халққа етказиб турилса¸ халқнинг ҳукуматга нисбатан ишончи кўпаяди.

Масалан¸ Россияда олтин жамғармаси 1 миллиардга кўпайди ëки озайди деб деярли ҳар кун эълон қилинади. Кўрсаткичларни халқ билиб турса¸ ҳукуматнинг қилаëтган ишини кўриб туради ва унга баҳо бериб туради¸ дейди Абдувоҳид Паттаев.

Сапарбой Жўраев фикрича эса, давлат бюджетини сир сақлашда ҳам ўзига яраша сир-асрор бор.

- Ўша пайтда (1992 йили -таҳ.) бизнинг давлатимиз раҳбари бир фикрни айтди. Мен ҳозир уни балки сал ўзгартирарман: Ўзбекистоннинг ўтиш давридаги иқтисодиëти ката бир фирманинг иқтисодиëтига ўхшаган. Америка ва Ғарбдаги фирмаларнинг ҳам махфий ишлари бўлади. деган тушунча берилган.

Бу юрт учун айтилган гап. Бу бугунги кун учун бизнинг раҳбарларимиз бюджетдан кетаëтган чиқим томонларини марказлаштирилган ҳолда ўзлари хоҳлаганча ўзгартириш учун уни махфий қилиб турибди.

Уни агар депутатларимиз ва халқимиз очиқ таҳлилга солса¸ “Бизда бу бўлмаяпти¸ у бўлмаяпти¸ пенсияни кўтаришимиз керак” деб айтиши мумкин ва саволлар туғилиб қолиши мумкин. Йўқ нарсага ҳеч кимда савол ҳам бўлмайди¸ дейди Сапарбой Жўраев.

Ҳар бир давлатнинг бюджети унинг одатда ички ялпи маҳсулотининг чораги ёки камида бешдан бир қисмига тенг бўлади.

Ўзбекистон ички ялпи маҳсулоти эса¸ АҚШ Марказий разведка бошқармасига кўра, тахминан 22 ярим миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Суҳбатимиз бошида айтганимиз, ўзбекистонликларни қийнаб, чарчатиб юборган саволларга шунча олтинимиз, пахтамиз, газу нефтимиздан тушадиган пуллар қаерга кетаяпти, деган ўй-хаёллар сабаб бўлса ажабмас.

Ўзбекистон четга сотадиган бу маҳсулотлардан қанча даромад олиши ҳам сир сақланишини айтиб ўтиш жойиз. Бу ҳақда энди кейинги дастурларимизда гаплашамиз.
XS
SM
MD
LG